Терма жамоада "иккинчи Жепаров" сифатида ҳеч кимни айта олмайман, немис клуби эса "Пахтакор"га таклиф тайёрлаганди, бироқ... - мураббийга айланган Сервер Жепаров билан суҳбат

Ўзбек футболининг ёрқин юлдузларидан бири бўлган Сервер Жепаров мураббийлик ҳаётига қадам қўйганидан кейин бироз четга чиқиб қолгандек туюлмоқда. Чунки у бу касбга энди киришди ва тажрибали мураббий бўлиб етишиши учун ҳали кўп йўлни босиб ўтишига тўғри келади.

Лекин унда футболчилик фаолияти орқали катта тажриба тўпланган. Шу боис илгари доим ҳамманинг диққат-марказида бўларди. Ишонамизки, у ўзининг бой тажрибаси билан ўзбек футболига яна фойда келтиришда давом этади. Фақат бунинг учун мураббий ролидаги Жепаровга кўникишимиз керак.

Унинг футболчилик фаолияти эса ҳавас қилса арзигулик даражада кечди. Ахир Осиёнинг икки карра энг яхши ўйинчиси бўлгани фикримизни яққол исботлаб турибди. Фақат унинг ўйнаган клублари ўзимизнинг қитъа билан чегараланиб қолди. Ҳолбуки, Серверда Европада ҳам тўп суришга салоҳияти етарди. Sports.uz мухбири эса юқоридаги фикр ва мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда унга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди. 

-  Мураббийликка ўтганингиздан кейин ҳаётингизда қандай ўзгаришлар бўляпти? Эндиликда ўзингизни тўлиқ мураббийман, деб ҳисоблаяпсизми?

-  Бу мен учун ҳаётимнинг буткул янги босқичи. Мен  иложи борича ушбу босқичга тезроқ киришиб кетишга ҳаракат қиляпман. Мақсадим – имкон қадар тезроқ тажрибали мутахассис даражасига етишишдан иборат.

-  Биламизки, фаолиятингиз давомида кўплаб мураббийларни кўргансиз. Айтинг-чи, сизга қайси мутахассиснинг иш услуби кўпроқ ёққан ва кимдан нимани ўргангансиз?

-  Сиз мутлақо ҳақсиз. Футболчилик фаолиятим давомида менда чиндан ҳам кўплаб мураббийлар бўлган. Уларнинг ҳар бири фаолиятимга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаган. Мен мана шундай мутахассислар билан ишлаш асносида уларнинг ўйин фалсафаларини, ғояларини ва қарашларидан энг яхшиларини ўзлаштиришга ҳаракат қилганман. Албатта, ўзимга устозлик қилган мураббийлардан алоҳида кимнидир ажратиб кўрсатишим мушкул. Масалан, мен жаҳон футболида кўзга кўринган метрлардан бири сифатида тилга олинадиган Луис Фелипе Сколари қўл остида ҳам тўп сурганман. Шунингдек, “Сеул”да ўйнаб юрган кезларимда Вингада билан бирга ишладим ва Саудия Арабистонида тўп сурганимда Мишель Прюдомни ҳам айтишим мумкин. Кўплаб мураббийлар бўлган, шу жумладан, миллий терма жамоада тўп суриб юрган кезларимда ҳам. Уларнинг ҳар бири ўз ишининг ҳақиқий устаси ҳисобланиб, мен кўп нарсаларни ўрганганман.

жепаров3_1

-  Футболчилик пайтида доим ҳамманинг эътиборида бўлардингиз. Мураббийга айлангач, ўзингизни бироз четга чиқиб қолгандек ҳис қилмаяпсизми? 

-  Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай футболчи олдига юксак мақсадларни қўяди. Мен ҳам бундай мақсаддан мустасно бўлмаганман. Қаерда ўйнамай, жамоавий вазифалардан ташқари ўз олдимга индивидуал даражада янада яхшироқ бўлишим кераклиги юзасидан мақсадларни қўйишга одатлангандим. Энди мураббийлик фаолиятим чоғида ҳам шундай.  Мураббий сифатида ҳам, менинг муҳим вазифаларим бор.

-  Сервер, миллий терма жамоада ворисингиз, деб кимни айта оласиз?

