У кетди! "Қизилқум" ва Навоий футболига ўзини бағишлаган Ҳамиджон Актамов ҳақида

Футболда ғалаба билан мағлубият ҳамиша ёнма-ён юришини ҳамма яхши билади. Айниқса, бундай жараёнда натижа учун жавобгар бўлган мураббийларнинг зиммасига жуда катта масъулият тушишини ҳам унутмаслик даркор. Қолаверса, футболда шундай ёзилмаган қонун ҳам бор: ютса жамоа ютади, ютқазса эса мураббий ютқазади. Айнан шундай иборадан кўплаб мутахассислар жабр чекишади. Лекин бу – футбол ва унинг жозибаси ҳаммамизни доимо ўзига ром этиб келади. Шундай экан, ҳамма вақт ижобийлик ва салбийлик тушунчаси мужассам бўлиб келган. Бундай жараёнда мураббийлар ҳақида гап кетар экан, доим ҳам улар ўйлаган режалар амалга ошавермаслиги ўз исботини топган. Юқорида ёзганларимизни ўзида ҳис қилиб кўрган мураббийлардан бири эса Ҳамиджон Актамов саналади. Ҳа, ўша сиз яхши билган ва бир неча йил давомида “Қизилқум” жамоасини бошқариб келган ушбу мутахассис бизнинг бугунги мақоламиз қаҳрамони ҳисобланади.

Хабарингиз бор, унинг бошчилигидаги жамоа мавсумни ижобий бошлай олмасдан мухлисларини ранжитиб қўйди. Табиийки, бундай жараёнда асосий танқид бош мураббийга қаратилиши турган гап. Ҳозирги вазиятни эса унинг ўзи ҳам яхши тушуниб турибди. Лекин шуни ҳам унутмаслик жоизки, Ҳамиджон Ғуломович Навоий футболи учун шу кунгача катта ҳажмдаги ишларни бажарганини, унинг ривожи учун муносиб ҳисса қўшганини ҳам алоҳида эътироф этиш ўринли бўларди. Анчадан бери “Қизилқум” бош мураббийи сифатида фаолият кўрсатган мураббийнинг аслида футболга қандай кириб келгани, мураббийлик салоҳияти қай тариқа бошланганини ҳамма ҳам билмаса керак.

