Тур афишаси, мавсумнинг сюрприз жамоаси ва етакчиларга бош оғриғи бўлаётган "Андижон" ёхуд тур олдидан Мурзоев нималарни айтди?
10-13 август кунларида Суперлиганинг 16-тур беллашувлари ўтказилади. Шубҳасиз, бўлажак қарама-қаршиликларда сиз билан биз интиқлик билан кутаётган жиддий баҳслар бор.
Айниқса, Наманганда “Навбаҳор” “Пахтакор”ни қабул қилади. Тур айнан ушбу марказий беллашув билан бошлади. Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоев 16-тур олдидан жамоаларнинг имкониятлари борасида фикр билдириб ўтди.
10 август
“Навбаҳор” – “Пахтакор”
- Сўзсиз тур афишаси “Навбаҳор” ва “Пахтакор” ўртасидаги учрашув. Қолаверса, наманганлик мухлисларни стадионни қандай “ёндиришини” биламиз. Шу нуқтаи назардан бу учрашув йил ўйини даражасига чиқадиган беллашув бўлади, деб ўйлайман. Иккала азалий рақиблар ўйини. Чемпионлик пойгаси учун асосий рақобатчилар. Имкониятларини 50х50 баҳолардим. Фақат “Навбаҳор”да ўз мухлислари қаршисида ўйнаши нуқтаи назаридан озгина устунлик бўлиши мумкин.
“Насаф” – “Бухоро”
- “Бухоро” ўтган турда ваниҳоят ғалабага эришди. “Насаф” эса тобора чемпионлик пойгасида ортда қолмоқда. Шундай бўлса-да, “Насаф” исталган ўзбек клубларига қаршилик кўрсата олади. Агар ўз ўйинини намойиш қилса “Бухоро” жамоасига жуда қийин бўлади. Барибир бу ерда кўплаб факторлар “Насаф” фойдасига. Лекин иккала жамоа ҳам 90 дақиқа давомида бор кучини сарфлаб натижага эришиш учун курашишади.
11 август
ОКМК – “Олимпик”
- Иккала жамоа шуниси билан ажралиб турадиларки, ўз ўйинларини кўрсата оладилар ва рақибга ҳам ўйнашга имкон беради. “Олимпик”ни сўнгги бор “Сўғдиёна”га қарши учрашувини эсласак бўлади. Менимча, бўлажак ўйинда ҳам голлар шоусига гувоҳ бўлсак керак. ОКМК ҳам аста-секин лигада ўз ўрнини топиш билан биргаликда ОЧЛ ўйинлари учун тайёргарликни бошлаб юборган бўлса ажаб эмас.
“Нефтчи” – “Сўғдиёна”
- Яна бир яхши қарама-қаршилик. Фарғоналиклар ҳозирда ўз ўрнига тушиб олган. Чемпионлик ҳам ўз қўлларида эканини аниқлаб олишди. Узоқ муддатдан бери мағлубиятга учрашмаяпти. Шундай бўлса-да, Иван Бошкович шогирдлари ҳам ҳеч ким олдида бўйин эгмасликларини исботлаш учун майдонга тушишади. Ўзининг ракурсидаги қизиқарли учрашув бўлади. Сўнгги турлардаги натижалардан келиб чиққан ҳолда бирор жамоани фаворит деб ажратиб бўлмайди. Муҳими, муросасиз ўйин бўлади.
12 август
“Сурхон” – “Турон”
- Мавсумнинг сюрприз жамоаси – “Сурхон”. Яна бир турдан-турга сюрприз кўрсатаётган клубга қарши ажойиб ўйин бўлиб ўтади. Суперлигамиздаги клубларнинг даражалари ва кўрсатаётган ўйинлари ижобий томонга ўзгарган. Ҳар бир учрашувда бирор-бир клубни яққол фаворит деб айтиб бўлмайди. Қайсидир жамоани 100 фоиз ғалаба қозонишига ишонч ҳам қолмаган. Чунки олдиндан нима бўлишини айтиб бўлмаяпти. Турнир жадвалининг юқори ва пастки қисмида шиддатли жанг кетмоқда. Ўз олдига юқори вазифаларни қўйишмаган бўлса-да, ўз ўйинларида яхши натижалар кўрсатишга интилатёган икки клуб бир-бирига қаршилик кўрсатади.
“Бунёдкор” – “Андижон”
- Сўзсиз “Андижон”нинг кўрсатаётган ўйинлари ва айниқса кучли клубларга қарши ажойиб кечмоқда. Янги мураббий келгач, ўз ўйинини қидираётган “Бунёдкор”га қарши баҳсда менимча жамоаларнинг кучлари тенг. Ҳимоявий ўйинни кўрсатадиган “Андижон” “Бунёдкор”га анча бош-оғриғи бўла олади.
13 август
“Қизилқум” – “Металлург”
- “Кончилар”га қарши ҳар доим тўқнаш келинганида жамоаларнинг ўзаро ўйинлари, муросасизлиги ҳамда ўзига яраша қарашлари мавжуд. Ўз ўрнида икки жамоани ҳам жадвалда қуйи поғоналарда бораётганини инобатга оладиган бўлсак, майдонда 6 очколик жанг бўлади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар