Терма жамоамиз дарвозабони 8:0 ҳисобидаги ғалабадан кейин: "Заиф жойимиз жисмоний ҳолатимиз эди, испаниялик мураббий қўшилгани фойдали бўлди"

Қувайтда футзал бўйича Осиё Кубоги баҳслари бошланди. Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада “В” гуруҳидан жой олган. Вакилларимиз дастлабки турда Туркманистонни 8:0 ҳисобида тор-мор келтирди. Олдинда бизни Баҳрайн ва Тожикистонга қарши ўйинлар кутмоқда.

Баҳодир Аҳмедов бош мураббийлигидаги терма жамоамиз мазкур қитъа биринчилигида ҳам фаворитлардан бири ҳисобланади. Таркиб ҳам муносиб футзалчилардан ташкил топган. Муҳими, терма жамоамиз илк ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаган ҳолда ўта йирик ғалабани таъминлай олди. Асосий дарвозабон сифатида яна Равшан Элибоевга ишонч билдирилмоқда. Туркманистонга қарши учрашувда ҳам у бошланғич таркибдан жой олди. Қозоғистон чемпионатида фаолиятини давом эттирган ҳолда тажрибасини янада ошираётган футзалчимизнинг маҳорати терма жамоамизга ҳам асқотмоқда.

Туркманистон терма жамоасига қарши учрашувдан кейин Равшан Элибоев Sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

- Осиё Кубогидаги илк учрашувда қўлга киритилган ғалаба билан табриклайман. Дастлабки ўйиндаёқ 8 та гол урдик. Рақиб бизга муносиб эмасмиди, фикрингиз қандай?

- Ассалому алайкум! Табрик учун раҳмат. Бугунги ғалабамизни бутун Ўзбекистон футзал мухлисларига бағишлаймиз. Ушбу Осиё ўйинларига йиғилган 16 та жамоани бирортасини кучсиз деб ўйламайман. Мазкур натижага келсам, биз ўйинни бошидан назоратни ўз қўлимизага олдик ва яратилган вазиятлардан максимал даражада фойдаландик. Натижада йирик ҳисобда ғалаба қозондик.

элибоев1

- Шахсан сиз 8:0 бўлишини кутганмидингиз?

- Тўғрисини айтсам, ич-ичимдан шундай натижани қўлга киритишимизга ишонгандим. Амалда шундай бўлиб чиқди.

- Гуруҳда биз учун асосий рақобатчи ким деб ўйлайсиз?

- Бизга уччала жамоа ҳам бир хил рақиб деб ўйлайман. Чунки уч жамоани ўйин услуби бир-бирига ўхшайди.

- Кўряпмизки яна асосий таркибдасиз ва мураббийлар сизга ишонч билдиришяпти. Рақобатда Рустам Умаровни ютдим, деб айта оласизми?

- Рустам Умаров жуда тажрибали дарвазабон. Биз доимо соғлом рақобатдамиз. Мураббийимиз дарвозани кимга ишониб топширса, вазифамизга максимал даражада ёндашиб, юртимиз шарафини муносиб қўриқлашга ҳаракат қиламиз.

элибоев5

- Асосий вазифа Осиё Кубогини ютиш. Бунга жамоа тўлиқ тайёрми?

- Осиё чемпионатидан олдин, заиф жойимиз - бу жисмоний ҳолатимиз эди. Бизга олдиндан таниш бўлган, жисмоний тайёргарлик бўйича испаниялик мутахассис Аркадий Чувас келиб қўшилганлиги жамоамиз учун фойда бўлди ва биз бу Осиё ўйинларига 100% руҳан ва жисмонан тайёрмиз, деб айтсам бўлади.

- Энди Эронни ютиш вақтимиз келдими?

- Бизнинг мақсадимиз битта - бу Осиё ўйинларида ғалаба қозониш. Рақиб Эрон бўладими ёки бошқа жамоами, насиб бўлса, мақсадимизга эришиш учун боримизни берамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!