- 2005 йилда ўзимиздаги маҳаллий “Южанин” деган жамоада ўйнаб юрардим, - дея тарихни эслади, Актамов. - Бу асосан завод ишчиларидан ташкил топган жамоа бўлиб, бир неча бор вилоят чемпиони ва Кубоги соҳиби бўлгандик. Мен эса бунгача ҳам футбол мактабларида ўқиганман ва футбол борасида ўзимнинг тушунчам ҳам бор. Кейинчалик “Южанин” жамоасида мураббий бўлиб ишлаётган Юрий Лукин бошқа жойга кетиб қолди. Шундан сўнг ўзим у ерда ҳам ўйнадим, ҳам мураббийлик қила бошладим. Орада “С” лицензияси учун ўқидим. Ўша пайтларда вилоятимизда биринчи лигада қатнашадиган клуб йўқ эди. Натижада ўзимиз қизиқиб, завод ишчилари, олий лига ва биринчи лигада тўп сурган собиқ футболчилар билан бир жамоа бўлиб Самарқанддаги пулькага бордик. У ерда иккинчи ўринни олдик. Шунда Бухорода ҳам яна пулька ўтказилиши ва агар биринчи лигага чиқишга иштиёқинглар бўлса, ўша ерда ҳам қатнашишинглар мумкин деб айтишди. Биз эса Бухородаги пулькада биринчи ўринни олдик. Шундан сўнг биздаги иштиёқ янада кучайди. Шу тариқа, “Южанин” жамоасини биринчи лигага олиб чиқа олдик. Буни қарангки, ўшанда биринчи ўйинимиз Кубок доирасида “Пахтакор”га қарши ўтказилган. Эсимда, ўша учрашувда ўзим ҳам ўйнаганман ва биз 1:2 ҳисобида ютқазгандик. Фақат қайси йили эканлиги аниқ эсимда йўқ. Ҳаттоки, ўша ўйинда мен офсайддан ҳам гол урганман, фақат буни ҳисоблашмаган (кулади). “Пахтакор” дарвозасини эса Александр Лобанов қўриқларди. Стадионимизга 10 мингдан ортиқ мухлис келганди, бўш жой қолмаганди, ёмғир ёғиб турганди. Ўша йили биз биринчи лига мусобақасидаги дебют мавсумимизда 4- ёки 5-ўринни олгандик ва бу биз учун яхши кўрсаткич эди. Гарчи биринчи лигада иштирок этишимизга қарамасдан ўша пайтда “Сўғдиёна” номли стадионимизга 10 минггача мухлис келарди. Ўша кезларда майдонда футболчи сифатида ҳам ўйнаб юрдим ва шу билан бирга жамоа бошлиғи вазифасида ҳам ишладим. Юрий Лукинни эса яна қайтариб, уни бош мураббийликка олиб келгандик. Кейинги мавсумларда ҳам иштирокимиз яхши бўлганди. Сўнгра ўша пайтдаги вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов жамоамиз олдига олий лигага чиқиш вазифасини қўйди ва биз мавсумда деярли мақсадимизга эришиб бўлгандик. Ўша пайтда Турдимов билан футбол орқали танишгандим. Ўзимиз ҳаваскорликдан жамоа ташкил қилиб, шу ергача етиб келганимизни билиб, ўзлари чақиртириб, моддий томондан ёрдам берди ва олий лигага чиқишни вазифа қилиб қўйганди. Бунга ҳам адашмасам 10 йилдан ошиб қолди. Ўша мавсумда биз биринчи даврадан кейин 2-ўринда эдик. “Машъал” ёки “Сўғдиёна” асосий рақобатчимиз эди. Вазият шундай эдики, биз бир очкони олсак ҳам мақсадимизга эришардик. Бу орада эса Зарафшон шаҳридаги “Қизилқум” жамоасининг кучлилар сафидаги омади юришмай турганди. Ўша пайтда биринчи даврани 7 очко билан тугатишганди. Раҳбарият эса менга “Қизилқум” жамоасига ўтишимни, клубни сақлаб қолишим кераклигини айтишди. Ҳолбуки, ўша пайтда юқорида айтганимдек, биз ўз жамоамиз билан олий лига эшигининг остонасида тургандик. Тўғриси, Зарафшон анча узоқ эди. Шу боис у ерга бориб ишлашга ҳеч ким рози бўлмади. Қисқаси, ҳеч кимни кўндира олмадим. Натижада раҳбарият иккала жамоани бирлаштириб Навоий вилояти марказида ташкил қилиш ташаббуси билан чиқишди. Зарафшонда ўйнаган футболчилардан Шерали Жўраев, Фарруҳ Ҳайдаров, Акмал Рустамов, Акмал Ҳолиқов, Алишер Ҳолиқов каби футболчилар қолишди. Хуллас, шундай қилиб, иккала жамоани бирлаштириб вилоят марказига кўчирдик. Натижада иккинчи даврада 18 очко жамғариб, умумий ҳисобда 25 очко билан жамоани олий лигада сақлаб қолдик. Ўшанда биз учун катта ютуқ сифатида ўз уйимизда “Локомотив”ни 1:0 ҳисобида енгганимизни айта оламан. Чунки ҳеч ким бизнинг ғалабамизни кутмаганди. Рақиб эса кучли эди. Ўшанда омад бизга кулиб боққанди. Охирги турда эса сафарда “Гулистон”га қарши ўйнадик ва бизни дуранг ҳам қониқтирарди. Шунга қарамасдан рақибни 3:2 ҳисобида ютдик. Шундан сўнг мен мураббийликнинг “В” ва “А” категорияларига ўқидим ва астойдил ишга киришдим.

