Триатлон бўйича мамлакат чемпионлари аниқланди
Ads

Навоий шаҳрида Олимпия спорт турлари оиласига кирувчи триатлон бўйича Ўзбекистон биринчилиги ҳамда чемпионати якунига етди.

Дастлаб стартга киришган 15-17 ёшли спортчилар ўртасида пойтахтлик триатлончиларнинг қўли баланд келди. Камрон Хаджаев белгиланган масофани сузиб ўтди, кейин эса велопойга ҳамда югуриш машқларини 37 дақиқа 28 сонида босиб ўтди. Руслан Сафин эса ундан 1 дақиқа 10 сония ортда қолди. Навоийлик Кирил Кисилев 39 дақиқа 11 сония вақтни кўрсатди.

Шу ёшдаги қизлар мусобақасида навоийлик Севара Суярова биринчи (41 д, 56 с), қашқадарёлик Шаҳло Бобоқулова иккинчи (44 д, 36 с), яна бир мезбон спортчиси Зулайҳо Нуриллаева учинчи ўринни (45 д, 08 с. вақт билан)  эгаллади. Шу ёшли спортчилар мусобақасида умумжамоа ҳисобида Навоий вилояти вакиллари биринчи, Тошкент шаҳри спортчилари иккинчи, Қашқадарёлик триатлончилар учинчи ўринга эга бўлишди.

Ўзбекистон чемпионлиги ва терма жамоа таркибидан ўрин эгаллаш учун 20 ёшли ва ундан катта бўлган спортчилар стартда жам бўлишди. Мусобақада иштирокчилар дастлаб 1500 метр масофани сузиб ўтишлари, сўнгра қирқ километр масофадаги велопойгада етакчи бўлиш учун интилишлари ва ниҳоят 10 километр масофани югуриб ўтишлари талаб этилди.

Натижаларга кўра, халқаро тоифадаги спорт устаси Жавоҳир Юнусов 1 соат 51 дақиқа 36 сония билан биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар тошкентлик Алеександр Куришов ҳамда Шохрух Юнусовга насиб этди.

Аёллар ўртасидаги мусобақаларда самарқандлик Дилдора Худойназарова баҳсларни 2 соат 23 дақиқа 20 сония билан биринчи бўлиб якунлади. Иккинчи ўрин пойтахтлик Латофат Содиқова (2 соат, 23 дақиқа, 48 сония), учинчи ўринни Тошкент вилояти вакиласи Ҳаётхон Абдуманнопова (2 соат, 33 дақиқа 59 сония) эгаллади.

Чемпионатда умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри вакиллари биринчи, андижонлик триатлончилар иккинчи, Самарқанд вилояти спортчилари учинчи ўринни банд этишди.