Тезкор хабар. "Олий лига"нинг омадсиз яримҳимоячиси Малайзияда шартнома имзолаши мумкин

Кеча хабар берганимиздек Малайзиянинг “Т-Тим” (Теренггану II) жамоаси Ўзбекистонлик футболчининг хизматларидан фойдаланишни мақсад қилмоқда.

Клуб ижрочи директори Моҳд Зайннинг сўзларига қараганда, “Т-Тим” клуби сафига бир нафар эмас, балки бир неча нафар ўзбекистонлик футболчилар қўшиб олиниши мумкин.

Чунки клубнинг икки нафар дарвозабони жамоани тарк этишга қарор қилган яъни Муҳаммад Илҳом Амируллоҳ Разалий “Фелда Юнайтед” сафига бориб қўшилишни ният қилган бўлса, Ван Муҳд Ван Теҳ кейинги мавсумни “Паҳанг” жамоасида давом эттирмоқчи. Бундан ташқари яна беш нафар “Т-Тим” аъзоси ҳам клубни тарк этишни режалаштирмоқда.

Ҳозирча клуб таркибида ўтган мавсумдан бери тўп сураётган тўрт нафар хорижлик футболчи бўлиб, уларнинг сафида ўзбекистонлик Дилшод Шарофетдинов ҳам бор. Бироқ бу футболчиларнинг жамоада қолиши ҳақида клуб мураббийи Раҳмад Дармаван якуний қарорни эълон қилгани йўқ.

Шунингдек бизга маълум қилишларича, клубнинг навбатдаги мавсуми учун ҳомийлар томонидан ажратилган пул миқдори 10 миллион ринггит (яъни 2.24 миллион АҚШ доллари)ни ташкил этади. Агар клуб таркиби хорижлик футболчилар билан бойитилса, юқорида тилга олинган тўрт нафар футболчиларнинг баъзилари (ёки барчаси) клубни тарк этишига тўғри келади.

Ҳозир Индонезияда кейинги мавсумга тайёргарлик кўраётган “Т-Тим” клубининг машғулот базасига жорий мавсумни “Андижон” клуби сафида ўтказган Павел Смоляченко ташриф буюрган. SPORTS.uz ахборот порталига маълум қилишларича, “Т-Тим” клубининг навбатдаги ўзбекистонлик легионери Павел Смоляченко бўлиши мумкин.


Изоҳ: Ўнгдан иккинчи - Павел Смоляченко, тўғридаги Дилшод Шарофетдинов.

Ўзбекистонлик футболчиларнинг ҳариди борасида “Т-Тим” жамоасидан аниқлик киритишини сўраб юборган электрон мактубимизга тез орада клуб матбуот хизмати томонидан жавоб берилиши маълум қилинди.

Агар бир қатор статистика порталларининг маълумотларига таяниб хулоса қиладиган бўлсак, Павел Павел Смоляченко 2012 йилдан буён "Локомотив", "Нефтчи", "Динамо Самарқанд", "Бухоро" ҳамда "Андижон" жамоалари таркиби тўп сурган. Бу жамоалар таркибида жами 70 маротаба майдонга тушган яримҳимоячи бирор марта рақиб дарвозасини ишғол эта олмаган.

Ушбу хабардан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда SPORTS.uz ахборот порталининг номи аниқ кўрсатилиши ҳамда ҳавола (линк) берилиши шарт!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!