
Туркияда "Эмир" номи билан машҳур ўзбекистонлик жангчи чемпионлик камари учун жанг қилади
26 февраль куни Туркиянинг Бурса шаҳрида катта ММА кечаси ташкил этилади. Туркиянинг KFL (KADYROV FIGHTING LEAGUE) промоушени томонидан ташкил этилаётган ушбу жанг оқшомида бир қатор ўзбекистонлик жангчилар ҳам октагонга кўтарилади.
Аҳамиятли жиҳати, марказий жангда бир неча йиллардан буён Туркиянинг турли промоушенларида ўз жангларини ўтказиб келаётган ҳамюртимиз, "Эмир" номи билан турк заминида шуҳрат қозонган, Ҳумоюн Ибрагимов эронлик Амирҳусайн Орифига қарши чемпионлик камари учун баҳс юритади. Мазкур жанг ярим енгил вазн (65.8 кг) тоифасида ўтказилади. Ушбу турнирга "Юнус Эмре" спорт мажмуаси мезбонлик қилади.
Шунингдек, Туркиянинг "Dagi fight" клубида машғулотлар олиб бораётган юртдошларимиз Шаҳбозбек Илёсов, Мурод Қодиров, Бобур Раҳматуллаев ҳамда Жаҳонгир Раҳматуллаев ҳам ушбу жанг кечасида октагонга кўтарилади.
Маълумот учун, Ҳумоюн Ибрагимов профессионал фаолияти мобайнида 4 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган.
Фикрлар