Токио-2020. Баҳодир Жалоловдан ишончли ғалаба ва бошқа натижалар
Токио-2020 Олимпия ўйинларининг тўққизинчи кунида 5 нафар ҳамюртимиз иштирокидаги баҳслар гувоҳига айландик.
Қуйида ушбу спортчиларимиз билан танишиб олишингиз мумкин:
1.Дарья Резниченко (енгил атлетика, аёллар, узунликка сакраш, саралаш "B" гуруҳи)
2.Баҳодир Жалолов (бокс, эркаклар, +91 кг)
3.Мўминжон Абдуллаев (юнон рум кураши, эркаклар, -130 кг)
4.Элмурат Тасмуродов (юнон рум кураши, эркаклар, -60 кг)
5.Кумушхон Файзуллаева (оғир атлетика, аёллар, -76 кг)
Енгил атлетика: Аёлар ўртасида узунликка сакраш бўйича "B" гуруҳ саралаш баҳсларида ҳамюртимиз Дарья Резниченко биринчи уринишда 5.92 натижа қайд этди. Иккинчи уринишда вакиламиз 5.94 натижага эришди. Резниченко сўнгги уринишда 6.19 натижа кўрсатди. Шу тариқа, Дарья саралаш босқичида 15 иштирокчи ичида 13-ўринни эгаллаб, ўз юришини тўхтатди. Гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган сербиялик спортчи 7 метр натижа қайд этди.
Юнон рум кураши. -60 кг вазнда вакилимиз Элмурат Тасмурадов гиламга чиқди. Элмуратга украиналик спортчи Ленур Темиров қаршилик кўрсатди. Беллашувда ҳамюртимиз рақибига 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди. Энди Темиров финалга етиб борган тақдирда Тасмурадов бронза медали учун курашиш имкониятини сақлаб қолганди. Бироқ унинг рақиби финалга чиқа олмагач, бронза учун курашмайдиган бўлди.
-130 кг вазндаги Мўминжон Абдуллаев эстониялик Артур Вититинга қарши баҳс олиб борди. Абдуллаев беллашувда рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмай 8:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
Мўминжон Абдуллаев ярим финал йўлланмаси учун чилилик Ясмани Фернандес билан курашди. Аммо Мўминжон 0:2 ҳисобида рақибидан енгилди. Аммо унда ҳам бронза медали учун имконият сақланиб қолганди. Агарда унинг рақиби финалга қадар етиб борганда. Бироқ Мўминжон билан беллашган спортчи буни уддалай олмади.
Бокс: Баҳодир Жалолов чорак финалда ҳиндистонлик Сатиш Кумарга қарши рингга кўтарилди. Биринчи раундни Жалолов ўз фойдасига ҳал этди. Иккинчи раундни ҳам барча ҳакамлар Жалоловнинг устунлигини қайд қилишди. Боксчимиз ҳиндистонлик рақибини 5:0 ҳисобида таслим этиб, кейинги босқичга чиқди. Боксдаги илк медаль нақд. Чунки бокс беллашувларида ярим финалда имкониятни бой берган спортчи бронза медали билан тақдирланади. Баҳодирдан олтин медаль кутиб қоламиз. Энди Жалолов 4 август куни финал йўлланмаси учун буюк британиялик Фрейзер Кларкка қарши рингга кўтарилади.
Оғир атлетика: -76 кг вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Кумушхон Файзуллаева даст кўтаришнинг илк уринишида 97 кг тошни бўйсундирди. Иккинчи уринишда вакиламиз 101 кг тошни кўтара олмади. Сўнгги уринишида Кумушхон 101 кг тошни бўйсиндирди.
Кумушхон Файзуллаева силтаб кўтаришнинг дастлабки уринишида 122 кг тошни бўйсундирди. Икинчи уринишда 126 кг тошни кўтарди. Кумушхон Файзуллаева силтаб кўтаришнинг охирги уринишида 130 кг тошни кўтара олмади. Шу тариқа, Кумушхон "А" гуруҳида 7-ўринни эгаллади.
Фикрлар