актаомв2

Кўриб турганингиздек, Актамов мана шундай мураккаб йўлни босиб ўтган, аммо буни кўпчилик ҳам билавермайди. Унинг учун ҳар доим футболга бўлган муҳаббати ва иштиёқи устун турган. Шунинг эвазига у вилоятда футболни ривожлантириш учун қўлидан келган барча ишларни бажаришга ҳаракат қилди ва бу йўлда тинмай меҳнат қилди. Аммо юқорида айтиб ўтганимиздек, доим ҳам ўйлаган режалар амалга ошавермасди. Унинг “Қизилқум”га қандай келганини ўзи айтиб ўтган фикрлари орқали билдингиз. Хўш, шундан кейин унинг жамоаси билан кучлилар орасидаги натижалари қандай кўриниш олди?

- 2014 йили 10 таликда қолдик. Кейинги йили ҳам шундай натижа қайд этдик. 2016 йилги чемпионатда эса биз 6-ўринни қўлга киритдик. Таркибимиз ҳам яхши футболчилардан ташкил топганди. 2017 йилга келиб чемпионатимизда тубдан ислоҳотлар содир бўлди. Ўша йили 10 таликда қолдик. 2018 йилга келиб эса чемпионатимиз олтиталикка бўлинди ва дастлабки олтиталикка кира олмадик. Якунда эса 8-ўринни эгалладик. Ўтган йилги мавсум эса биз учун оғир кечди. Тўғри, жамоа аъзоларидан бўлган қарздорликларимизни бартараф этдик. Аммо мавсум давомида маблағ томонлама узилишлар бўлгани сабабли футболчиларга мотивация етишмади. Бунинг устига омадимиз ҳам чопмади, - дейди Ҳамиджон Ғуломович.

Бироқ жорий мавсумда унинг ва жамоанинг ишлари яхши бошланмади. Оқибатда Актамовга нисбатан мухлислар томонидан танқидлар билдирила бошланди. Аслида бу ҳам футболнинг бир бўлаги саналади ва ушбу жараённи мураббийнинг ўзи ҳам яхши тушуниб турибди. Натижада унинг клубдан кетиши борасида ҳам гап-сўзлар кўпайиб қолганди. Ўз навбатида “Қизилқум”ни бир неча йил давомида бошқариб келган мураббий янги мавсумдаги омадсиз старт ҳақида фикр билдирар экан, шундай деди:

- Мана, янги мавсум ҳам бошланди. Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам чарчаб қолдим. Ўзингиз ўйланг, етти йил давомида узлуксиз бир ўзим ҳам моддий, ҳам инфраструктура, ҳам таркибни шакллантириш ва ўқиш ишлари билан банд бўлдим. Ўша етти йил қандай ўтиб кетганини пайқамай ҳам қолдим. Тўғри, 2019 йилнинг охирлари ва 2020 йилнинг бошларидаги иштирокимиз туфайли раҳбарият ҳамда мухлисларнинг норозилиги келиб чиқяпти. Натижа бўлмаганидан кейин танқидларни тўғри қабул қиламан. Чунки раҳбарлар ҳам, мухлислар ҳам ўз жамоасининг ғалабасини исташади. Лекин бир ўзим қийналдим, ҳар томонлама чарчаб қолдим. Бу йил мавсум бошида сиз журналистлар ҳам нима учун “Қизилқум” қишки йиғинни бошламаяпти, деган саволларни беришни бошлагандинглар. Бирор-бир футболчини Навоийга таклиф қилиб, уни ўйнатиш осон эмас. Барибир яхши ўйинчилар биринчи навбатда кучли клубларга ва яхши пул тўлайдиган жойга боришни хоҳлашади. Қолаверса, футболчиларнинг ҳам шартномалари бўлади. Натижада хорижлик ўйинчиларни чақирдик. Ўйлайманки, биз қисқа фурсат ичида яхши савиядаги легионерларни тўпладик. Ҳозир ҳам таркибимиз чакки эмас. Қўлимиздан келганича жамоани чемпионатга тайёрладик. Биринчи ўйинни ўз уйимизда ўтказдик, босим кучли эди, ўз мухлисларимиз қаршисида ўйнаб уларни ғалаба билан қувонтиришимиз керак эди. Аммо тенг курашлар остида кечган учрашувда омад рақиб томонида бўлди. Ваҳоланки, биз биринчи бўлиб гол ургандик. Аммо ўзимиз йўқ жойлардан голлар ўтказиб юбордик. Яъни, қўпол хатоларимиз туфайли рақибга голларни совға қилдик. Ҳамма ғалабанинг ҳам, омадсизликнинг ҳам сабаби бўлади. Балки биз вақтида тўпланиб, йиғин ўтказа олмагандирмиз. Қолаверса, бу йилги чемпионат ҳам тез бошланди. Бу – футбол. Мана, ўта кучли бўлган клублар ҳам мағлубиятларга учрашади. Бу йил эса жамоани анча ёшартирганмиз, олиб келган легионерларимиз ҳам ёшроқ. Мен эса иккинчи турда ўз майдонимиздаги “Сурхон”га қарши ўйинда қатнашмадим. Соғлигимда муаммолар пайдо бўлганди. Бироз ўзимга келганимдан кейин жамоа билан бирга Муборакка бордик ва у ерда дуранг қайд этдик. Шунда ҳам шифокорлар менга мураббийлар штабида ўтиришимга рухсат беришмади. Ҳаттоки, машғулотларда ҳам қатнашишимга рухсат беришмади. Мана, ҳали ҳам мен даволаниш билан бандман.

