"Турон"да футбол учун барча шароит бор, "Сурхон"да эса...Ёхуд клубини ўзгартирган футболчидан очиқ гаплар
Маълумки, Суперлига дебютанти – “Турон” жамоаси мавсумга биринчилардан бўлиб тайёргарликни бошлади. Селекция ишларида ҳам бир мунча фаоллик кўзга ташланиб турибди. Эътибор бераётган бўлсангиз, асосан Суперлигада тўп суриб, танилиб қолган футболчилар билан шартномалар имзоланяпти.
Мураббийлар ҳар бир чизиқни кучайтириш ҳаракатадилар. Масалан, ҳимоя чизиғи ҳам тажрибали ўйинчилар ҳисобига бойитиляпти. Шу мақсадда наманганлик Жаҳонгир Меҳмонов ҳам таклиф этилди ва янги мавсумни дебютант жамоа сафида ўтказишга рози бўлди. Гарчи Жаҳонгир Меҳмоновда бошқа таклифлар бўлса-да, у “Турон” клубини танлашга қарор қилди. Футболчи аввало бунинг сабабини айтди:
- “Турон “ клубида футболга бўлган муносабат катта роль ўйнар экан. Футболга алоқада барча жиҳатлар, умуман майда деталларгача эътибор беришибди. Масалан, машғулот жараёнлари, шифокорлар назорати, диетолог, ҳамма-ҳаммаси фақат футболга қаратилган. Жамоани танлашимда ушбу ҳолатлар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ростини айтаман, ўтган йили шундай омиллар туфайли роса қийналгандик, “Сурхон”да эътибор жуда паст бўлди. Молиявий томонлама ҳам муаммолар кўп эди. “Турон”да эса барчаси аксинча. Бу эса мени қизиқтириб қўйди.
Гарчи “Сурхон”да тажрибали ўйинчилар тўпланганига қарамай, жамоа кутилган натижани кўрсата олмаганди. Меҳмоновнинг юқоридаги фикрларидан шуни билиш мумкинки, чиндан ҳам термизликларда барқарор ўйин кўрсатиш учун етарли имконият бўлмаган. Жаҳонгир эса яна қуйидагиларни қўшимча қилди.
- Юқорида бежизга айтмадим, “Сурхон”да футболга эътибор паст эди. Мураббийлар кўп нарса хоҳлашади-ку, аммо клуб томонидан яхши даражада эътибор қаратилмаса барибир минг ҳаракат қилганингиз билан ўхшамас экан. Жамоа эса қийналиб қолди. Молиявий тарафлама катта муаммолар бўлди. Масалан, келишилган сумма бошқача эди, аммо берилаётган сумма бошқача бўлди. Шунинг ҳисобига муаммолар бўлди. Ҳамманинг оиласи бор, ўзига яраша ташвишлари бўлади. Барчага молиявий таъминот керак. Чунки ҳар бир эркак уйдан оиласини боқиш учун чиқади. Шунга яраша футболчига эътибор бўлмаса, руҳий тарафлама ҳам ўйинга тайёр бўла олмайди. Тўғри, молиявий ҳолат муҳим. Лекин энг асосийси, “Сурхон”да футболга бўлган эътибор паст даражада эди. Ҳатто машғулотларда ҳам шундай эди. Сафар ўйинларига боришда ҳам шу аҳвол, ҳаттоки, хордиқ берилган маҳалда уйга бориб-келишимизда ҳам муаммолар бўларди, ёнимиздан пул сарфлаб бориб келардик.
Шундай қилиб, Меҳмонов “Сурхон”ни биринчилардан бўлиб тарк этди, чунки шартномаси тугаганди. Уни яна бир бор “Навбаҳор”га қайтишини кутганлар бор эди. Футболчидан бу борада таклиф бўлдими, деб сўрадик...
- Яширмайман, менга “Навбаҳор”дан таклиф бўлгани йўқ. Шунинг ҳисобига у ерга бормадим. “Турон”да эса футболга бўлган эътибор менга жуда ёқди. Раҳбарлари футбол учун ҳамма шароитни яратиб беряпти. Муҳими, машғулотларда яхши қатнашиб, ўйинларга пухта тайёрланиш учун барча имкониятлар бор. У ерда ҳамма нарса футбол учун қилиняпти, - деди Жаҳонгир.
“Турон”га албатта Меҳмонов каби кўпни кўрган ўйинчиларнинг тажрибаси асқотади. Мақсад эса жиддий эканлиги айтиляпти.
- “Турон” Суперлигада ёш жамоа бўлади, менимча. Чунки элитада дебютант. Ўйинчилари ҳам ёшроқ, энг катталари биз тенги футболчилар бўлса керак. Олдимизга қўйилган мақсадлар катта, бунинг учун ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Муҳими, бу борада ҳамма шароит яратилган. Иқтидорли ёшлар ҳам кўп, клубда. Назаримда, “Турон”да бир қанча футболчилар кашфиёт бўлишади, - дея муносабат билдирди, Меҳмонов.
Фикрлар