Тожикистон билан Осиё Кубогидаги саргузаштлари, "Андижон"нинг таклифи, нега 99-рақамни танлагани ва бошқа мавзуларда Шахрам Самиев билан суҳбат

“Андижон” клуби қишки трансфер ойнаси пайтида бир қатор янги футболчиларни ўз сафига қўшиб олди. Уларнинг орасида легионерлар ҳам бор бўлиб, Тожикистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Шахрам Самиев билан расман шартнома имзоланганини билсасиз.

23 ёшли ҳужумчи яқинда Қатардаги Осиё Кубогида Тожикистон термаси шарафини ҳимоя қилди. Клуб ихтиёрига қўшилган Самиев “Андижон” матбуот хизматига дастлабки интервьюсини берди.

- Шахрам “Андижон” жамоасига хуш келибсиз! Сизни бу ерда кўриб турганимиздан мамнунмиз. Клубдан таклиф бўлганини илк бор қачон эшитдингиз ва уни қабул қилишингизга асосий сабаб нима бўлди?

- Агентим биринчи бор қўнғироқ қилганида “Андижон” тўғрисида айтди. Рости, илк маротаба “Андижон” ҳақида терма жамоадаги жамоадошим Ахтам Назаровдан сўрадим. Қандай жамоалиги ҳақида сўрадим. У менга клубнинг ўзи ва мухлислари ажойиб эканини айтиб берди. Ахтам билан гаплашганимдан сўнг мен агентларимга бу таклифга розилигимни айтдим ва бу ерга келишга қарор қилдим.

самиев3_1

- Тожикистон терма жамоаси сафида Осиё Кубогидаги иштирокингизни кўрдик. Бу мусобақа тожикистонлик футболчилар учун ажойиб трамплин бўлди. Айнан Осиё Кубогидан сўнг клубингизни ўзгартириш ҳақида ўйладингизми?

- Ҳа, биз Осиё Кубогида яхши қатнашдик. Бу жамоавий ўйиннинг меҳнати ва самараси. Бизнинг жамоада ёш ва иқтидорли ўйинчилар ҳам бор эди. Ушбу мусобақа балки уларга кейинги фаолиятида трамплин вазифасини ўтайди. Мен трансфер ойнаси ёпилиши арафасида ўзимни бошқа клубда синаб кўришга қарор қилдим. Ўзбекистон чемпионати жуда қизиқарли. Суперлигада 14 та жамоа қатнашади. Яхши шароитлар яратилган. Мен шуларни инобатга олиб бу ерга келдим ва қароримдан хурсандман.

- Тожикистон Осиё Кубогида сюрприз кўрсата олди. Бундай натижани кутмаганмидингиз ёки...

- Биз ҳар бир ўйинни финал каби ўтказдик. Мусобақадаги биринчи учрашувда Хитойга қарши ўйнадик. Яхши рақиб эди. Шу учрашувдан кейин ҳар бир баҳсда муносиб кураша олишимизни билдик. Меҳнат қилиб ўйнашимиз мумкинлигини исботлай олдик. Шу асносида биз тарихда илк бор чорак финалгача етиб бордик. Бу Тожикистон халқи учун ҳақиқий байрам эди.

- Ҳа, сизларда ярим финалга чиқиш имконияти бор эди. Лекин чорак финалда Иорданияга мағлуб бўлдинглар. Ўша баҳсда Тожикистон термасига мотивация етишмадими?

- Бизда ўйиндан аввал мотивация жуда яхши эди. Ҳаттоки, чемпионатдан олдин ҳам шундай эди. Бу тақдир. Бу шундай ўйин эдики, ким биринчи гол урса, ўша жамоа ғалаба қозонарди.

самиев_1

- Тожикистон термаси бош мураббийи бўлиб ишлаган Петр Сегртнинг кетишига муносабатингиз қандай бўлди? Масалан, биз буни кутмагандик...

- Биз ҳам албатта буни кутмагандик. Табиийки, бундан хурсанд бўлмадик. У Тожикистон терма жамоаси тарихидаги энг яхши мураббийлардан эди. Унга кейинги фаолиятига омад тилаймиз.

