Тезкор хабар! “Металлург” Сервер Жепаров билан келишувга эришди

Ўзбек футболининг ёрқин юлдузларидан бири, 9 карра Ўзбекистон чемпиони, Жанубий Корея ва Саудия Арабистони мамлакатлари чемпиони, Осиё қитъасининг 2008 ва 2011 йиллардаги энг яхши футболчиси, Ўзбекистоннинг 2008 ҳамда 2010 йиллардаги энг яхши футболчиси Сервер Жепаров Бекободнинг “Металлург” жамоасида янги мавсум тайёргарлигини бошлади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоасида узоқ йиллар сардорлик қилган, ҳозиргача миллий терма таркибида энг кўп ўйинда майдонга тушган (126 учрашув), 2008 йилги миллий чемпионатимиз тўпурари бўлган Сервер Жепаров билан “Металлург” футбол клуби расмий келишувга эришди.

Футболчи ҳамда клуб ўртасидаги шартнома Жепаровнинг тиббий кўрикдан ўтганидан кейин расмийлаштирилади ва Ўзбекистон профессионал футбол лигасида рўйхатдан ўтказилади.

Маълумот учун, Сервер Жепаров миллий чемпионтимизнинг 267 учрашувида майдонга тушган (2000-2001 – “Навбаҳор”, 2002-2007 – “Пахтакор”, 2008-2011 – “Бунёдкор”, 2016 – “Локомотив”). Мазкур учрашувларда Жепаров рақиблари дарвозасига 116 та тўп киритган. Ўзбекистон клубларидан ташқари Жанубий Кореянинг “Сеул” (2010-2011), “Соннам” (2013-2014), “Ульсан Хёндэ” (2015), Саудия Арабистонининг “Ал Шабаб” (2011-2013), Эроннинг “Сепахон” (2017), “Истиқлол” (2017-2018), Қозоғистоннинг “Жетису” (2018) жамоалари шарафини ҳам ҳимоя этган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!