У нега "Динамо"ни танлади? Яна қандай таклифлари бор эди? Арда Туран билан гаплашдими ёхуд Туркия чемпионатидан қайтган легионеримиз билан суҳбат
Sports.uz орқали Туркия чемпионатидан қайтган ҳамюртимиз Жаҳонгир Ўрозовнинг “Динамо” клубига ижарага ўтгани хусусида хабар бериб ўтгандик. Сайт журналисти ушбу футболчи билан янги клубга расман кўчиб ўтганидан кейинги илк интервьюни уюштирди.
- Жаҳонгир, "Динамо" клубига ижарага ўтганингизни билдик. Бу сиз истаган келишув бўлдими?
- “Динамо” жамоасига ўтганимизни яхши келишув бўлди, деб ҳисоблаймиз. Сабаби, клуб бош мураббийи Вадим Абрамов доим ёшларга имконият берган. Менда Туркия чемпионатида ўйин амалиёти камроқ бўлганлиги учун “Динамо”ни танладим ва бу ерда ўйин амалиётимни кўпайтириб, яна турк клубига яхши спорт формасида қайтиб, ўзимни кўрсатишни ният қилганман.
- Нима сабабдан айнан "Динамо"ни танладингиз?
- Айтиб ўтганимдек, “Динамо”да биринчи навбатда бош мураббий менга қизиқ туюлди. Вадим Карленович ҳамма вақт ёшларга имконият тақдим қилган. “Динамо”ни танлашимда шунингдек, агентимнинг ҳам ўрни бўлди. Чунки бу клубда мени мураббий хоҳлаётганини тушунтирди.
- "Эйюспор" жамоасидаги келажалингиз нима бўлади? Улар кетишингизга қандай муносабатда бўлдилар?
- “Эйюспор” клубим кетишимга қаршилик кўрсатгани йўқ. Жамоам энди Суперлигада қатнашади. Таркибда ёши каттароқ ва тажрибали футболчилар кўп ва улар билан чемпионатни бошлашади. Декабрь ойигача Суперлигага тайёр ўйинчи бўлиб бориш учун “Динамо”да бор кучим билан ўйнаб, малакамни ошираман ҳамда турк клуб раҳбарияти ва мураббийларининг эътиборини тортиб, яна “Эйюспор”да фаолиятимни давом эттирмоқчиман.
- Кетиш олдидан бош мураббий Арда Туран билан гаплашдингизми? Унинг бу борадаги позицияси қандай бўлди?
- Кетиш олдидан бош мураббий билан гаплашганим йўқ. Клубда бош мураббийдан ташқари техник ва спорт директорлари, жамоа бошлиқлари ҳам футболчилар билан гаплашади. Бош мураббий кўпроқ хориж сафарида эди. Шу боис Арда Туран билан гаплаша олмадим. Техник ва спорт директорлари билан гаплашдик ва улар рухсат беришди. Худога шукр, эндиликда яна Ўзбекистондаман.
- "Динамо" фаолиятингизда янги саҳифа очади. Жамоа сизни қандай қабул қилди ва бу ердаги мақсадингиз нимадан иборат?
- “Динамо” қизиқарли жамоа. Янги саҳифа бўлишини ўзим учун кутиб турибман. Клуб аъзолари мени илиқ кутиб олишди. Жамоадаги аҳиллик кўриниб турибди. Ёши катта футболчилар ҳам, ёши кичик ўйинчилар ҳам ва мураббийлар штаби ҳам мамнуният билан қарши олишди. Бу ерда яхши ўйинлар кўрсатиб терма жамоа мураббийларининг назарига тушишни ҳам мақсад қилиб қўйганман.
- Хизматингизга яна қандай қизиқишлар бор эди?
- Қизиқишларга келсак, Таиланд жамоасидан таклиф бўлганди. Аммо агентим бунга дарҳол рад жавобини берди. Агентимга алоқага чиқишган экан. Таиланд футболини Ўзбекистон футболидан пастроқ деб ҳисобладик. Эрон клубларидан ҳам таклифлар бўлди. У ерга бориб, яна Туркиядаги ҳолат такрорланмаслиги учун Ўзбекистон чемпионатини маъқул кўрдик. Ўзимизнинг Суперлигада “Сўғдиёна”, “Андижон”, “Локомотив, “Пахтакор”, ОКМК каби жамоалар қизиқиш билдиришди. Якунда “Динамо” маъқул бўлди.
- Ўзбекистон чемпионатига қайтиш фикри аввало кимдан чиққанди?
- Кўпроқ мени ишим билан шуғулланадиган агентимнинг ташаббуси билан бўлди. Чунки Туркия чемпионатида доимий равишда майдонга тушмаганлигим хавотирга солди. Ўзбекистон чемпионатида яна яхши ҳимоячи бўла олишимнинг эҳтимоли юқорилиги, ўзингни кўрсатасан, терма жамоа мураббийлари эътиборида бўласан, дея шу таклифни билдирди. Агентим билан келишган ҳолда шундай йўл тутдик.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар