Тоҳир Мўминов: "Андижон" шунчаки оддий жамоа эмас"

“Андижон” жамоасининг Тожикистонда олиб бораётган ёзги ўқув-машғулот йиғини доирасида учта ўртоқлик учрашуви ўтказиши ҳақида маълумот бериб ўтгандик. Улардан бири 16 июль куни “Равшан Кулоб” жамоасига қарши бўлиб ўтади. Мазкур клубни ўзбекистонлик футбол ишқибозларига жуда яхши таниш бўлган ва айниқса, андижонлик мухлисларнинг қалбидан чуқур жой эгаллаган Тоҳир Мўминов бошқариб бормоқда.

Тоҳир Раҳимжонович 1970 йилнинг 20 август куни Душанбеда таваллуд топган. Футболчилик фаолиятида бир қатор клубларда ўйнаган ва уларнинг орасида унинг учун ҳам “Андижон” алоҳида аҳамият касб этади. Боиси, Мўминов  1996-2002 йиллар мобайнида жамоа шарафини муносиб ҳимоя қила олган. Плеймейкер сифатида қандай ўйинлар намойиш этганини эслаш ёқимли, албатта. Бир сўз билан айтганда, у “Андижон” футбол клуби тарихидан жой олган ҳолда унинг афсоналаридан бирига айланган. Шунинг учун уни ҳалигача мухлислар эслашади ва ҳурмат қилишади.

Тоҳир Мўминов ўз жамоаси – “Равшан Кулоб” билан бирга “Андижон” йиғин ўтказаётган Баҳористон мавзесига келди ва шу ерда йиғинга киришишди. Фурсатдан фойдаланган ҳолда “Равшан Кулоб” жамоасининг тайёргарлик жараёнини кузатдик ва машғулот ниҳоясига етганидан сўнг Тоҳир Мўминовни суҳбатга тортдик.  

- Тоҳир Раҳимжонович, сиз билан учрашиб турганимиздан хурсандмиз. “Андижон” клуби ишқибозларининг қалбидан жой эгаллагансиз. Собиқ жамоангиз ҳақида гап кетганда нималарни эслайсиз?

- Ҳамма андижонлик мухлисларга катта салом. Андижон менинг иккинчи ватаним ҳисобланади. Менинг ҳамма яхши ўйинларим ўша ерда ўтган. Андижон шаҳрини жуда яхши кўраман. Андижонга боришни ва мухлислар билан учрашишни орзу қиляпман. Шундай вазият бўлганки, Сергей Шевченко “Қизилқум” бош мураббийи этиб тайинланганида мени ҳам у ерга таклиф қилганди. Аммо “Андижон”дан кетмаганман. Чунки бу клубни яхши кўрардим ва ҳурмат қилардим. Ўз вақтида Андижонда спорт бошқармасида Маъмур ака ишлаган пайтда мени кейинчалик “Андижон”га мураббий бўласан деб айтган ва буни орзу қиламан. Балки кейинчалик андижонлик мухлислар билан учрашарман. “Андижон” жамоасини доим кузатиб бораман. Про лигага ҳам тушиб чиқди. 1997 йили ҳам жамоани биринчи лигага тушиб кетиш хавфи бўлганди, аммо сақлаб қолганмиз. Ўша пайтда Сергей Шевченко келган ва жамоани олиб қолганмиз. 1999 йили ҳам муаммолар бўлганди, бироқ “Андижон”ни сақлаб қола олганмиз. Шевченко клубга келгач, вазиятни ўзгартира олганди. Жамоа олий лигани тарк этган пайтларида мен “Андижон” учун қайғурдим. Ўша пайтда Ориф Маматказин, Бахтиёр Ҳамидуллаев, Қобил Олимжонов кабилар билан алоқада бўлиб турдим ва уларга жамоани сақлаб қолиш кераклигини айтиб, бу борада уларга омад тилаганман. “Андижон” шунчаки оддий жамоа эмас. Ўз мухлисларига, ўз қадриятлари ва йўналишига эга жамоа. Биз ўйнаётган пайтда жамоанинг ҳозирги стадиони қурилаётганди, лекин бизга у ерда ўйнаш насиб қилмаган. Рақибларга Андижонда очко олиш жуда мураккаб бўларди. “Андижон” жамоасини тезроқ ўз стадионига қайтишини хоҳлайман. Мухлислари қаерда бўлмасин ўз жамоасини қўллаб-қувватлашади. Фарғонадаги учрашувларда ҳам фан-клуб доим “Андижон” билан бирга бўлди.

Тоҳир

- Биламизки, сиз ўйнаган пайтда Бахтиёр Ҳамидуллаев тўпурарлик салоҳиятини намойиш этган. Ўшанда ҳамма шундай дерди: Ҳамидуллаевни тўпурар қилган бу – Тоҳир Мўминов...

