Трансферлар ойнаси. А сериядан кимлар кетади: Кулибали, Пьянич, Мартинес (2 қисм)
Мараш Кумбулла
Кумбулланинг ўзи кейинги мавсум қайси клубда ҳаракат қилишини ҳал қилиб ҳам улгургандир. Жорий мавсум у ва клуби “Верона” Европа футболида энг ҳайратланарли натижалардан бирини қайд этмоқда. Клуб А серияга қайтганидан кейинги дебют мавсумидаёқ 8 поғонани банд этиб турибди.
Ушбу натижаларда катта рол ўйнаётган Мараш “Верона”нинг “юраги”, деб таърифланаётгани бежиз эмас. У ҳимоя марказида ғоят ишончли ҳаракати билан ажралиб турибди. Натижада 20 ёшли иқтидор эгасига “кўҳна қитъа”нинг 10 га яқин топ клублари “оғиз солган”: “Ювентус”, “Интер”, ПСЖ, “Тоттенхэм”... Давом эттираверайми?!
Лаутаро Мартинес
Аргентиналик форвардга “Барселона”нинг қизиқаётгани ҳеч кимга сир эмас.
“Неррадзурилар” спорт директори Пьеро Аузильо эса Лаутаронинг “Жузеппе Меацца”ни тарк этишини нореал иш, деб ҳисоблайди. “Барселона” уни харид қилишни истаса 111 млн евронинг баҳридан ўтиши талаб этилади. 15 июлдан кейин бу нарх янада кўтарилиши кутилмоқда.
Каталонияликлар эса 23 ёшли форварднинг трансферига бир қатор футболчиларини қўшиб беришни таклиф қилмоқда. Агар “альбиселеста” футболчиси “Барса”га кетишни истаса, “Интер” ҳам бундан максимал фойдаланиб қолишни кўзлайди.
Аркадиуш Милик
2021 йилда шартномаси якунига етадиган футболчи бўйича билдириладиган ҳар қандай таклифни неаполликлар мутасаддилари кўриб чиқишга тайёр. Аслида, “Наполи” учун ҳам польшалик ҳужумчини сақлаб қолиш фойдали бўларди. Ҳар ҳолда, 16 учрашувда 9 та гол урган Миликнинг клубга ҳали кўп фойдаси тегиши мумкин. Аммо шундай футболчини текинга қўлдан чиқаргандан кўра, унинг трансфер суммасидан фойдаланиб қолишни мақсад қилишган.
Ўз навбатида, Миликка аниқ мақсадга эга харидор ҳам бор. Хабар қилинишича, Гонсало Игуаин тез фурсатларда фаолиятини Аргентинага кўчиради. “Ювентус” эса янги №9 га эҳтиёж сеза бошлайди.
Сергей Милинкович-Савич
Скудетто учун курашда «Лацио»нинг яна қанча бардош бера олишини ҳеч ким билмайди. Аммо шуниси аниқки, бу йил ўз даражасини исботламас экан, Милинкович-Савич каби топ клублар эътиборидаги футболчиларни жамоада ушлаб туришдан фойда йўқ.
Клуб спорт директори Игли Тейр аллақачон сербиялик футболчининг ўринбосари топилганини айтиб ўтди. Айни дамда Сергей учун курашда узоқ йиллардан буён унга қизиқиш билдириб келаётган ПСЖ етакчи. Римликлар президенти Клаудио Лотито 25 ёшли хавбекнинг нархини 100 млн евро, деб белгилади.
Лукас Пакета
Рестартга яқин қолаётган бир пайтда мутахассислар энг кўп кузатишни истаётган футболчилардан бири бу – Лукас Пакета. 18 ой аввал “Милан”га келган бразилиялик хавбекни, жамоа афсонаси Какага қиёслашди. Ўтган давр мобайнида унинг ўйини ўсиб бормоқда ва юқоридаги таҳминларни оқлай бошлади.
