Тўлқин Қиличевнинг болалик хотиралари ёхуд у қандай боксчи бўлган?
Мамлакатимизда бокс бўйиа тажрибали мураббийлар жуда кўп. Улар ҳақида исталганча ёзиш мумкин. Албатта, ҳозирги кунда ўзбек чармқўлқоп усталарининг муваффақиятлари, ушбу соҳа вакилларининг мехнати ва тинимсиз изланишларининг самараси десак муболаға бўлмайди.
Айни вақтда бокс бўйича терма жамоамиз эришаётган зафарлар замирида ҳам шубҳасиз, мураббийлар штабининг салмоқли мехнати ётибди.
Бокс мураббийлари ҳақида сўз юритаётганимизнинг ҳам ўз сабаби бор. Чунки, бугун, терма жамоа катта мураббийи Тўлқин Қиличев ўз таваллуд айёмини нишонламоқда. У 37 ёшни қарши олди.
Шу ўринда ушбу мураббийнинг ҳозирга қадар босиб ўтган йўли барчага қизиқ бўлса керак. Бу борада унинг ўзи қисқача тарзда баён этди.
Қуйида уни эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Келинг мактаб давридан бошлай қоламиз. Мен 1989 йил Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги Мирзо Улуғбек номидаги 12-ўрта мактабга биринчи синфга қабул қилинганман.1995 йилга қадар шу даргоҳда таълим олдим. Ушбу йили амаким Комил Қиличев Жиззах шаҳрига доимий истиқомат қилиш учун кўчиб кетди. Амакимнинг иши ҳам спортга боғлиқ эди. Тўғрироғи, футбол ҳаками эди. Аслида, оиламиз футбол одамлари эди.
- Дадам ҳам мураббий бўлган. Ўша туманнинг “Зафар” жамоасини бошқарар эди. Хуллас, амаким ўзи билан бирга мени ҳам шаҳарга олиб кетди. Сабаби, бизга яъни, мен ва ўзининг ўғли Фаррухга спорт билан шуғулланиш учун шароит яратиб бериш эди. Фаррух ҳам ҳозирда мураббий сифатида ажойиб иш олиб бормоқда. Шогирди Дилшод Рўзметовнинг натижалари ҳам буни исботламоқда десам янглишмаган бўламан.
- Амаким шаҳардан бир хоналик уй сотиб олган. Ўша ерда яшаб, ўқиганмиз. Шунингдек "Фок" деган бокс залига қатнаб, ушбу спорт турининг сир-асрорларини ўрганганмиз. Аслида, боксга қадар миллий кураш билан шуғулланган эдим.
- Бу воқеа 1997 йил бўлган бўлса, 2007 йилга қадар боксчи сифатида фаолият олиб борган эдим. Шу вақтлар мобайнида ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, ёшлар ўртасида эса финалчи бўлганман. 2005 йил профессионал боксда фаолиятимни олиб бориш учун Россиянинг Екатеринбург шаҳрига йўл олганман. У ерда Алишер Раҳимовнинг олдига бориб, бу йўналишда илк қадамларимни ташлагандим. Профида 7 жанг ўтказиб, уларнинг 5 тасида ғалаба қозонганман ва икки бор мағлубиятга учрагандим.
- 2009 йил белимдаги чурра касаллиги туфайли спортчилик фаолиятимни якунлаганман ва Чирчиқ олимпия заҳиралари коллежида мураббийлик қилишни бошладим. Айни шу вақтда Муроджон Аҳмадалиев, Баҳодир Жалолов, Исроил Мадримов, Қудратилло Абдуқаҳҳоров, Анвар Турапов, Элнур Абдураимовлар ўқишга топширишганди. Бир сўз билан айтганда улар билан биргаликда мен ҳам ўсганман десам бўлади.
- Аввал, ўсмирларда ҳаракат қилишди ва ёшларга ўтишди. Улар билан бирга ёшларга мраббий бўлдим. Сўнгра, катталарга ўтишди ва мен ҳам ушбу тоифадаги ишимни бошладим. Шу тарзда давом этмоқдамиз. Натижаларга ўзинглар гувоҳ бўлиб турибсизлар. Ҳар ҳолда қўлдан келганча ҳаракат қилиб келяпмиз.Нимага эришган бўлсак, барчасига ҳукуматимиз томонидан бизга яратиб берилаётган ажойиб шароитлар ва мехнат сабаблидир!
Фикрлар