Тимур Кападзе: Олимпиада лицензияси кучимизга янада куч қўшмоқда

Ўзбекистон U23 терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе Осиё кубоги финал босқичи олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.

– Эртага қизиқарли учрашув кутиб турибди. Бир бирига муносиб икки жамоанинг ўйинига гувоҳ бўламиз. 2 йил аввалги Осиё кубогида улар каби биз ҳам ёш таркиб билан ҳаракат қилган эдик. Шунингдек, финалга етиб келгани ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига йўлланма олгани билан Япония жамоасини қутлайман. 

Эртага рақибнинг ўйин услуби ҳақида
– Иккала жамоа бир-бирини яхши билади. Уларнинг ўйинларини таҳлил қилиб чиқдик. Финал учун тайёрлаган режамиз бор ва шунга асосан ўйин кўрсатамиз.

Олимпиада йўлланмаси ўзбек футболи учун қандай аҳамият касб этиши ҳақида
– Биз бу натижадан жуда ҳам хурсандмиз. Зеро, футболимиз тарихида дастлабки Олимпиада йўлланмасига эга чиқдик. Бизгача жамоаларимиз ҳаракат қилишган эди. Лекин қайсидир паллада уларга омад етишмаган. Олимпиада лицензияси кучимизга янада куч қўшмоқда. Эртанги финалда янада яхши ўйнашга ҳаракат қиламиз.

Легионерларнинг финалда иштирок этолмаслиги ҳақида
– Агар легионерларимиз финалда ҳам иштирок этишганида, бошқача бўлар эди. Лекин биз Қатарга 11 та эмас, 23 та футболчи билан ташриф буюрганмиз. 3 нафар ўйинчи кетгани билан у қадар катта ўзгариш бўлмайди. Ҳар бир ўйинимиз кўрсатдики, жамоада уларнинг ўрнини тўлдира оладиган йигитлар бор ва улар буни билдиришмайди. Фурсатдан фойдаланиб, мезбонларга ажойиб ташкилотчилик ва меҳмондўстлик учун жамоам номидан миннатдорчилик билдириб қоламан.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!