"Терма жамоани ёшартириш керак" ёхуд Жанубий Кореядаги легионеримизга учта мамлакатдан таклиф бор

Жанубий Кореяда “Чоннам Драгонс” учун тўп суриб келаётган ҳамюртимиз Олег Зотеев жароҳатидан фориғ бўлди ва яна майдонга қайтди. Куни кеча Sports.uz мухбири ушбу легионеримиздан интервью олди.  

- Яна майдонга қайтганингизни эшитиб хурсанд бўлдик. Жароҳат олиб сафдан чиққандингиз. Даволаниш қандай кечди? Ҳозир аҳволингиз яхшими?

- Жароҳат олганимдан кейин икки ойча майдон ташқарисида бўлдим. Даволаниб сафга қайтганимдан сўнг, биринчи ўйинда 10 дақиқа, кейингисида 30 дақиқа тўп сурдим. Энди эса бешта ўйиндирки, 90 дақиқадан ўйнаяпман. Тўғрисини айтишим керак, даволаниш қийинчилик билан ўтди. Гипсда ҳам юрдим. Ҳозир оёғимда бироз оғриқ бор. Шифокорлар оғриқ қолишига озгина вақт кераклигини айтишди.

зотеев9

- Жароҳатингиздан тўлиқ фориғ бўлмаганмидингиз? Оғриқ билан ўйнаётган бўлсангиз, жароҳат яна қайталаниб қолишидан чўчимаяпсизми?

- Йўқ, аксинча, кўпроқ кутадиган бўлсам, оёғимда куч қолмайди. Оғриқ билан ўйнашим керак, шундан кейин ўтиб кетади. Бешта ўйинда ўйнаган бўлсам, 50 фоиздан бошлагандим, ҳозирга келиб 90 фоизга борди, оғриқ қолиши. Буни қўрқинчлик жойи йўқ, жароҳатим деярли битди, ҳаммаси жойида.

- Клубингиздаги ҳаётингиз қандай ўтяпти? Сиз учун барчаси кўнгилдагидекми?

- Клубда ҳаммаси яхши, қониқтиряпти. Кубокда ярим финалга чиқдик. Энди “Ульсан” билан ўйнаймиз. Чемпионатда тўртинчи ўриндамиз, яна бир очко олсак плей-оффда ўйнаймиз. Элита учун курашяпмиз. Менимча, ҳаммаси яхши. Кейинги йили қоламанми-қолмайманми, ҳали билмадим, вақт кўрсатади. Барча эътиборимизни қолган ўйинларга қаратяпман. Терма жамоадан Кореяга қайтганимдан кейин икки ҳафта карантинда ўтирдим. Кейин майдонга қайтибоқ, 5-дақиқада жароҳат олдим ва алмаштирилдим. Икки кундан кейин гипс қилишди. Шунинг учун энди хаёлим бошқа тарафда эди. Қийинчилик билан ўтгани учун кўпинча тезроқ тузалиш ҳақида ўйладим. Сафга қайтишим қийин бўлди. Оилам мен билан бирга бўлгани учун улар менга ёрдам берди.

зотеев

- Миллий терма жамоамиздаги муваффақиятсиз ўйинлардан кейин Кореяга қайтдингиз. Айтинг-чи, ўша ёқимсиз учрашувларни унутиш учун қанча вақт кетди?

- Мана шундай нарсаларни хаёлдан чиқариш қийин. Барибир ҳар куни ўйлайсиз, нима бўлган, нима учун деб таҳлил қилиб ўтирасиз. Нима бўлса ҳам аламли мағлубиятлар ёдда қолади. Барибир олдинга қадам босиш керак. Ҳаёт давом этяпти.

- Янги бош мураббий Сречко Катанец хусусида фикрингизни билмоқчиман. Терма жамоа таркиби ёшартириляпти...

- Ҳозир бир нарса дейиш қийин. Мен ҳали жамоамизнинг ўйинларини кўрганим йўқ. Ноябрда уйга қайтиб, бир-иккита ўйинини кўрсам, кейин фикр билдиришим мумкин. Йигитлар билан гаплашиб тураман. Четдан мураббий келгани ёшларимиз учун жуда яхши. Чунки улар футболчиларимизни европача ўйин услубга ўргатишади.

зотеев7

- Терма жамоамизнинг жаҳон чемпионати учинчи саралаш босқичига чиқа олмагани Жанубий Кореяда қандай қабул қилинди? Масалан, клубингиздагиларнинг муносабати қанақа бўлди?

