Тошкентда ўтадиган бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи ҳақида қизиқарли маълумотлар

Хабарингиз бор, 19-21 апрель кунлари Тошкент яна бир бор бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичларидан бирига мезбонлик қилади. Ушбу босқич Токио Олимпиадасига лицензион очколар тақдим этиши билан янада аҳамиятли. Ўзбекистон гимнастика федерациясининг маълум қилишича, айни пайтга келиб 23 давлат вакиллари мусобақада иштирок этиш учун рўйхатдан ўтишган. Спортчиларнинг умумий сони 73 нафарни ташкил этиб, уларнинг 39 нафари яккалик баҳсларида қатнашишади.

Мезбонлигимиз остида кечадиган мусобақада Сабина Тошкенбоева ҳамда Екатерина Фетисова яккалик баҳсларида юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. Гуруҳ беллашувларида қатнашадиган гимнастикачиларимиз россиялик мураббий қўл остида ҳозирлик кўришмоқда. Унда Нилуфар Шомуродова, Динара Равшанбекова, Софиябону Қосимова, Камола Ирназарова, Ксения Александрова, Севара Сафоева баҳсларга киришади. Айни пайтда юртдошларимиз жаҳон кубогига тайёргарликнинг сўнгги босқичини олиб боришмоқда.

Турнир 19 апрель куни старт олади. Тантанали очилиш маросими 19:30 га белгиланган. 20 апрель куни соат 13:30 дан кўпкураш бўйича яккалик ва жамоавий беллашувлар бошланади. 19:30 да тақдирлаш маросими бўлиб ўтиши режалаштирилган. 21 апрель куни эса ҳар бир элемент бўйича ғолиб ва совриндорлар номи аниқлаб олинади. 16:00 да мусобақанинг тантанали ёпилиш маросими бошланади.

Манба: МОҚ