Тезкор: Отабек Шукуров “Кайсериспор”ни тарк этди ва хориж клубига ўтяпти!

Турк футболини ёритиб келаётган бир неча манбалар ўзбекистонлик легионер Отабек Шукуров “Кайсериспор” клубидан кетишга қарор қилгани ҳақида ахборот тарқата бошлади.

Хусусан, gazeteduvar.com.tr, halktv.com.tr, ntvspor.net каби бир неча интернет порталлари ярим ҳимоячимиз ва “Кайсериспор” муносабатлари ҳақида маълумот берди.

- Туркия Суперлигасида “Кайсериспор” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётган Отабек Шукуров хориждаги бошқа клуб билан дастлабки шартномани имзолади. Бу клуб ўйинчи трансфери учун бадал пули тўлайдиган бўлди. Бу трансфер тез орада расман эълон қилиниши кутилмоқда.

“Кайсериспор” 28 ёшли ўзбек ярим ҳимоячисини ўтган мавсум ўртасида эркин агент сифатида ўз сафига қўшиб олган эди.

“Сариқ-қизиллар” клуб директорлар кенгаши хатти-ҳаракатлари билан янги мавсум олдидан асосий таркиб ўйинчиларини жамоада сақлаб қолган эди. Бироқ раҳбарият Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчиси билан хайрлашишга рози бўлди.

“Қайсериспор”га “Фотиҳ Карагюмрюк” жамоасидан келган ўзбекистонлик ярим ҳимоячи хорижга йўл олади. Бу трансфер клуб ғазнасига маълум миқдорда маблағ келтиради.

Аввалроқ, Отабек Шукуров “Кайсериспор” директорлар кенгашига мурожаат қилиб, унга мунтазам ўйин амалиёти берадиган клубга ўтиш истагини билдирганди. “Кайсериспор” тез орада трансферни расман эълон қилади, - деб ёзди ntvspor.net сайти.

Отабек Шукуров “Машъал” тарбияланувчиси ҳисобланади. Профессионал фаолиятини 2015 йилда бошлаган марказий ярим ҳимоячи Ўзбекистон Суперлигасида муборакликлардан ташқари пойтахтнинг “Бунёдкор” жамоаси шарафини ҳам ҳимоя қилган.

2018 йилнинг январида Отабек Бирлашган Араб Амирликларининг “Шаржа” клубига кўчиб ўтди ва илк бор легионер мақомини олди. Араб амирликларидаги тўрт йиллик фаолиятидан кейин моҳир футболчи Европага йўл олди.

2022 йилнинг июль ойида Туркия Суперлигаси вакили “Фотиҳ Карагюмрюк” уни ўз таркибига қўшиб олди. Отабек таниқли мутахассис – Андреа Пирло қўл остида жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири сифатида тўп тепди. Бироқ мураббий ўзгариши ҳамюртимизнинг  ўйин амалиётига ҳам таъсир қилди. Шукуров ўтган йилнинг охирида жамоаси билан шартномани бекор қилди ва Осиё кубогидан кейин жорий йил бошида “Кайсериспор”га ўтганди.

Юқоридаги маълумотларга қараганда, Отабек Шукуров фаолиятини Туркиядан ташқарида давом эттиради. Бироқ ҳозирча унинг қайси лиганинг қайси жамоасига ўтаётгани сир тутилмоқда.

Отабек Шукуров Ўзбекистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркия чемпионатларидаги клублар миқёсидаги фаолияти давомида жами 272 та учрашувда майдонга тушиб, ўз номига 20 та гол ва 14 та ассист ёздириб қўйган.   

Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сардорларидан бири бўлган тажрибали футболчи халқаро майдонда 69 та беллашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини етти бор аниқ нишонга олган.

“Ланс” бош мураббийи Ҳусановнинг бошқалардан устунлиги нимада эканини айтди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Адхамжон Низомов
01/09/2024 19:37
Популация