- Тўғрисини айтсам, менинг жамоам қизиқмади ҳам. Фақат шунчаки сўради, ютқазибсизлар деб. Энди доим клуб ихтиёрида бўлишимни айтишди ва бундан мамнун эканликларини ҳам билдиришди. Умуман олганда эса улар жиддий қизиқишмади. Чунки ҳаммани ўз ташвиши бор. Мен ҳам Кореяда юриб инглиз тилини ўргандим. Анчадан бери ўзбек тилида гаплашмагандим (кулади).

зотеев2

- Демак, жамоадошларингиз билан инглиз тилида гаплашяпсизми ёки корейс тилини ҳам ўргандингизми?

- Жамоамиздаги бразилиялик ва нигериялик ўйинчилар билан инглиз тилида гаплашаман. Корейслар билан таржимон орқали. Ҳа, улар ҳам инглизчани бироз билишади. Ўзим ҳам корейсчани озгина тушунаман. Аммо кўп эмас, салом-алик ва футболдаги терминлар. Асосан инглизчада гаплашаман.

- Жанубий Корея чемпионатини яхши биласиз. Биз улардан нимани ўрганишимиз керак?

- 100 фоиз биламанки, жисмоний тарафдан ютқазяпмиз. Ўйлайманки, шунга жиддий эътибор қаратиш керак. Яна бир томони бор, Корея чемпионатида ўйлашга вақт бермайди. Ўзбекистонда эса ўйлаш учун кўпроқ вақт берилади. Мисол учун, Кореяда шундайки, тўпни қабул қилганингиздан кейин максимум бир-икки сониядаёқ узатишингиз керак. Ўзбекистонда эса 4-5 сония кетади.

зотеев6

- “Чоннам Драгонс” билан келишув қандай? Мавсум тугагач, яна янги ҳамкорлик ўрнатиладими ёки қайтмоқчимисиз?

- Бу саволга ҳозир жавоб бера олмайман. Олдимизда тўртта муҳим ўйинларимиз турибди. Клуб раҳбарлари ҳам, мураббийлар ҳам шунга жиддий эътибор қаратишган. Менимча, яқин бир ой ичида ҳамма нарса ҳал бўлади. Тўғриси, ҳали кейинчалик нима бўлишини ўйламаганман. Ҳозирча бу ерда қолиш ёки қолмаслигим 60х40. Кореяда қолишим 60 фоиз. 40 фоиз балки бошқа мамлакатга кетарман. Ўзбекистонга қайтаманми? Менимча, бу 25 фоиз. Барчасини вақт кўрсатади.

scale_1200

- Сизга яна яхши таклифлар бўляпти экан. Қайси мамлакатлардан чақирув олдингиз?

- Ҳозирданоқ бу хусусида гапирсам нотўғри бўлади. 100 фоиз менга тайёр шартнома жўнатишса, шунда гапиришим мумкин. Ҳа, қизиқишлар бор, ҳозирча кутамиз. Бир ой ичида қўлимга аниқ шартнома келиб тушса, сизга айтаман. Фақат сизга ҳозир шуни айта оламанки, менга учта мамлакатдан таклиф бор. Аммо қайси бири ўхшайди, ҳали билмайман. Бу масала устида оилам билан маслаҳатлашишим керак. Иккита кичкина фарзандларим бор. Дунёда қандай вазият бўлаётганини биляпсиз. Аммо бошқалар жиддий қизиқяпти, бу масалада агентларим ишлашяпти.

- Бундан чиқди, кейинги мавсумларда ҳам ўзингизни яна легионер сифатида кўряпсизми? Кучингиз етадими?

- Худо хоҳласа, жисмоний томондан яна бир-икки йил четда ўйнай олсам керак. Жароҳат олмасам ҳаммаси яхши бўлади. Кореяда ҳам жароҳат бўлмаса ҳамма ўйинларни тўлиқ ўтказяпман.

зотеев3

- Сизни яна легионер сифатида кўришдан мамнун бўламиз. Лекин миллий терма жамоадаги фаолиятимни якунладим, деб айта оласизми ёки яна қайтишга умид қиляпсизми?

- Бу саволга жавоб бериш жуда қийин. Балки мени энди терма жамоага бошқа чақирмаслар, бу ҳаёт. Ёки бўлмаса, кейинги йили янада яхшироқ чемпионатда ўйнаб, жисмоний ҳолатим ҳам жойида бўлса, чақиришлари мумкин. Менинг фикримча, терма жамоани ёшартириш керак.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!