- Сиз ўша Иорданияга қарши ўйинда жароҳат олиб майдонни эрта тарк этдингиз. Ўшанда нима бўлди ва ҳозир ҳолатингиз қандай?

- Ҳа, бундай жароҳатлар ҳар бир футболчининг фаолиятида рўй бериши мумкин. Ўша пайтда мушакларимни тортиб олдим. Бу жиддий эмас. Ҳозир ҳаммаси жойида. Тез кунларда умумий машғулотларга қўшиламан, деб умид қиламан.

самиев4

- Суҳбатимизни яна “Андижон” клуби билан давом эттирамиз. Ўтган йили жамоамизда ватандошингиз Ахтам Назаров тўп сурди. Юқорида у билан гаплашганингиз ҳақида айтиб ўтдингиз. Жамоамиз тўғрисида яна қандай маълумотларга эга эдингиз?

- Ҳа, мен олдин ҳам “Андижон” ҳақида билардим. Ўтган йили жамоанинг ўйинларини кўрдим ва унинг ишқибозларини яхши биламан. Ахтам билан суҳбатда ҳам менга яхши клуб экани ҳақида гапириб ўтди. Назаров бизнинг сардоримиз.  У яхши футболчи ва ҳаётда ҳам яхши инсон.

- “Андижон”да 99-рақамни олдингиз. Ўтган йили бу рақам остида ким ўйнаганини биласизми? Умуман олганда, нима учун 99-рақамни танладингиз ёки сизга ёқадими?

- Бунгача билмасдим. Аммо бу ерга келганимдан сўнг Рубин ҳақида эшитдим. 14 та гол урганлиги тўғрисида билдим. Мен 99-рақамни айнан унинг учун танламадим. Шунчаки, бўшлиги учун танладим ва менга бу рақам ёқади.

самиев2

- Айтмоқчиманки, ўтган мавсумда Хебай ушбу рақамда тўп сурди ва жамоанинг энг яхши тўпурари бўлганди. Энди мухлисларнинг сиздан ҳам умиди катта ва кўп нарса кутишади. Мақсадингиз қандай ва ишқибозларга нима дея оласиз?

- Ҳар бир ўйинчининг мақсади янги клубга ўтганида яхши ўйинлар кўрсатиб, янада юқори мақсадларни олдига қўяди. Менда ҳам юқори мақсадлар бор ва жамоамиз билан шундай вазифани қўямиз. Ишқибозларни ғалабаларимиз билан кайфиятини янада кўтаришга ҳаракат қиламиз.

- Сизга Ўзбекистондан аввал ҳам таклифлар бўлганми?

- Беларус чемпионатида тўп суришимдан аввал менга Ўзбекистондан икки марта чақирув бўлган. Мен ўша пайтда Беларус клуби вариантини танлаганман.

- Ўтган йили “Милсами” билан еврокубоклар доирасида Туркиянинг “Фенербахче” клубига қарши ўйнагансиз. У ерда кўзга кўринган футбол юлдузлари орасида Эдин Жеко ҳам бор эди. Жеко фаолиятингиз давомида сиз унга қарши ўйнаган энг машҳур футболчими?

- Ҳа, Туркияда биринчи марта бундай катта атмосферада ўйнадим. Эдин Жеко жаҳоннинг энг кучли ҳужумчиларидан бири эканини биламиз. Бундан ташқари, терма жамоа миқёсида кўплаб тажрибали ўйинчиларга қарши ҳам ўйнаганман.

самиев1_1

- Шахрам, “Андижон” билан шартнома имзолаб, расман эълон қилганимиздан сўнг сизни биринчи бўлиб ким табриклади?

- Яхши савол (кулади). Дастлаб онам, оилам ва яқинларим табрикладилар.

- Шунингдек, клуб билан уч йиллик шартнома имзоладингиз. Бу фаолиятингизда энг катта муддатли келишувми?

- Ҳа, менга уч йиллик шартнома таклиф қилишди. Лекин мен бу ҳақида ортиқча ўйлаганим йўқ ва ўзимни нималарга қодирлигимни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Шунинг учун мен шартнома муддатига аҳамият берганим йўқ. Умид қиламанки, ҳаммаси яхши бўлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!