Теннис оламида можаро. Ўзбекистонлик Денис Истомин нега бош “айбдор” Жоковични қўлламоқда?
Коронавирус барча соҳалар сингари теннисга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Яқинда жаҳоннинг энг машҳур теннисчиларидан бири Новак Жокович теннис мавсумини қайта тикланиши бўйича ўз фикрларини билдириб, спортчиларни коронавирусдан мажбурий эмлашга қарши эканини қатъий тарзда эълон қилди.
Унинг қарашлари теннис оламида ўзига хос шов-шув кўтарди. Айрим спортчилар ва мутахассисларнинг кучли эътирозига сабаб бўлди. Вирусологлар эса Жоковични тилга эрк бермасликка чақирди.
Ўзбекистоннинг энг кучли теннисчиси Денис Истомин ҳам коронавируснинг теннисга таъсири ҳақида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Денис Истомин нега Новак Жоковични қўлламоқда?
Ўзбекистонлик ракетка устасининг мажбурий вакцинацияга муносабати Новак Жоковичники билан бир хил бўлиб чиқди.
-Майли мени ҳам танқид қилишсин. Мен Новакнинг фикрига тўла қўшиламан. Вакцинацияни мажбурий қилиш нотўғри. Коронавирусга қарши вакцинациядан ўтиш масаласида ҳар ким ўзи қарор қилиши керак, - дейди Истомин.
Ёмонига тайёр туриш керак
АТР турнирлари қачон қайта тикланиши бўйича ўз фикрини билдирган ҳамюртимиз айрим муаммоларни тилга олди.
- Ўйлайманки, кейинги икки йил жуда қийин бўлади. Албатта, вазият ўнгланишидан умидвормиз, лекин энг ёмонига ҳам тайёр туриш керак. Чунки дунё бўйлаб пандемия давом этмоқда. Соғлиқ эса ҳамма нарсадан устун, - деди ўзбекистонлик теннисчи.
Истоминга ёққан таклиф
Доминик Тим ва Маттео Берреттини каби теннисчилар бадавлат ракетка усталари ёрдамида махсус фонд ташкил қилиб, у орқали рейтинги паст теннисчиларга моддий ёрдам берилиши ҳақидаги таклифини маъқуллади.
- Бу зўр ғоя. Ҳозир ҳаммага, айниқса рейтинги паст теннисчиларга жуда қийин. Улар ўйнай олмаяпти ва пул топа олмаяпти. Кўпчилик теннисдан кетишни ўйлаб қолди. Жамғарма масаласи ихтиёрий бўлиши керак. Ҳар ким кимга ва қандай ёрдам қилишини ўзи ҳал этиши керак, - деди Денис Истомин.
Барча спорт мусобақалари каби пандемия туфайли тўхтатиб қўйилган теннис мусобақалари куз ойларидан қайта тикланиши режалаштирилмоқда.
Фикрлар