Турклар “Рома” ҳужумчисини сотиб олиб, Англияга жўнатиб юборди
Туркия Суперлигасида иштирок этаётган “Бешиктош” клуби мутасаддилари пухта ўйланган трансфер сиёсатидан даромад ишлаб олди.
Турк клуби “Рома”дан ижарага олинган англиялик ҳужумчи Тэмми Абрахамнинг тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда бу савдо тўлиқ якунлади.
Бу режани амалга ошириш учун “Бешиктош” мутасаддилари Рим клубига 11,2 миллион фунт тўлаб берди. Шундан сўнг, улар Абрахамни “Астон Вилла”га трансфер қилиш ишларини якунлаш имконига эга бўлди.
“Челси” тарбияланувчиси бўлган Тэмми Абрахам 2018-2019 йилги мавсумда “аристократлар” асосий таркибидан жой тегмаган паллада айнан “Астон Вилла”да ижарада ўйнаган эди.
BBC маълумотига кўра, “Астон Вилла” собиқ ҳужумчисини тўлиқ трансфер қилиш учун “Бешиктош”га 18 миллион фунт тўлаб беради. Трансфер ижобий якунланиш арафасида, 28 ёшли англиялик ҳужумчи Англияга келиб, янги жамоаси учун ҳам тиббий кўрикдан ўтиб бўлган.
Илгари “Рома”да ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов билан бирга ўйнаган Тэмми Абрахам “Бешиктош”да жами 24 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 12 марта ишғол қилди.
Элдор Шомуродов ҳам ўтган ёз “Рома”ни тарк этиб, жорий мавсумдан эътиборан “Истанбул Башакшеҳир” шарафини ҳимоя қилмоқда. 30 ёшли ҳужумчимиз Туркия чемпионатида 19 та учрашувда рақиблар дарвозасини 13 маротаба ишғол қилиб, тўпурарлар баҳсида яккапешқадам бўлиб турибди.
Фикрлар