U-17 ЖЧ. 2-тур учрашувлари ўз ниҳоясига етди (гуруҳлардаги вазият)
17 ёшлилар ўртасида бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионатининг 2-тур баҳслари ўз ниҳоясига етди. Мазкур тур голларга ва қизиқарли воқеаларга бой ўтди. Қуйида барча натижалар ва гуруҳлардаги вазият билан танишинг.
"A" гуруҳи
Эквадор Марокашни 2:0 ҳисобида мағлуб қилишга муваффақ бўлди. Дастлаб, 62-дақиқада Бермудес ҳисобни очган бўлса, сўнгги дақиқаларда футболчи дублни расмийлаштирди. Индонезия эса Панама билан дуранг ўйнади. Биринчи тайм охирида Кастилло жамоасини олдинга олиб чиқди. 54-дақиқада Кака имкониятларни тенглаштириб қўйди. Мазкур учрашувлардан кейин гуруҳда Эквадор 1, Марокаш 2, Индонезия 3 ва Панама 4-ўринга жойлашди.
"B" гуруҳи
Испания 2-турда Малини минимал ҳисобда таслим қилди. Учрашувнинг 40-дақиқасида илк турда хет-трик қилган Думбия қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. 62-дақиқадада эса "Барса" академияси аъзоси Эрнандес ғалаба голини урди. Вакилларимиз ушбу турда Канадани 3:0 ҳисобида мағлуб қилди. 22-дақиқада Чукву ўз дарвозасини ишғол қилди. Орадан кўп ўтмай Саидов орадаги фарқни иккитага оширди. 81-дақиқада ҳужумчимиз яна бир ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди. Шу тариқа, мазкур турдан кейин Испания пешқадам бўлиб турибди. Ўзбекистон ва Малининг очколари сони тенг. Канада эса ҳали очко ололгани йўқ.
"C" гуруҳи
Бразилия Янги Каледонияни аяб ўтиргани йўқ. Фелипе Леал шогирдлари 9 марта гол уришга муваффақ бўлди. Ўйинда Элиас хет-трик, Райян дубль, Эстевао, Луги, Реис ва Куньялар биттадан ўз номига гол ёздириб қўйди. Шунингдек, Бразилия ушбу ўйинда 81 марта зарба берди. Биринчи турда камбэк қилган Эрон бу сафар ўзи камбэк қурбони бўлди. Дастлаб, Замани ҳисобни очди. 63-дақиқада Денни, 90-дақиқада Ндалалар гол уриб, инглизларнинг ғалабасини таъминлади. Мазкур гуруҳда Англия 6 очко билан биринчи ўринга чиқиб олди. Бразилия ва Эроннинг очколари тенг. Янги Каледония 4-поғонада турибди. Ушбу терма жамоа икки ўйинда 19 марта гол ўтказиб юборди.
"D" гуруҳи
Сенегал Польшага қарши ўйинда 4 та гол уриб, 1 марта дарвозасидан тўп олиб чиқди. Баҳсда Гейе хет-трик қилган бўлса, Сзала автогол уриб, ҳисобни йириклаштирди. 66-дақиқада Регула жавоб қайтарди. Аргентина эса Япония устидан зафар қучди. Аргентиналиклар ўйиннинг 10-дақиқасигача ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келди. Шундан сўнг Ренто фарқни қисқартирган бўлса, Руберто учрашувга нуқтани қўйди. 2-турдан кейин Сенегал 1, Аргентина 2 ва Япония 3-ўринга жойлашди. Польша 4-поғонада турибди.
"E" гуруҳи
Мексика ва Венесуэла ўртасида бўлиб ўтган учрашув 2:2 ҳисоби билан тугади. Ҳисобни 6-дақиқада Кичеро очди. мексикаликлар 62 ва 67-дақиқаларда иккита гол уриб, олдинга чиқиб олди. 84-дақиқада эса Профета пенальтини аниқ амалга оширди. Германия Янги Зеландияни қийинчиликсиз таслим қилди. Брюнер, Моерстедт ва Ялчинкаялар биттадан гол урган бўлса, Уотсон жавоб қайтарди. Германия ушбу ғалаба орқали гуруҳда биринчи ўринга чиқиб олди. Венесуэла эса 2-поғонага жойлашган. Шунингдек, Мексика 3 ва Янги Зеландия 4-поғонада.
"F" гуруҳи
АҚШ 2-турда Буркина Фасо устидан зафар қучди. Фигуероа ва Берчимаслар ҳисобни 2:0 қилиб қўйган бўлса, 89-дақиқада Диарра орадаги фарқни қисқартирди. Франция эса минимал ҳисоб билан Жанубий Кореяни таслим қилди. Ягона голни эса Амоугоу 2-дақиқада урди. Мазкур гуруҳда пешқадам ва иккинчи ўриндаги жамоаларни очколари тенг. Гол нисбатига Франция олдинда турибди. Жанубий Корея ва Буркина Фасо ҳам ҳали очко тўплай олмади.
Фикрлар