-  Нокамтарликка йўймангу, ҳозир “иккинчи Жепаров” сифатида кўрсатилиши мумкин бўлган бирор-бир ўйинчини айта олмайман.

-  Ҳозир ўсмирлар термасини бошқаряпсиз ҳамда миллий термада Вадим Абрамовга ёрдам беряпсиз. Мураббийликни бирданига терма жамоаларда бошлашингиз оғирлик қилмаяптими?

-  Ҳақиқатан мен мураббийлик фаолиятимни болалар-ўсмирлар футболидан бошладим. Ҳар бир мутахассис мана шундай босқичдан ўтмоғи керак, деган тўхтамда эканлигимни айтсам тўғри бўларди. Миллий терма жамоани бошқариб келаётган Вадим Абрамовга ёрдамлашаётганим эса мен учун ўзига яраша амалиётдан иборатдир. Бундан ташқари, яқинда Қозоннинг “Рубин” клубида ҳам амалиёт ўтаб қайтдим. Бу эса ўзига хос мактабдир. Таълим олиш учун кишидан ёш танланмайди.

жепаров2_1

-  Сиз икки карра Осиёнинг энг яхши футболчиси бўлгансиз. Аммо Осиёдан ташқари Европа майдонларида ҳам тўп суришингизни кутгандик. Нега бу амалга ошмаган? Сизга бу борада аниқ таклифлар бўлганми, аслида?!

-  2005 йили “Пахтакор”да ўйнаб юрган кезларимда Германиянинг “Айнтрахт” (Франкфурт) клубида кўрикдан ўтиб қайтганман. Ёдингизда бўлса, ўша пайтларда миллий терма жамоамизни германиялик мутахассис бошқарган (Гёдени назарда тутяпти – муаллиф). Ўшанда Германияда икки ҳафталик ўқув-машғулот йиғини ташкил қилинган, айнан ўша мураббий мени “Айнтрахт”дагиларга тавсия қилганди. Ўз навбатида, франкфуртликлар мени сотиб олиш учун “Пахтакор”га таклиф тайёрлашга тушгандилар. Шу боис менда 25 ёшимда фаолиятимни Ғарбда – Германияда давом эттириш имконияти юзага келганди. Уларда осиёлик футболчиларга қизиқиш бўлган. Агар яхши эсласангиз, бу пайтга келиб “Айнтрахт”да жанубий кореялик Ча Ду Ри ўйнарди. Аммо бахтга қарши менинг трансферим амалга ошмай қолган. Ваҳоланки, немисларда осиёлик бўлган яна бир футболчи учун қизиқиш юқори даражада эди.

-  Шунингдек, фаолиятингиз давомида ўзингиз учун унутилмас бўлиб қолган учта ўйинни айтиб бера оласизми?

-  Ўйинчилик фаолиятимдаги энг яхши учта учрашув... Мен фақат иккитасини айтишим мумкин. Бу беллашувлар жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш учун ўтказилган эди. Бундан ташқари, фаолиятим давомида муҳимлик даражаси жуда юқори бўлган учрашувлар ҳам бўлган: чемпионлик ёки миллий Кубок масаласи ҳал қилинганлари. Биз албатта бугунги миллий терма жамога ҳам ишонамиз. Умид қиламизки, Вадим Абрамов бошчилигидаги терма жамоа ниҳоят жаҳон чемпиони йўлланмаси масаласини ижобий ҳал эта олади.

жепаров4

-  Одил Аҳмедовнинг ҳам ёши ўтиб боряпти. Термамизнинг янги юлдузи, деб кимни айта оласиз?

-  Менинг назаримда айни чоғда алоҳида ўйинчини кўрсатиб ўтишим амримаҳол. Чунки бизда янги-янги ёш футболчилар авлоди аста-секинлик билан шаклланиб бормоқда. Ўз навбатида, бу ўйинчилар тажрибаларини ва маҳоратларини ошириб борган ҳолда барчамизнинг кўзимизни қувонтирадиган даражада тўп суришга муваффақ бўладилар. Фақат шундан кейингина уларни олдинги авлод футболчиларидан бу фалончи ўйинчига, униси эса пистончига ўхшаб кетади, дея таққослаш мумкин бўлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!