Токио-2020. Ўзбекистонлик спортчилар учун бугунги кун қандай ўтди?
Ўзбекистон делегацияси учун Токио-2020 Олимпия ўйинларининг учинчи кунида 7 нафар ҳамюртимиз иштирокидаги баҳслар гувоҳига айландик.
1.Зайнаб Дайибекова (қиличбозлик, аёллар)
2.Шаҳобиддин Зоиров (бокс, эркаклар 48-52 кг)
3.Нигора Турсункулова (таэквондо, аёллар -67 кг)
4.Ҳикматуллоҳ Тўраев (дзюдо, эркаклар -73 кг)
5.Никита Рафалович (таэквондо, эркаклар -80 кг)
6.Фанат Қаҳрамонов (бокс, эркаклар 69-75 кг)
7.Муаттар Набиева (оғир атлетика, аёллар 55 кг)
Қиличбозлик. Вакилларимиз орасида қиличбозимиз Зайнаб Дайибекова биринчи бўлиб стартга чиқди. Сабля йўналишида кечган жангда у мезбонларнинг асосий вакилаларидан бири Аоки Чикага қарши баҳс олиб борди. Муросасиз ўтган беллашув Дайибекованинг 15:9 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Юртдошимиз кейинги босқичда хитойлик Яци Шаони 15:10 ҳисобида мағлуб этди. Кейинги босқичда ҳамюртимиз Жанубий Корея вакили Кор Юн Жисуга қарши баҳс юритди. Зайнаб Дайибекова рақибини 15:12 ҳисобида мағлуб этди.
Ҳамюртимиз навбатдаги босқичда венгриялик Анна Мартонга 11:15 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа, у ҳам юришини тўхтатди ва ўзининг илк Олимпиадасида кучли саккизликдан ўрин олди.
Бокс. -52 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Шаҳобиддин Зоиров туркиялик Батуҳанга қарши рингга кўтарилди. Боксчимиз ушбу жангда 5:0 ҳисобида зафар қучиб, кейинги босқичга чиқди. Вакилимиз кейинги даврада Кабо-Верде вакили Давид Де Пина билан беллашади.
-75 кг вазн тоифасидаги Фанат Қаҳрамонов грузиялик Георгий Харабадзега қарши рингга кўтарилди. Биринчи раундни вакилимиз тўлиқ ўз фойдасига ҳал этганди. Лекин грузиялик боксчи жароҳат сабаб жангни давом эттира олмади. Баҳс мудатидан аввал якунланди. Фанат Қаҳрамонов кейинги босқичда қозоғистонлик Абилхан Аманкулга қарши рингга чиқади.
Таэквандо. Нигора Турсунқулова хитойлик Жанг Менг Ю билан курашди. Беллашувда Турсунқулова 11:9 ҳисобида мағлубиятга учради ва биринчи уринишдаёқ ўз юришини тўхтатди.
Никита Рафалович илк босқичда доминиканлик Моисес Эрнандес билан куч синашди. Қизғин кечган баҳсда Никита 17:7 ҳисобида рақибидан устун келди. У чорак финалда озарбайжонлик Милад Бегига қарши даянга чиқди. Рафалович икки карра жаҳон чемпиони билан беллашувда 12:1 ҳисобида зафар қучди.
Никита Рафалович Олимпиада финалига чиқиш учун иорданиялик Салех Элшарабатига қарши баҳс юритди. Ярим финалнинг асосий вақтида ҳисоб 11:11 натижасида якунланганди. Қўшимча вақтда ("Golden Point") эса у зарба ўтказиб юборди ва имкониятни бой берди - 11:13. Рафалович бронза медали учун курашда хорватиялик Тони Канаетга қарши даянга чиқди. Унда юртдошимиз рақибига 18:24 ҳисобида мағлуб бўлди ва медалдан қуруқ қолди.
Дзюдо. -73 кг вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Ҳикматуллоҳ Тўраев илк даврада германиялик Игорь Вантдекени мағлубиятга учратди. Тўраев кейинги босқичда "Golden Score"да жанубий кореялик Ан Чангримга имкониятни бой бериб қўйди.
Оғир атлетика. Муаттар Набиева даст кўтаришнинг илк уринишида 95 кгни бўй сундирди. Иккинчи уриниш учун 98 кг тошга буюртма берди. Ҳамюртимиз 98 кг тошни кўтара олмади. Аммо у учинчи ўринишда 98 кг тошни кўтарди ва Олимпиада рекордини ўрнатди. Аввалги рекорд 97 кгни ташкил қилганди. Муаттар силтаб кўтариш машқларини 114 кг. натижа билан якунлади. Шу тариқа, Набиева 212 кг. натижа билан Олимпия ўйинларидаги иштирокини 4-ўринда якунлади. У ҳам бронза медалига яқин келганди.
Фикрлар