"Турон" - "Бухоро" ўйинини бошқарган ҳакам пенальти белгилашда хатога йўл қўйгани маълум бўлди
“Турон” ҳамда “Бухоро” клублари ўртасидаги учрашувда бош ҳакам сифатида ишлаган Хусан Музаффаровнинг айрим қарорлари юзасидан эксперт-ҳакамлар комиссияси баёнот берди. Бу хусусида Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази маълум қилди. Жумладан хабарда шундай дейилади:
“Ўзбекистон Про лигасининг 19-туридан ўрин олган “Турон” – “Бухоро” учрашувининг 82-дақиқасида меҳмонлар жарима майдончаси ичида рўй берган ҳолат Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан кўриб чиқилди.
Унга кўра, “Бухоро”нинг 4-рақамли футболчиси Миржалол Жумаев ўз жарима майдончасида “Турон” вакили Сардор Абдунабиев томонидан узатилаётган тўпга ташланиш чоғида, тўп унинг ён гавда қисмига теккан ҳолда ҳужум бартараф этилган.
Ҳакам бу вазиятда Миржалол Жумаев тўп учун курашда қўли билан ўйнамаганлигини инобатга олиб, ўйинни давом эттириши керак эди, пенальти белгиланиши хато қарор эди" - дейилади Эксперт-ҳакамлар комиссияси баёнотида.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан учрашув бош ҳаками ҳаракатлари юзасидан чора кўрилиши учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ҳакамлар қўмитасига тақдимнома киритилганини маълум қиламиз”.
Қизиқ, учрашув охирларида "Турон" жарима майдони ичида мезбонларнинг икки нафар футболчиси тўпни қўли билан ўйнаган вазият учун ҳакамнинг ҳаракатига баҳо берилмаган.
Фикрлар