
Ҳусанов ўйнаган учрашувда суперрекорд ўрнатилди
Ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг аксарияти мухлислик қилаётган “Манчестер Сити” Англия Премьер-лигасининг янги мавсумини муваффақиятли бошлаб олди.
Хосеп Гвардиола шогирдлари биринчи турда “Вулверхэмптон” меҳмони бўлиб, “бўрилар” дарвозасини жавобсиз тўрт маротаба ишғол қилди. Абдуқодир Ҳусанов шу куни 83-дақиқада майдонга тушиб, “шаҳарликлар”га дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолишга ёрдам берди.
“Вулверхэмптон” ва “Манчестер Сити” учрашувида айрим эътиборга молик кўрсаткичлар ва рекордлар қайд этилди. Sports.uz портали ўйинга оид қизиқарли маълумотларни мухлислар эътиборига ҳавола этади.
Холанд – тарихий рекорд ўрнатди
“Манчестер Сити”нинг норвегиялик легионери Эрлинг Холанд “Вулверхэмптон” билан учрашувда рақиб дарвозасини икки маротаба ишғол қилиб, 4:0 ҳисобидаги ғалабага муносиб ҳисса қўшди.
Холанднинг биринчи голи 25 ёшли ҳужумчи учун “Манчестер Сити” таркибига қўшилганидан бери киритган 125-тўп сифатида қайд этилди. Бу кўрсаткичга эришиш учун Эрлинг “шаҳарликлар” сафида 147 та учрашувда иштирок этиши кифоя қилди.
Аввалги рекорд клуб афсонаси Серхио Агуэрога тегишли бўлиб, аргентиналик юлдуз 125 та голни жами 189 та учрашувда киритган эди.
Илгари Норвегия, Австрия ва Германия чемпионатларида ўйнаган Эрлинг Холанд “Манчестер Сити”2022 йили олиб келинган эди. Айни пайтда унинг манчестерликлар сафидаги статистикаси 147 та учрашувда 126 та гол ва 21 та ассистни кўрсатмоқда.
Холанд ҳар мавсумнинг илк учрашувида шу ишни уддалаяпти
Эрлинг Холанд Англия Премьер-лигасининг биринчи турида “Вулверхэмптон” дарвозасини икки бор ишғол қилиб, жамоасининг 4:0 ҳисобидаги ғалабасига катта ҳисса қўшиш баробарида тўпурарлик кўрсаткичларини ҳам яхшилаб бормоқда.
Манчестерликлар Холандни 2022 йилнинг ёзида “Боруссия Дортмунд”дан 60 миллион еврога трансфер қилган эди.
Норвегиялик футболчи “Манчестер Сити”га кўчиб ўтганидан бери ҳар мавсум биринчи турда гол уряпти. Хусусан, Холанд Англия чемпионатидаги биринчи учрашувини 2022 йили ўтказган ва “Вест Хэм” майдонидаги баҳсда мезбонлар дарвозасига иккита тўп киритган.
Бир йилдан кейин Эрлинг “Бёрнли” мезбонлик қилган илк турда ҳам шу жамоа дарвозабонини икки бор ожиз қолдирди.
Ўтган мавсумнинг очилиш ўйинида Хосеп Гвардиола шогирдлари “Челси” уйидан ғалаба билан қайтди ва шу баҳсда ҳам ҳисобни Холанд очди.
Мана “Вулверхэмптон” билан учрашувда иккита гол урган Холанд қаторасига тўрт йилдан бери биринчи турда ўз номини таблога ёздириб қўймоқда. Қизиқ томони, шулардан учтасида норвегиялик тўпурар дубль қайд этган.
Рейндерс илк учрашувда номини тарихга ёзди
“Манчестер Сити”нинг янги ўйинчиларидан Тижани Рейндерс Англия Премьер-лигасидаги дебют учрашувидаёқ ўз номини футбол тарихига ёздириб қўйди.
Нидерландиялик ярим ҳимоячи “Вулверхэпмтон” билан бўлган баҳсда биттадан гол ва ассист билан 4:0 ҳисобидаги ғалабага катта ҳисса қўшди.
27 ёшли марказий ярим ҳимоячи шу пайтгача “Манчестер Сити” тарихида фақат бир ўйинчи эришган натижани такрорлади.
Гап шундаки, шу пайтга қадар фақат аргентиналик собиқ ҳужумчи Серхио Агуэро клуб тарихида дебют учрашувида ҳам гол урган, ҳам самарали пас узатган ягона футболчи ҳисобланарди. Агуэронинг бу кўрсаткични 2011 йили қайд этган.
Мана орадан 14 йил ўтиб, Тижани Рейндерс АПЛдаги фаолиятида гол ва ассист билан бошлади.
“Манчестер Сити” иккинчи турни 23 август куни ўз майдонида ўтказади. Хосеп Гвардиола шогирдлари навбатдаги учрашувда кучли рақиб – “Тоттенхэм” билан куч синашади.
Комментарии