Терма жамоамизни Олимпиадага олиб чиқа олмаган Любинко Друлович Сербия билан қандай қилиб мундиалга чиққани ва ўзбек футболидаги асосий муаммо ҳақида нима деганини биласизми?

Яқинда Сербия миллий терма жамоаси орзусига эришиб, 2022 йили Қатар мамлакатида ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди ва бахтли терма жамоалар қаторидан жой олди.

Биз учун қизиғи шундаки, ушбу терма жамоада илгари Ўзбекистон олимпия терма жамоасига устозлик қилган Любинко Друлович ишлаяпти. Шу боис, у ҳам энди бахтли мураббийлардан бирига айланди.

Ёдингизда бўлса, Друлович олимпия терма жамоамиз билан Олимпиада мусобақасига чиқа олмаганди. Аммо энди у Сербия терма жамоаси билан Қатардаги мундиал иштирокчисига айлангани Любинконинг фаолиятида янги саҳифа очиши аниқ. Куни кеча Sports.uz мухбири Друлович билан суҳбатлашди.

- Аввало, сизни ва Сербия терма жамоасини жаҳон чемпионатига чиққанинглар билан табриклайман. Бу ишни қандай уддаладинглар?

- Табригингиз учун каттакон раҳмат. Сербия учун бу ростдан ҳам жуда қадрли ютуқ. Европанинг энг яхши 10 жамоаси орасида жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш албатта биз учун ўта муҳим ғалаба ҳисобланади. Биз биринчи ўйиндан то охиргисигача ўзимизнинг энг кучли тарафларимизни намойиш этишга ҳаракат қилдик. Айниқса, Лиссабонда Португалияга қарши сўнгги беллашувда жамоамиз ўзининг энг чиройли ўйинларидан бирини намойиш эта олди ва тарихга кирди.

друлович2

- Сербия терма жамоасида қачондан иш бошладингиз ва у ердаги асосий вазифангиз нимадан иборат?

- Мен Сербия миллий терма жамоасидаги ишимни август ойида бошлаганман. Мени миллий жамоа бош мураббийи – Драган Стойкович ёрдамчи мураббийликка таклиф қилди. Драган Стойкович кўплаб нашрларнинг талқинига кўра, Сербия тарихидаги энг зўр футболчи сифатида қаралади. Мен эса август ойида ушбу таклифни қабул қилганман. Катта мамнуният билан ёрдамчи мураббий сифатида ўз фаолиятимни бошладим.

- Тўғриси, Сербия терма жамоаси бош мураббий масаласида бизда иккита вариант бор эди...

- Бундан олдин ҳам таъкидлаб ўтганимдек, бу миллий терма жамоа тарихидаги энг кучли футболчиларидан бири. Унда доимий тарзда етакчилик хусусияти бор. Унда катта харизма ҳам бор, деб айта оламан. Футболчи бўлган даврида ўзини ҳақиқий сардорлардек тута оларди. Бугунги кунда эса мураббий. Терма жамоанинг ғалабасидаги энг катта ҳисса айнан Драган Стойкович зиммасига тўғри келади, деб ҳисоблайман.

друлович5_1

- Сербия ҳал қилувчи ўйинда Португалияни мағлуб этди. Сиз у ерда кўп йиллар давомида тўп сургансиз ва миллий жамоасини яхши биласиз. Демак, сиз рақибни қандай енгишни билгансиз?!

- Биз жуда яхши ўйин намойиш этдик. Португалия билан баҳсда статистиканинг ҳар бир қисмида рақибдан устун келдик ва ҳақли равишда ғалабага эришдик, деб ўйлайман. 14 ноябрь Сербия футболи тарихига катта, олтин ҳарфлар билан ёзиб қолдириладиган бўлди.

- Сербия президенти терма жамоанинг жаҳон чемпионатига чиққани муносабати билан футболчиларга бир миллион евродан бонус берибди. Аммо ўйинчилар бу пулларни касал болаларга берганини эшитдим. Бу ростми ва нима учун?

- Ҳа, айтиб ўтган гапингиз тўғри. Президент жамоа аъзоларига катта совғаларни тақдим этди. Лекин футболчилар ушбу маблағни тўлиқлигича Сербиянинг касалхоналарида ётган болаларга сарфлашни, хайрия қилишни афзал кўришди. Ўйлайманки, бу миллий жамоа ҳисобидан ушбу болажонларга катта совға ва хайрия бўлди.

друлович4

- Сиз бизга ҳам жаҳон чемпионатига қандай боришни ўргатинг! Чунки Ўзбекистонга бу борада сира омад кулиб боқмаяпти. Бу вазиятда нима деб ўйлайсиз?

- Биласизми, миллий жамоага келганимда бу ерда катта ўзгаришлар жараёни бошланганди. Бутун таркиб алмаштириб юборилди. Янги жамоада ажойиб муҳит ҳукмронлик қилмоқда. Шу томонлама жамоада руҳий ва жисмоний жиҳатдан барча курашга тайёр. Шунинг учун ишимизда сифат кўзга ташланмоқда. Айнан мана шу сифатлар сабаб, биз ажойиб натижага эриша олдик.

- Ўзбек футболидаги асосий муаммо сифатида нимани айтган бўлардингиз?

- Мен Ўзбекистонда бир қатор иқтидорли футболчилар борлигини биламан. Олимпия терма жамоасини бошқарган давримдан буён у ерда қандай салоҳиятли футболчилар борлиги ҳақида яхши маълумотга эгаман. Ҳозир ўша футболчиларнинг кўпчилиги асосий жамоада ўйнаяпти. Улар учун мен жуда хурсандман. Улар ўзбек футболининг равнақи учун ўз ҳиссаларини қўша оляпти. Ўзбек футболини ривожлантириш учун менинг назаримда яхлит база – яъни, миллий жамоалар базасини шакллантириш керак. Алоҳида бир спорт маркази қуриш керак, миллий жамоалар учун. Миллат жамоасининг ривожланишида келажакка катта ёрдам берган бўларди. Асосий база мавжуд бўлмас экан, назаримда у қадар катта ўсиш бўлмайди.

друлович3

- Қатардаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик режаси қай тариқа амалга оширилади?

- Энди бизда бир йил жаҳон чемпионатига жиддий тайёргарлик кўриш учун вақт бор. Бунинг учун ўртоқлик ўйинлари, миллатлар лигаси ва назорат ўйинлари орқали имкон қадар тайёрланамиз. Ишонаманки, Қатардаги жаҳон чемпионатига биз ҳақиқий кучли жамоа сифатида катта натижаларни кўзлаб бора оламиз. Ўзбекистондаги барчага саломларимни етказасиз, айниқса, менинг дўстларимга.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Absaxatov dilshodjon
25/11/2021 10:46
Serbiya va durluyivichga qatar2022da omat tilayman uzbekistonga toqat.