Пакета ва “россонерилар”нинг бошқа бир нечта футболчилари дарҳақиқат яхши ўйнамоқда. Аммо жамоадаги чуқур инқироз уларнинг бошқа жамоаларга кетишига сабаб бўлиши мумкин. Шу жумладан, Пакетага ҳам А Сериянинг бошқа бир гранди “Фиорентина” даъвогарлик қилмоқда. Миланликлар эса музокаралар учун доим очиқ клубга айланиб бормоқда.
Миралем Пьянич
“Ювентус”нинг босниялик футболчини “Барселона” футболчиси Артур билан алмаштириш режаси иш бермади. Бироқ ҳамон Пьяничнинг “кекса синьора” таркибида келгуси мавсумда бўлиши сўроқ остида.
Маурицио Сарри ушбу мавсумда 30 ёшли футболчини узлуксиз майдонга туширган бўлса ҳам аслида унинг ўрнига бошқа футболчиларни қидира бошлаган. Жоржиньо ва Сандро Тонали, шулар жумласидан. Демак, Миралем жамоадан кетишининг ҳеч қандай ҳайратланарли жойи йўқ.
Адриен Рабьо
“Ювентус” нега уни сотмоқчилиги тушунарли. Аввало, “бианконерилар” футболчини текинга қўлга киритган. Ундан ташқари, 17 та учрашувда атиги биттадан гол ва пас туринликлар ярим ҳимоячиси учун жуда ҳам паст натижа.
Аммо француз футболчисининг хизматларига эҳтиёжманд жамоалар ҳам бор. АПЛнинг биратўла икки клуби: “Манчестер Юнайтед” ва “Эвертон” Рабьога қизиқиш билдирмоқда.
Сандро Тонали
“Брешиа” катта эҳтимол билан келгуси мавсум А Серияда бўлмайди. Тонали бундан мустасно. Ўйин услуби ва ҳатто ташқи кўриниши билан ҳам Андреа Пирлони ёдга солаётган футболчига “Ювентус”дан ташқари “Барселона”, “Интер” ҳамда “Манчестер Юнайтед” жамоалари харидор. Сандронинг нархи 30 млн еврога баҳоланмоқда.
Хабарларга кўра, 20 ёшли футболчига Италия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Антонио Контенинг шахсан ўзи қизиқиб қолган ва бу якунда ҳал қилувчи фактор бўлиши мумкин.
Ченгиз Ўндер
“Рома” топ клубларни юқори савияли футболчилар билан таъминловчи академияга ўхшайди. Бу мавсум ҳам бир қатор иқтидорли футболчилари билан европалик скаутлар “кўзини ўйнатган” римликлар молиявий фейр-плей талабларини бажариш мақсадида уларни сотишга мажбур бўлиши мумкин.
Туркиялик футболчига ҳам бир нечта топ клублардан таклиф бор. “Ювентус”, “Эвертон” ва “РБ Лейпциг” 22 ёшли футболчига жиддий эътибор қаратган.
Николо Заниоло
Январда жароҳат олган Заниоло жароҳатидан энди фориғ бўлдим деганда коронавирус пандемияси бошланиб, футбол беллашувлари қолдирилди. Аммо мавсумнинг бошидаёқ ўзини кўрсатиб улгурган футболчи учун аллақачон таклифлар бор. Тез кунларда рестарт оладиган А Серия ўйинлари орасида энг томошабопларидан бири “Рома” иштирокидаги баҳслар бўлиши кутилмоқда. Албатта, бунда Заниоло эффекти ҳам бор.
Футболчига харидорлар Италиянинг ўзида ҳам етарли. “Ювентус” ва “Интер” 20 ёшли ҳужумчини қўлга киритиш учун жиддий курашга киришган. “Тоттенхэм”нинг бир нечта таклифи рад этилганига қарамасдан уларни курашдан чиқариб қўйиш ярамайди.
Юқоридаги футболчиларнинг келажаги қай тариқа шаклланиб боришини вақт кўрсатади. Ёзги трансферлар ойнаси футболчи фаолиятидаги алоҳида бўлим. Унда қабул қилинган қарорлар келгусида уларнинг фаолиятида улкан бурилишларга сабаб бўлиши мумкин.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар