Турдош спорт турлари мусобақаси давом этмоқда
Ads

Аввал хабар бериб ўтилганидек Миллий олимпия қўмитаси бу йўлда янги мусобақага асос солган. Турдош спорт турлари турнирида таэквондо WTF, бокс, каратэ WKF ҳамда дзюдо бўйича беллашувлар ташкил қилинмоқда. Шу кунгача таэквондо WTF бўйича саралаш турнири ниҳоясига етди. Унда ушбу спорт турининг ноолимпия йўналишларида фаолият олиб бораётган спортчилар иштирок этишди. Мусобақада ўзини кўрсатган ёшлар олимпия йўналиши ҳисобланган WTFга йўналтирилади ва шу орқали улар Олимпия ўйинларида иштирок этиб, нуфузли мусобақада юртимиз байроғини юксакларга кўтариш имкониятига эга бўладилар. Асосий мақсад ҳам аслида шу.

Режа бўйича олдинда бокс, каратэ WKF ҳамда дзюдо бўйича мусобақалар бизни кутиб турибди. Эртага, 28 сентябрь куни бокс бўйича беллашувлар старт олади. Баҳслар қизғин ўтиши кутилмоқда. Кикбоксинг, ҳаваскор ва профессионал муайтай, қўл жанги, ушу-санда каби спорт турлари билан шуғулланаётган ёшлар бу сафар ўзларини боксда синаб кўришади. Пойтахтимиздаги «Универсал» спорт саройида ўтказиладиган мусобақаларда янги номлар кашф этилиши кутилмоқда. Мураббийлар томонидан саралаб олинган спортчилар эса кейинчалик бокс билан шуғулланадилар. Шу ўринда яна бир маротаба Ҳасанбой Дўсматовни мисол қилиб келтириб ўтмасак бўлмайди. Рио Олимпиадаси чемпиони ҳам ўз вақтида кикбоксинг билан шуғулланган. Тўғри олиб борилган селекция сиёсати ўлароқ, Ўзбекистон Олимпия ўйинлари чемпионига эга бўлди.

Бокс:

Қайси спорт турларидан спортчилар иштирок этиши режалаштирилмоқда: Кикбоксинг, ҳаваскор ва профессионал муайтай, қўл жанги, ушу-санда.

Мусобақанинг бошланиш куни: 28 сентябрь

Каратэ WKF:

Қайси спорт турларидан спортчилар иштирок этиши режалаштирилмоқда: Миллий каратэ, анъанавий каратэ, шотакан, фудокан.

Мусобақанинг бошланиш куни: 3 октябрь

Дзюдо:

Қайси спорт турларидан спортчилар иштирок этиши режалаштирилмоқда: Миллий кураш, белбоғли кураш, жиу-житсу, самбо.

Мусобақанинг бошланиш куни: 6 октябрь.

Турнирда биринчи ўринни қўлга киритган спортчилар Миллий олимпия қўмитаси томонидан 5 миллион сўм миқдоридаги мукофот пули билан тақдирланадилар. Иккинчи ўрин эгалари 1 миллион, учинчи ўрин соҳиблари эса 500 минг сўм миқдоридаги мукофот пуллари билан тақдирланадилар.

Кескин ва муросасиз баҳслар гувоҳига айланиш учун Таэквондо WTF ассоциациясига қарашли «Универсал» спорт саройига ташриф буюринг. Кириш бепул.