Рустамжонов қаҳрамон! Ўзбекистоннинг қийин ғалабаси қандай баҳоланди?
Қатарда 17 ёшгача бўлган футболчилар иштирок этаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли юришини давом эттирадиган бўлди.
Ислом Исмоилов шогирдлари гуруҳ босқичини иккинчи ўринда якунлаганидан кейин плей-оффнинг биринчи учрашувида кучли рақиб – Хорватия билан куч синашишига тўғри келди.
Европа вакили гуруҳ босқичида тартибли, ҳужумкор ва мустаҳкам ҳимояланган ўйини ва футболчиларининг юқори жисмоний тайёргарлиги билан ажралиб турганди.
Ўзбекистон ва Хорватия ўртасидаги баҳсда ҳар икки томон ўзининг устун жиҳатларидан кенгроқ фойдаланишга ҳаракат қилди. Ўйинда ҳисобни очиш ҳамюртларимизга насиб қилган бўлса-да, хорватияликлар ўйин якунланишига ўн дақиқа қолганида мағлубиятдан қутилиб қолди.
Мусобақа қоидасига кўра, ғолиб жамоа пенальтилар сериясида аниқланди. Ўйин якунланишидан аввал Ислом Исмоилов дарвозабонни алиштириб, Иброҳим Шокиров ўрнига Неъматуллоҳ Рустамжоновни майдонга туширди. Бу тактика иш берди ва футболчиларимиз пенальтилар сериясида 4:3 ҳисобида зафар қучди.
Осиё футбол конфедерацияси жаҳон чемпионатида қитъа чемпиони сифатида иштирок этаётган Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ғалабасига муносабат билдирди.
- Ўзбекистон Қатарда давом этаётган жаҳон чемпионати 1/16 финалида Хорватия футболчиларига қарши майдонга тушди. Ҳар икки терма жамоа учрашувни хавфли зарбалар билан бошлади. Рауль Кумарнинг бош билан дарвоза тўғри йўллаган зарбасини Иброҳим Шокиров қайтарди. Абдумалик Анваров йўллаган тўпни қайтариш учун Матей Граховац акробатик ҳаракатларни амалга оширишига тўғри келди.
Ўзбекистон 24-дақиқада Сайфиддин Содиқовнинг ўнг қанотдаги ажойиб ўйини самарасида ҳисобни очди. Содиқов узатган тўпни Садриддин Ҳасанов боши билан дарвоза тўрига жойлади.
Иккинчи бўлимда Асилбек Алиев йўллаган жарима зарбасини рақиб посбони Матей Граховац катта маҳорат билан қайтарди. Устунлигини голга айлантира олмаган ўзбекистонликлар тез орада бунинг жабрини ҳам кўрди.
Хорватия ўйиннинг асосий вақти тугашига ўн дақиқа қолганида ҳисобни тенглаштирди. Шокиров тўпга чиқишда хато қилди, Габриэль Сливак жамоадоши Тино Кусановични пас билан таъминлади ва ҳужумчи гол уриб, ғолиблик масаласини пенальтилар сериясига ўтказди.
Пенальтилар Ўзбекистонга хурсандчилик келтирди. Захирадан майдонга тушган дарвозабон Неъматуллоҳ Рустамжонов қаҳрамонга айланди. Ҳар икки жамоа футболчилари биринчи зарбалардан фойдалана олмади. Рустамжонов серия давомида Кумарнинг зарбасини қайтарган бўлса, Ҳасанов ҳал қилувчи зарбани аниқ йўллади.
Энди Ўзбекистон U-17 терма жамоаси сешанба куни 1/8 финалда Европанинг амалдаги чемпиони Италия терма жамоаси билан ўйнайди, - деб ёзди the-afc.com расмий сайти.



Фикрлар