
Тимур Кападзе ўйиндан сўнг бўлиб ўтган учрашув, бир нечта футболчиларнинг йўқотилиши ва Эронга қарши муҳим баҳс учун режалари ҳақида гапирди. (Тўлиқ матбуот анжумани)
Жаҳон чемпионати саралаши гуруҳ босқичининг 7-турида Ўзбекистон Миллий терма жамоаси Қирғиз Республикаси билан куч синашиб, 1:0 ҳисобида муваффақиятга эришди. Ушбу баҳсдан сўнг жамоа бош мураббийи ҳисобланган Тимур Кападзе матбуот анжуманида иштирок этиб, журнаслистларни қизиқтирган барча саволларга тўлиқ жавоб бериб ўтди.
Қуйида матбуот анжуманинг тўлиқ версиясини кўришингиз мумкин.
Ўйин ҳақида фикрингиз қандай?
"Авваламбор, халқимизни байрам билан табриклайман. Гарчи биз кўпроқ вазиятлардан фойдаланиб, йирикроқ ҳисобда ғалаба қозонишимиз мумкин эди, лекин энг асосийси муваффақиятга эришдик. Бу беллашувда бизда жуда кўп имкониятлар бўлди, агарда ҳисобни эртароқ очганимизда бошқача ҳам бўлиш эҳтимоли бор эди. Шу билан бирга, Қирғиз Республикаси ҳам ҳимояда яхши ҳаракат қилди."
- Баъзи бир футболчиларга Сречко Катанецнинг ёрдамчилари маслаҳат бермоқда. Бунга фикрингиз қандай?
"Ҳозир улар менинг жамоамда иш олиб боришмоқда. Авваллари эса Сречко билан бирга ишлашган. Шуни ҳам таъкидлашим жоиз, ҳозирги кунда ҳаммаси жойида. Ёрдамчиларим машғулотларда футболчиларга етарлича маслаҳат беришмоқда, холос. Бошқа ҳеч қандай салбий муносабат йўқ."
- Илк беллашувингизни ўтказдингиз, таъсиротларингиз қандай?
"Албатта, биринчи бўлимда Қирғизистоннинг қизил карточкаси ва 10 киши бўлиб қолиши ўйинга жуда катта таъсир ўтказди ва режаларни ўзгартириб юборишга ҳам олиб келди. Шундай бўлса ҳам, биз бу баҳсга тўлақонли тайёр эдик. Ўз уйимизда ишончли ҳисобда ғалаба қозонмоқчидик, қисман бунга ҳам эришдик десам адашмаган бўламан.
Агарда улар 11 киши бўлганда биз учун янада яхши бўлиши мумкин эди. Сабаби, кўпроқ олдинга чиқиш эҳтимоли юқори эди. Бундан ташқари, бизда иккинчи бўлимга қарамасдан биринчи бўлимда кўпроқ хавфли вазиятлар юзага келди. Барибир, энг асосий нарса - ғалабани қўлга киритдик."
- Остон Урунов, Ҳусниддин Алиқуловнинг жароҳати билан бирга, Жалолиддин Машариповнинг Эронга қарши ўйинда иштирок эта олмаслиги ҳақида фикрингиз қандай?
"Хабарингиз бор, йиғиндан аввал Алиқулов жароҳат олиб, сафдан чиққани маълум бўлди. Остон эса машғулотларга киришди, кейин эса оёғи оғриб қолгани сабаб, жамоани тарк этишга мажбур бўлди.
Жалолиддинга ва бошқа футболчиларга ҳам ўйиндан аввал айтилган эди. Яъни улар кўпроқ эҳтиёткор бўлиб ҳаракат қилиши керак эди. Машарипов олдимизда турган бўлажак муҳим учрашувдан аввал катта йўқотиш десам адашмаган бўламан.
Тўғри, улар билан жамоа янада кучли бўлади, лекин бизни олдимизда вақт бор. Уларнинг ўрнини бошқа футболчилар билан тўлдира оламиз. Терма жамоага чақирилган ҳар бир футболчига ишонч билдирилган, шу боисдан ҳам унинг ўрнини тўлдира олишга ишончим комил."
- Эрон ва бизнинг ғалабамиздан сўнг футболчиларимизнинг кайфияти қандай?
"Ҳозирда ўйинчиларнинг кайфияти яхши, аъло даражада десам ҳам адашмайман."
- Элдор Шомуродовнинг фойдалана олмаган пенальтиси ҳақида фикрингиз қандай?
"Аввало, Элдор ёмон тепмади, дарвозабон яхши ҳаракат қилди. Бундан ташқари, бугун икки жамоа посбонлари ҳам ажойиб ўйин намойиш этишди. Ўткир Юсупов эса бизни халоскорларимиздан бири ҳисобланади.
Машғулотда 5 та имкониятдан 5 та гол урар, аммо ҳақиқий майдонда босим бўлади."
- Эрондаги ғалабадан сўнг футболчилар нишонлагани Тошкентга қайтишмоқчи экан. Бу қанчалик рост?
"Тўғриси айтсам, бу ҳақида ҳеч қандай гап-сўз эшитмадим. Бу ҳақида менга умуман хабар беришгани йўқ. Ин Шаа Аллоҳ бўлса, йўқ демаган бўлар эдик."
- Рақиб бир киши кам бўлиб қолгандан сўнг 3 талик марказий ҳимоядан 2 таликка ўтиш имкони бор эди. Шу ҳақида нималар дейсиз?
"Биз асосан икки қанот ҳимоячиларига эътибор бердик. Сабаби, ҳужумда футболчиларимиз етарли эди."
- Эронга қарши биз қандайдир сюрприз кутамизми?
"Назаримда, у беллашувда ҳам ҳужумкор ўйнаса бўлади. Худди, бугун биринчи бўлимда ҳаракат қилганимиз каби. Тўғри, бизда Эронга қарши тўқнашувгача бироз бўлса ҳам вақт бор. Ушбу вақтдан фойдаланиб, Машариповнинг ўрнини қандай тўлдириш ва бўлажак учрашув учун янги режаларни ишлаб чиқамиз."
- Терма жамоани қабул қилиб олганингиздан сўнг қанчалик пенальтилар учун эътибор бермоқдасиз?
"Албатта, бунинг устида ҳам иш олиб боряпмиз. Менимча, охирида ўзим майдонга тушиб пенальтини амалга оширсам керак (кулади). Таъкидлаганимдек, футболчиларим машғулотда бу борада ҳам ўз устиларида қаттиқ ишлашмоқда."
- Сизга қараганда Катанецга кўпроқ имкониятлар яратиб берилди. Бу ҳақида нималар дейсиз?
"Мен жамоани қабул қилиб олганимда йиғин ўтказиш учун жой ҳам йўқ эди. Шунинг учун фақатгина ФИФА кунларини кутдик. Биз 2 кун машғулот ўтказиб, майдонга тушган бўлсак ҳам, бу учрашув биз учун анча фойдали бўлди деб бемалол айта оламан. Шу билан бирга, бўлажак беллашувдан аввал ўйинчилар билан хатоларимизни ўрганиб чиққан ҳолда, таҳлил қиламиз" - дея ўз фикрлар билан ўртоқлашди Миллий терма жамоамиз мутахассиси.
Фикрлар