Терма жамоаси ўйинчиси футболдан ҳайдалди. У “Бунёдкор”да ҳам гол урган

Туркманистон миллий терма жамоаси ва “Алтин-Асир” клуби футболчиси Селим Нурмурадов тақиқланган модда – мельдоний истеъмол қилгани учун икки йилга футболдан дисквалификация қилинди.

Бу ҳақда Осиё футбол конфедерациясининг расмий сайти хабар берди.

Четлатиш муддати 2025 йилнинг 17 декабридан, яъни вақтинча дисквалификация ҳақида хабар берилган санадан бошлаб икки йил ҳисобланади.

Нурмурадов ички ва халқаро даражадаги барча футбол ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум. Агар у тақиқланган модда организмига тасодифан тушганини исботласа, дисквалификация муддати қисқартирилиши мумкин.

30 ёшли ярим ҳимоячи Қозоннинг “Рубин” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У турли вақтларда Тошкентнинг “Бунёдкор”, Ливаннинг “Ал-Ахед”, шунингдек Туркманистоннинг “Ахал” ва “Алтин-Асир” жамоаларида тўп сурган. Футболчи миллий терма жамоа сафида 10 та ўйин ўтказган.

Селим Нурмурадов 2020-2021 йиллар давомида “Бунёдкор” сафида жами 18 та учрашув ўтказиб, ўз ҳисобига иккита гол ҳам ёздириб қўйган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!