Туркияда машҳур футболчини қамаб қўйишди
Туркия миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Ҳасан Шош Истанбул вилоятининг Бакиркёй тумани прокуратураси раҳбарлигида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ иш бўйича ўтказилаётган тергов доирасидаги операция давомида қўлга олинди.
Бу ҳақда Haberler нашри хабар берди.
Маълумотга кўра, жами 15 киши ҳибсга олинган. Улар орасида актёрлар Арас Булут Ийнемли ва Мелиса Сезен ҳам бор. Шунингдек, 18 нафар гумонланувчини қўлга олиш учун ордер берилган. Прокуратура тергов доирасида тинтувлар ўтказиш, биологик экспертизалар тайинлаш ва гумонланувчиларни сўроқ қилиш бўйича ҳам топшириқ берган.
Тергов гиёҳвандлик ва рағбатлантирувчи моддаларни истеъмол қилиш, уларни истеъмол қилишга кўмаклашиш ёки бундай моддаларни истеъмол қилиш учун жой тақдим этиш айбловлари бўйича олиб борилмоқда.
50 ёшли Ҳасан Шош клублар даражасида «Адана Демирспор», «Анкарагюджю» ва «Галатасарой» жамоаларида тўп сурган. У Туркия терма жамоаси сафида 40 та учрашув ўтказган ва 2002 йилги жаҳон чемпионатида бронза медалига сазовор бўлган. Футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг Шош «Галатасарой»да бош мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

Фикрлар