актамов6

Шунингдек, Ҳамиджон Актамов ёнига малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадида қишда туркманистонлик мураббийларни ҳам таклиф қилганди. Бироқ афтидан уларнинг сафари тез қариди шекилли. Боиси, Актамов улар ҳақида фикр билдирар экан, ўз навбатида “Қизилқум”га янги мураббий келишини ҳам айтиб ўтди.

- Ҳа, жамоамизга Туркманистондан иккита мураббийни чақиргандик. Туркманистон терма жамоасининг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи Максим Белих хамда “Ахал” клубида бош мураббий бўлиб ишлаган Равшан Мередовни таклиф қилгандик. Натижада улар жамоани тайёрлашди ва мен йўқлигимда иккита ўйинда ҳам туркманистонлик мураббийлар жамоани бошқаришди. Уларга ўз миннатдорчилигимизни билдириб, хайрлашдик. Энди яна бошқа мутахассисни чақирганмиз. Буни мавсум давом эттирилиши олдидан эълон қиламиз. Ҳозирча унинг номини ошкор қила олмайман, аммо у яхши мутахассис. Энди у ишни давом эттиради, мен эса бироз дам олмоқчиман. Мен ишонаманки, “Қизилқум” албатта ишқибозларини ғалабалари билан қувонтира олади. Боз устига вилоят ҳокими ҳамда НКМК заводи бош директори футболнинг чинакам фидойилари ҳисобланадилар. Улар футбол учун барча шароит ва имкониятларни яратиб беришяпти. Навоийга футбол керак, заводларда қанчадан-қанча одам ишлайди ва улар дам олиш учун стадионга келишади. Муҳими, раҳбарларимиз футбол учун жиддий эътибор қаратишмоқда.

Унинг бу гапларидан шуни билиш мумкинки, энди у “Қизилқум” жамоасига бош мураббийлик қилмайди ва ўзи таъкидлаб ўтганидек, тинимсиз равишдаги иш жараёнидан бироз ҳоли бўлган ҳолда ҳордиқ чиқариб олмоқчи.

