ТОП-10. Премьер-лигада энг кўп маош олувчи футболчиларни биласизми?
Футболчиларнинг қанча пуль топиши барчага қизиқ. Айниқса, дунёнинг энг яхши лигаларидан бири ҳисобланган Премьер-лигада ўз фаолиятини юритаётган ўйинчиларнинг маоши кўплаб инсонларнинг эътиборини тортган бўлса, ажаб эмас. Демак, бугунги ТОП-10талигимиз АПЛнинг энг кўп маош олувчи футболчилари ҳақида бўлади. (Маош ҳафтасига ҳисобланган)
10-ўрин. Калиду Кулибилали ("Челси")
Ўнталигимизни "Челси" ҳимоячиси Калиду Кулибали очиб беради. Сенегаллик футболчи клубга мавсум бошида келиб қўшилди. Унинг трансфери "аристократлар"га 38 миллион еврога тушган. Кулибали АПЛда шу пайтгача 22 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та голда иштирок этишга ҳам улгурди. 33 ёшли ҳимоячи ҳафтасига 295 минг фунт стерлинг ишлаб топади. Шу билан биргаликда, у "Челси"нинг энг кўп маош олувчи футболчилари рўйхатида 2-ўринда туради. Калиду лондонликлар билан 2026 йилгача амал қиладиган шартномага қўл қўйган.
9-ўрин. Жек Грилиш ("Манчестер Сити")
2021 йилда "Манчестер Сити" Лионель Мессига қизиқиш билдиради ва унинг трансферини амалга ошира олишига кўзи етмай, муқобил вариант сифатида 117 миллион евро сарфлаб "Астон Вилла"дан Жек Грилиш трансферини амалга оширганди. Мазкур харид оммага эълон қилиниши билан Мессининг "Барса" билан шартномани узайтира олмаслиги маълум бўлган. Илк мавсумида бироз ёмонроқ таассурот қолдирган 27 ёшли вингер кейинчалик жамоага кўникиб олди ва мазкур мавсумда "Манчестер Сити"нинг 47 та ўйинида майдонга тушиб, 5 та гол урди ва 11 та ассист амалга оширди. Грилишнинг маоши 300 минг фунт стерлинг.
8-ўрин. Раҳим Стерлинг ("Челси")
Кейинги ўриндан "Манчестер Сити"ни тарк этиб "Челси"га йўл олган Раҳим Стерлинг жой олди. 28 ёшли инглизнинг "аристократлар" билан тузган шартномаси 2027 йилгача амал қилади. Унинг маоши эса 325 минг фунт стерлинг қилиб белгиланган. Стерлингнинг трансфери "Челси" учун омадсиз бўлгани йўқ. Вингер 3 та мураббий қўл остида 36 та учрашув ўтказиб, 9 бор рақиб дарвозасини ишғол қилди ва 4 та ассист амалга оширди. Ушбу натижа Раҳимни жамоанинг энг сермахсул футболчиси эканини англатади.
7-ўрин. Рафаэль Варан ("Манчестер Юнайтед")
2021 йилда 40 миллион евро эвазига "Манчестер Юнайтед"га келиб қўшилган Рафаэль Варан 7-ўринда турибди. У ҳафтасига 340 минг фунт стерлинг олади. Французнинг амалдаги шартномаси 2025 йилда ўз ниҳоясига етади. Варан жамоанинг энг кўп маош оладиган футболчилари орасида 4-ўринда турибди.
6-ўрин. Муҳаммад Салоҳ ("Ливерпуль")
"Ливерпуль"нинг асосий ҳужумчиларидан бири ҳисобланган Муҳаммад Салоҳ ҳам маоши баланд ўйинчилар орасида мавжуд. Мисрлик юлдуз жамоаси билан 2022 йилда 2025 йилгача амал қилиши кўзда тутилган янги шартнома бўйича келишиб олди. Унга кўра, Салоҳ ҳафтасига 350 минг фунт стерлинг олиши керак. "Ливерпуль"га 40 миллион еврога тушган 30 ёшли ҳужумчи ушбу мавсум "қизиллар" таркибида 49 та ўйинда майдонга тушиб, 44 та голда қатнашди.
5-ўрин. Каземиро ("Манчестер Юнайтед")
5-ўриндан "Манчестер Юнайтед"га мавсум бошида ўтган Каземиро жой олган. "Қизил иблислар"нинг таянч яримҳимоясини мустаҳкам қўриқлаб келаётган Каземиронинг трансферига 70 миллион евро сарфланганди. Унинг МЮ билан меҳнат шартномаси 2026 йичгача амал қилади. Бразилиялик ярим ҳимоячининг маоши эса 350 минг фунт стерлинг қилиб белгиланган.
4-ўрин. Жейдон Санчо ("Манчестер Юнайтед")
Йўқ, бизда ҳеч қандай хатолик кетмади. Ростан ҳам Санчо 4-ўринда турибди. Унинг маоши ҳам Салоҳ ва Каземиро каби 350 минг фунт стерлингни ташкил қилади. 2021 йилда МЮга 85 миллион еврога тушган вингер ушбу мавсу жамоа таркибида 37 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та голда иштирок этди. Жейдоннинг амалдаги шартномаси эса 2026 йилгача тузилган.
3-ўрин. Эрлинг Холанд ("Манчестер Сити")
"Манчестер Сити"га келганидан бери нафақат гол уришдан, балки рекордларни янгилашдан чарчамаётган Холанд кучли учликка кира олди. У дастабки мавсумининг ўзидаёқ "Сити" таркибида 48 та учрашув ўтказиб, 52 марта рақиб дарвозабонларини ранжитди. 22 ёшли "киллер"нинг маоши 375 минг фунт. Аммо Англиянинг бир қанча нашрлари хабар беришича, Холанд "Манчестер Сити" билан янги битим борасида музокаралар ўтказади. Янги шартномага кўра, ҳужумчи хафтасига 500 минг фунт стерлинг маош олади. Бу Премьер-лига рекорди бўлади.
2-ўрин. Давид Де Хеа ("Манчестер Юнайтед")
"Манчестер Юнайтед"даги кам сонли Фергюсон тарбияланувчиларидан ҳисобланган Де Хеа рейтингда 2-ўринда турибди. У сўнгги бор 2019 йилда шартномасини янгилаганди. Унга кўра, испаниялик дарвозабон 375 минг фунт стерлинг маош олади. Де Хеа ёзда эркин агентга айланиши мумкин. Ҳозирча янги битим борасида ҳеч қандан янгиликлар йўқ.
1-ўрин. Кевин Де Брюйне ("Манчестер Сити")
Гвардиола "Манчестер Сити"га келиши биланоқ раҳбариятдан Бундеслигада ўйинларини кўриб, ёқтириб қолган Де Брюйнени сотиб олишни сўраганди. Бельгияликнинг трансфери икки томон учун ҳам омадли бўлди. Кевин кейинги йилларда ҳар томонлама ўзини кўрсатиб, жамоанинг энг муҳим футболчиларидан бирига айланди. Де Брюйненинг ҳафталик маоши 400 минг фунт стерлинг бўлиб турибди. Ярим ҳимоячи 2021 йилда 2025 йилгача амал қилиши кўзда тутилган шартномага қўл қўйган.
Ушбу рўйхат тез орада ўзгариши мумкин. Сабаби, Рэшфорд "Манчестер Юнайтед" билан шартномасини янгиламоқчи, юқорида келтирганимиз Холанднинг ҳам маоши оширилади. Бундан ташқари, ёзда амалга ошириладиган трансферлар орқали баъзи маълумотлар ўзгариши мумкин.
Фикрлар