"Турон" инқироз ёқасидами ёхуд эртага клуб тақдири ҳал бўлади

Суперлигамизда ягона хусусий клуб – “Турон”нинг бу йилги натижалари жуда қониқарсиз чиқаётгани етмаганидек, охирги пайтларда жамоа атрофидаги гап-сўзлар роса авж олди.

Клубни ташкил этилишидан бошлаб "Turon Eco Cement" молиялаштириб келаётганди. Ҳеч кимга сир эмаски, ўтган йиллар мобайнида катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. “Турон” илк бор Суперлигага чиқиб, яна про лигага қайтганида ҳам раҳбарият ортга чекинмади. Яна ўзларида қўшимча куч ва энергия топиб, жамоани бошқатдан қурган ҳолда бир йилда қийинчилик билан бўлса-да, кучлилар сафига қайта олганди.

турон2_4

Тўғри, жамоанинг бу йилги натижалари мухлисларини хурсанд қилишга етарли эмас. Биласиз, Суперлигада ҳозиргача биргина ғалабасиз клуб – бу айнан “Турон” бўлиб турибди. Ҳолбуки, барча шароитлар бор, лекин жамоага келганда, нимадир етишмаётганди. Ишқибозлар иккинчи даврадан умид қилиб турган бир пайтда клубнинг хусусий эгалари “Турон”ни молиялаштиришни тўхтатаётгани тўғрисидаги гаплар уларни хафа қилиши табиий.

бушуев6

Аслида барчаси ҳақиқатми? Агар бу рост бўлса, у ҳолда “Турон”нинг кейинги тақдири нима кечади? Боз устига ижтимоий тармоқларда жамоанинг россиялик бош мураббийи Денис Бушуевнинг кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Балки шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, деган гап бор. Вазиятга ойдинлик киритиш учун дарҳол Денис Дмитриевич билан алоқага чиқдик. Мутахассис айни пайтда Тошкентга кетаётганини айтиб, кейинроқ гаплашишини маълум қилди.

Турон7_1

“Турон” клуби бош директори сифатида ишлаб келаётган Абдуваҳоб Аҳмадалиевга ҳам “сим” қоқдиқ. У ҳозирча бу масалада аниқ гап айта олмаслигини, барчаси эртага бўладиган клуб мажлисида ҳал этилишини таъкидлади ва шундан кейингина расмий хабар айта олишини ҳам қўшимча қилиб ўтди. Катта эҳтимол билан эртага “Турон” тақдири ҳал этилади. Шундан сўнг яна бу мавзуни бафуржа таҳлил қилишимиз мумкин бўлади. Унгача эса кутамиз!

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Dolche& Gabana
18/06/2023 02:11
Кераги йук бу командани! Шу бокиманда чала кария футболчилага кетадиган пулни етим есирга таркаткани минг марта фойдали