- Мураббий футболчиларни ўйинга тайёрлайди, уларни руҳлантиради, қўлидан келган ҳамма ишни қилади, - дея гапни давом эттирди, Актамов. - Майдонда эса футболчилар ўйнашади. Айримлари нега мен ўйнамаяпман деб хафа бўлишади. Аммо ўз хатосини тушуниб етишмайди. Ҳеч қайси мураббий эса ўзига душман эмас. Мухлислар эса майдонга туширмаган футболчилар ҳақида ва ўйнаётган ўйинчилар хусусида фикр билдириб, улар мураббийнинг ёқтирган футболчилари дейишади. Шуни айтишим керакки, мураббийнинг қўл остида 15 ёки 20 та ўйинчи бўлса, у ҳаммасини ёқтиргани ва ишонгани учун олиб келган ва шартнома тузган бўлади, тўғрими? Агар ўша ўйинчи керак бўлмаса жамоасига олмайди-ку, шундай эмасми? Баъзи футболчилар эса ҳозирдан Европа чемпионатига сакрашни хоҳлашади. Аммо бунинг учун қанча меҳнат ва профессионаллик кераклигини яхши тасаввур қила олишмайди. Футбол жамоавий ўйин, бу якка кураш эмас. Мураббий эса жамоада кучли руҳшунос бўлиши лозим. Аммо доимий равишда бундай режимда ишлаш оғир. Шу сабабли энди бироз танаффус қилиб, мураббийлик билимимни оширмоқчиман.  

актамов5

Бундан ташқари, яқинда “Қизилқум” клубида собиқ ҳакам, бунгача қисқа фурсат “Сурхон” клубида ишлаган Ҳасан Рўзиев иш бошлаганди. Ҳамиджон Актамов эса ўз ўрнида унга ҳам қисқача тўхталиб ўтди.

- Ҳасан Рўзиев тажрибали инсон. У ҳакамлик қилган пайтда футболчиларнинг характерларини яхши ўзлаштирган. Қийналиб қолган пайтимизда уни Навоий футболига ўз ҳиссангизни қўшинг деб ишга таклиф қилганмиз.

Бу дунёда ҳеч нарса абадий бўлмаганидек, ҳар доим бошланган ишнинг якуни ҳам бўлади. Шу маънода айтганда, мақоламиз қаҳрамонига айланган Ҳамиджон Актамов вилоят футболи учун қўлидан келганича беъминнат хизмат қилган бўлса-да, лекин футболда натижа ҳамма вақт биринчи ўринда туришини унутмаслик лозим. Эътиборлиси, у шунча йил давомида нафақат “Қизилқум”, балки Навоий футболида сезиларли ишларни амалга ошира олгани билан ҳам кўпчиликнинг ёдида қолади. Кетар чоғида мутахассис мухлислардан узр сўрашни ҳам унутгани йўқ.

- Навоийлик мухлисларга раҳмат. Кимлардир бизни тўғри тушуниб, қўллаб-қувватлашди. Кимларнидир эса хафа қилиб қўйдик. Бунинг учун ишқибозларимиздан узр сўрайман. Бу – футбол, биз бирор-бир хориж клубига ютқазганимиз йўқ. “Қизилқум” бугун мағлубиятга учраган бўлса, эртага албатта ютади. Ҳаммани барқарор равишда ютиш учун “Пахтакор”дек таркиб бўлиши керак. Ўша таркиб бўлиши учун эса “Пахтакор”дагидек бюджет бўлиши лозим. Барибир қўлимдан келганича футбол учун хизмат қиламан. Ҳозирча эса бироз танаффус қилмоқчиман. Шу ўринда ҳозирги пайтда бутун дунёда бўлгани каби бизнинг юртимизга ҳам коронавирус хавф солмоқда. Аммо бутун халқимиз билан бирлашиб, ирода кўрсатиб, бундай синовли даврдан ҳам эсон-омон ўтиб олишимизга ишонаман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Dmitrij Popow
28/03/2020 21:56
Пусть не удивляет читателей этот новый пост; тот первый я сам же удалил и ставлю новый. Но я это делаю ради успокоения ситуации. В общем-то, ничего страшного не произошло, а только я в трудное время для всех решил снять с обзора критику. И желаю всем здоровья и терпения для преодоления трудностей! А кто захочет подробно поговорить со мной обо всём, я в открытом доступе всегда.