Тўрт легионеримиз Премьер-лиганинг бир жамоасидан қўним топди!

TIGGO 2 PRO

Қозоғистон Премьер-лигасининг янги мавсуми очилди. Бу йил қўшни мамлакат чемпионати юқори лигасида аввалги мавсумдан битта кўп – жамоа 14 та жамоа иштирок этадиган бўлди.

Ўтган йили қозоқ Премьер-лигасида тўрт нафар ўзбекистонлик футболчи учта жамоа шарафини ҳимоя қилганди. Шаҳбоз Умаров ва Жасур Яхшибоев “Ордабаси” сафида етакчи ўйинчилар сифатида тўп тепди.

Россиянинг “Нижний Новгород” жамоасидан ижарага олинган Иброҳимхалил Йўлдошев “Қайрат” сафида Қозоғистон чемпионлигини қўлга киритди.

Тажрибали ҳужумчи Шоҳназар Норбеков “Қайсар” шарафини ҳимоя қилди. Мавсум якунлангач, легионерларимизнинг бари ўз клубларини тарк этди.

Шундай бўлса-да, бу мавсум ҳам барибир Қозоғистон чемпионатини кузатишда давом этадиган бўлдик. Чунки ўтган йилги аутсайдерлардан бири “Турон” ўз олдига катта мақсадларни қўйган ва таркибини сезиларли даражада кучайтирди. Туркистонликлар мавсум бошланиши арафасида тўрт нафар ўзбекистонлик футболчини ўз сафига қўшиб олди.

Бир неча йилдан бери қўшни мамлакат чемпионатида ўйнаб келаётган ва “Ордабаси”нинг 2023 йил чемпионликни қўлга киритишига катта ҳисса қўшган Шаҳбоз Умаров энди “Турон” жамоаси шарафини ҳимоя қилади. “Пахтакор” тарбияланувчисининг профессионал фаолияти жуда қизиқ кечмоқда. “Шерлар”нинг асосий таркибига кира олмаган Умаров 2018 йили “ОТМК” жамоасидан қўним топди ва ўша йили олмалиқликлар ўз тарихида илк бор Ўзбекистон кубогига сазовор бўлди.

Орадан уч йил ўтиб, Шаҳбоз БАТЭ сафида Беларусь кубогини қўлга киритди.

2022 йили “Ордабаси”га келган Умаров аввал Қозоғистон кубоги мусобақасида, бир йилдан кейин мамлакат чемпионатида ғолиб чиқди.

“Турон” сафига қўшилган 31 ёшли Хуршид Мухторов анча тажрибали футболчи. Марказий ҳимоячи юртимизда “Гулистон”, “”Қўқон-1912”, “Сўғдиёна”, “Навбаҳор”, “Локомотив”, “ОТМК”, “Насаф”, “Турон”, “Нефтчи” каби клубларида ўйнаган.

Хуршид Мухторов илк бор легионер сифатида тўп тепадиган бўлди.

23 ёшли Одилжон Абдумажидов мамлакатимизнинг энг иқтидорли ёш ўйинчиларидан бири ҳисобланган. Ўзбекистонда “Андижон”, “Металлург”, “Олимпик” ва “Динамо Самарқанд” жамоаларида маҳоратини намойиш қилган ҳимоячи 2022 йили Қозоғистон чемпионатида “Ордабаси” сафида ҳаракат қилган.

Қозоғистондаги легионерларимиз орасида энг яши Беҳруз Асқаровдир. 21 ёшли универсал ўйинчи “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. У майдон ўртаси, таянч зона ва ҳимоя марказида ишончли ўйнай олади. Тошкентликлар бу футболчини бир мавсумга “Турон”га ижарага берди. Бу орқали Беҳруз мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиши кўзда тутилган.

Transfermarkt порталида “Турон” ҳозирча 24 нафар футболчини рўйхатдан ўтказгани кўрсатилган. Уларнинг тенг ярми хорижлик чарм тўп усталаридир. Энг кўп легионер Ўзбекистон ва Беларусдан – тўрт нафардан.

Шунингдек, таркибда Россия ва Черногориядан иккитадан ўйинчи ўрин олган. Жамоани бу мавсум беларуслик мураббий Виталий Жуковский бошқаради.

“Турон” янги мавсумдаги илк учрашувини 2 март куни ўз майдонида “Окжетпес”жамоаси футболчиларига қарши ўтказиши белгиланган.    

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!