"У билан ишлашни шунчаки орзу қила оласан, вақти келиб яна Ўзбекистонга қайтиш имкониятим бўлади" ёхуд Суперлигамизда ишлаган мутахассис Иньестага мураббийлик қиляпти
Мигель Алварез Санчес. 41 ёшли испаниялик мутахассис ўзбек футболи билан яхши таниш. Ўтган йили “Сурхон”да ишлади. Аввалига мураббий ёрдамчиси бўлди, кейин бош мураббийга айланди.
Айни пайтда Мигель Алварез БАА чемпионатида “Эмирейтс” клубида фаолият олиб бормоқда. Бош мураббийга яқиндан ёрдам бераётган Алварез энди жаҳон юлдузларидан бири Андрес Иньеста билан бирга ишламоқда.
Куни кеча Sports.uz сайти журналисти Шуҳратбек Жўраев Мигель Алварез билан боғланди.
- Жаноб Алварез, сизни “Сурхон”даги фаолиятингиз орқали яхши эслаймиз. Яқинда БААнинг “Эмирейтс” клубида иш бошладингиз. Сизга янги қийинчиликлар ва саргузаштлар ёқадими?
- Йўқ, бу пул билан боғлиқ эмасди. Мен аллақачон 11 йилдан, ҳаттоки 12 йилдан бери футбол соҳасидаги илмда фаолият олиб боряпман. Яъни, футбол билимини ўрганиш билан бандман. Саудия Арабистонида, АҚШ, Мальдив Оролларида ишлаб, у ерда Лига ва Кубок баҳсларида ғалаба қозонишга муваффақ бўлгандик. Шу қатори катта клубларда фаолият кўрсатиб келяпман. Ўзимга қолса ҳам Яқин Шарқда қолган бўлардим. Чунки мен лигаларни жуда яхши биламан. Ушбу давлатларнинг маданияти ҳам менга яхши таниш. Шунинг учун бу борада менга осонроқ ҳам бўларди. Ҳаттоки, март ойида менда Германия клуби билан шартнома имзолаш имконияти ҳам бор эди. Лекин қизим келиши ва бу ерда операция қилиниши керак эди. Шу боис қолишга қарор қилдим. Бундан ташқари, февраль ойида Ўзбекистон клуби билан ҳам шартнома имзолашимиз мумкин эди. Бунга яқин келгандик. Лекин ҳаммаси бошқача кетди. Шахсий муаммолар сабабли кета олмадим. Қизим ва оилам билан қолишим керак эди.
- Куни кеча Иньеста ҳам “Эмирейтс” клубига ўтди. Бундай жаҳон футболи юлдузи билан қачондир ишлаш ҳақида ўйлаганмисиз?
- Мен бу юлдузни жуда ҳам яхши кўраман. Иньеста каби футболчиларнинг мураббийи бўлишни шунчаки орзу қила оласан. Худога шукр, бу рўёбга чиқди. Унинг жамоамизда эканлигидан ва қўллаб-қувватлашдан хурсандман. Ҳаттоки, бундай ўйинчидан кўп нарсаларни ўрганишим мумкин. Чунки бундай катта даражадаги юлдуз сенга ўз тажрибалари орқали ёрдам бериши ҳам мумкин. Бу жуда ҳам муҳим. Биз нафақат унга мураббийлик қиламиз, ҳатто ундан ўрганишимиз муҳим. Чунки Иньеста дунё даражасидаги футболчи.
- “Сурхон” ва юртимиздаги фаолиятингиз ҳақида кўпроқ нималарни эслайсиз?
- Ҳар доим ушбу даврларни эслаб тураман. “Сурхон” ажойиб клуб. Одамларингиз жуда ажойиб. Бизга Суперлигада қолиш вазифаси қўйилганди ва бунга эришгандик. Барча йигитлар билан бир мақсад йўлида бирлаша олгандик. Улар менга ва ўзларига ишонишганди. Биз буни амалга ошира олгандик. Бу эса мураббий сифатида мен учун ҳам катта аҳамиятга эга эди. Бу улкан тажриба. Катта имкониятлар сизга келгусида фаолиятингизни янада яхши йўлга қўйиб олишингизда замин ҳозирлайди. Ҳозирги “Сурхон”нинг Суперлигада ўз мавқеига эга бўлиб бораётганини кўришдан хурсандман. Худо хоҳласа, кун келиб яна қайтиш имконияти бўлишига умид қиламан.
Мен Ўзбекистонни доимо Осиёнинг энг кучли лигаларидан бири деб ҳисоблаб келганман. Албатта, ушбу қитъада Япония, Саудия Арабистони каби гигант лигалар бор. Лекин Ўзбекистонни улардан кейинги энг яхши лигалар қаторида деб айтишим мумкин. Сўнгги йилларда футбол ташкилотчилиги, футбол ассоциацияси, ҳакамлари бирлашиб яхшироқ ишлаб, лига мавқеини янада ошириш йўлида катта ишларни қилишяпти. Умид қиламанки, улар худди шу йўлда ва шу темпда давом эта олишади.
- Демак, “Сурхон”ни фаол тарзда кузатиб боряпсиз-а?
- Ҳа, мен доимо Ўзбекистон Суперлигасини кузатиб бораман. Келажакда нима бўлишини билмайсиз. Биз балки яна Ўзбекистон Суперлигасига қайтиб қолармиз. Шу жиҳатдан мен ҳамма вақт Суперлигани кўриб бораман. Ўзим бирга ишлаган футболчилар билан ҳамиша алоқада бўлиб тураман. Уларнинг фаолиятини яхши йўлга қўйиб олганлигидан хурсандман. “Сурхон” мухлислари ҳам жамоанинг ҳозирги ҳолатидан хурсанд бўлишса керак. Ўйлашимча, ўз жамоасидан янада кўпроғини кутишга ҳақлилар. Уларга омад тилаб қоламан.