- Бахтиёр Ҳамидуллаев иқтидорли футболчи бўлган. У биринчи лигада “Шаҳрихон”дан таклиф қилинган. У 100 дан зиёд голлар урган. Бахтиёр ўзига хос ўйинчи эди. Тоҳир Мўминов, Отабек Пирматов, Андрей Шипилов, Ориф Маматказин, Шавкат Абдураҳмонов, Сейран Гафаров сингари ижрочилар бўлган. Ўшанда яхши жамоа тузилган. Бахтиёр эса ўз имкониятларидан фойдалана олган. Ҳозир Ўзбекистон чемпионатини кўряпман. Аммо энди бу каби ҳужумчиларни кўрмаяпман. Ҳа, легионелар бор, “Пахтакор”да Черан тўп суряпти. Бироқ Жаъфар Ирисметовга ўхшаган ҳужумчилар йўқлиги бу ёмон ҳолат. Тўғри, ўзбек футболида Элдор Шомуродов бор. Унинг савияси баланд, аммо у чемпионатингизда эмас. Суперлигада эса яхши ҳужумчилар камайиб кетди. Биз тўп сурган пайтда тожикистонлик футболчилар бўларди. Масалан, “Андижон”да марказда мен ва Шаҳоб Ражабов ўйнардик. МҲСКда Нўъмон Ҳасанов ва Шуҳрат Раҳмонқулов, “Нефтчи”да Степан Атоян, Сергей Лебедев, “Насаф”да Рўзиқул Бердиев, “Бухоро”да Усмон Тошев – булар ақлли ўйинчилар бўлган. Қолаверса, яхши тоифадаги дарвозабонлар ҳам бор эди. Ҳозирда бу каби футболчилар муаммоли. Бизда ҳам худди шундай. Айниқса, дарвозабонлар борасида муаммолар бор. Бу каби муаммоларни ҳал қилиш учун аввало болалар футболи мураббийлари ёшлар билан астойдил ишлаши керак. Жамоалар академия билан битта схемада иш олиб бориши лозим. Олдин ҳам шундай муаммо бўлганди ва ҳозир ҳам шундай. Андижон вилоятидан етишиб чиқаётган маҳаллий ўйинчилар қанча? Бизда шундайки, битта мураббий келади, ўз ўйинчиларини чақиради. У кетиб ўрнига бошқаси келса, яна бошқаларни чақиради ва натижада маҳаллий ўйинчиларга эътибор камайиб бораверади. Бу пайтда мураббий кимнидир таклиф қилиши керак эмас, аксинча маҳаллий кадрларга эътибор қаратиш лозим.

тоҳир2

- Табиийки, собиқ жамоангизнинг бугунги кундаги натижаларидан яхши хабардорсиз-а?

- Ҳа, телевизор орқали Ўзбекистон чемпионатини кўраман, менда Ўзбекистон телеканаллари бор. “Андижон” жамоасининг ўйинларини кузатиб боряпман. Жамоа очколарни қўлга киритишни бошлади, яхши ўйинлар кўрсатяпти. Турнир жадвалида юқорилади. Мана шундай руҳда давом этиш керак. Клуб мураббийини ҳам ўз ғоялари бор. Лекин албатта маҳаллий мураббийлар ҳам жамоада иш олиб бориши керак. Бу “Андижон”нинг келажаги учун жуда муҳим. Андижондаги академиялар ҳам фақат “Андижон” клубига ўйинчи етиштириш учун ишлаши керак.

тоҳир3

- Олдинда “Равшан Кулоб” ва “Андижон” иштирокида назорат учрашуви бор. Собиқ жамоангизга қарши ўйин сиз учун алоҳида аҳамиятга эгами?

- Биз ҳозирда ОФК Кубоги учун тайёргарлик олиб боряпмиз ва футболчиларни текширяпмиз. Менда Андижонга бориб ўйин ўтказиш бўйича катта хоҳишим бор эди. Клуб раҳбари Улуғбек Мирзаев билан гаплашганимизда Баҳористонда йиғин ўтказишини айтиб ўтди. Натижада шу ерда ўйнаймиз. Бу асосий тайёргарлик босқичи. Ушбу учрашув сизлар учун ҳам, биз учун ҳам анча қизиқарли бўлади. “Андижон” ўтган сафар ҳам бу ерга келиб тайёргарлик кўрганидан кейин чемпионатга қайтгач, очколарни жамғарди. Кўриниб турибдики, ушбу йиғин “Андижон”га фойдали бўлди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
12/07/2023 04:59
Тох,ир Му'минов Андижонга анча фойдаси теккан х озир Тох,ирдек у'йинчиларни топиш к,ийин ишларига ривож тилаймен