- Имкониятингиз бўлса яна Ўзбекистонга қайтасизми?
- Доим айтиб ўтганимдек, менинг хоҳишим давом эттириш эди. Бироқ барчаси бошқача кечди. Таъкидлаб ўтганимдек, шу йилнинг февраль ойида менда яхши таклиф бор эди. Бир қадам қолганди, аммо мен тарафимдан шахсий муаммоларим сабабли бора олмадим ва шартномани имзоламадик. Лекин мен кун келиб яна Ўзбекистонда ишлаш имкониятига эга бўлишимга ишонаман. Бу давлатни, маданиятини, халқини яхши кўраман. Лига ҳам жуда рақобатбардош. Ишлаш имконияти пайдо бўлса, хурсанд бўладиган биринчи одам ўзим бўламан.
- “Сурхон”да сиз билан бирга ишлаган Анхель Лопес ҳозир Кипрда фаолият олиб боряпти. Нега бу сафар ҳам у билан бирга бўлмадингиз?
- Аввало, бу имкониятни тақдим бўлишида сабабчи бўлган Анхелга раҳмат айтган бўлардим. Айнан у сабабли мен Ўзбекистонга келгандим. Якунда у кетгач, бир муддат жамоани бошқариш имконияга эга бўлдим. Биз яхши натижага эриша олдик. Анхель клубдан кетганидан кейин мен билан гаплашгани йўқ. Барибир унга Ўзбекистонга боришимга сабабчи бўлгани учун раҳмат айтаман.
- Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида сизга кўпроқ қайси мураббийимизнинг иши ёқди?
- Бу саволга жавоб бериш бироз қийин. Чунки мураббий сифатида бошқа мураббийларнинг ишларини қандай қийинлигини ва уларнинг ўйин услуби ҳар хиллигини, хар кимнинг ўзига хос услуби ва қарашлари борлигини яхши биламан. Уларни жуда ҳам ҳурмат қиламан. Шунинг учун кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатиш, кучли ва кучсиз жиҳатларини фарқлаш мен учун қийин. Аммо исмини эслай олмадиму, “Олимпик” жамоаси устози яхши ўйин қурганди (Темур Кападзе.муаллиф). У 21 ва 23 ёшдаги футболчилар билан яхши жамоа шакллантирганди. Унинг ўйин услуби ҳам ўзига хос бўлганди. Яхши мураббийлигини ўзим учун кашф қилгандим. Аммо лигадаги бошқа мутахассислар ҳам ўзига яраша кучли жиҳатларга эга. Ҳар бирининг ўзига хос устун тарафи бор.
- Фаолиятингизда Иньестадан ташқари яна қайси машҳур футболчи ёки мураббийлар билан ишлагансиз?
- Кўп футболчилар билан ишлаганман. Лекин, албатта Иньестага ўхшагани бўлмаган. Биламизки, Иньеста тарихда ягона бўлган. Фаолиятим давомида шунингдек. Альваро Негредо билан ишлаганман. Бундан ташқари, Валенсия, Ромариньо, Маркиньос, Тьяго каби футболчилар билан ҳам бирга фаолият олиб борганман. Саудия Арабистони мундиалда Аргентина билан ўйнаган ва уларни мағлуб этган жамоадан кўплаб футболчилар билан ишлашга муваффақ бўлганман. Аргентиналик Хименес ва катта мураббийлардан Эрве Ренар билан ҳам бирга ишлаганман. “Боливар”, “Иттиход” клубларида ишлашга муваффақ бўлганман. Уларнинг ҳаммасидан кўп нарсаларни ўрганганман. “Насаф”да ўйнаётган Марко Станоевич билан ҳам ишлаганман. У ҳозир ҳам “Насаф”да тўп суряпти. Иньестадек футболчи билан илк бор ишлаяпман, у биринчиси. Лекин Иньеста даражасини солиштириш учун Месси ёки Роналдуни оласан тўғрими?
- Сизнингча, Иньеста шу ёшида ҳам кучлими ёки...
- Унинг машғулотларда ишлаши ақлбовар қилмас. Нафақат футбол, балки инсон томонлама ҳам табиати ажойиб. Жамоага яхши таъсир қиладиган ўйинчи. Албатта, 38 ёшли футболчидан 20 ёшли футболчининг ўйинини кута олмайсиз. Лекин, барибир унда ҳам ўзига яраша устунлик жиҳатлари бор. Барибир машғулот жараёнида унинг ўзига хос ўйинчи эканлигини сезиб турасиз. У бизга кўп ёрдам беради, деб ўйлайман. Иньеста жамоамизда бор экан, худди бир киши кўп ўйнаб тургандек ҳаракат қилсак керак. Машғулотлар жараёнида унинг ҳаракатларидан шунчаки роҳат олишингиз мумкин. Тўпга қай тарзда тегиши, қандай югуриши яна қай тарзда футбол ўйнаши сизни ақлдан оздириши мумкин. Мен мураббий сифатида унга ёрдам беришга, қўллаб-қувватлашга доим тайёрман. Мураббийман ва якунда унга кўрсатмалар беришим керак. Ўз ишимни бажаришга ҳаракат қиляпман. Ундан ҳам кўп нарсаларни ўрганяпман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар