У Роналдуни мисол келтирди, Италия эмас, балки Гана термасида тўп суриш истагида ёхуд тўпурарликка ишонаётган Мартин Боакенинг Ўзбекистондаги илк интервьюси

“Андижон” клубининг италиялик ҳужумчиси Мартин Боаке ҳақида энди биласиз. Илк бор юртимизга келди ва италиялик биринчи футболчи сифатида фаолиятини олиб боряпти.

Боакедан андижонликларнинг умиди катта. Аммо ҳозирча ортда қолган тўртта турда Мартин тўлиқ ўйнаган бўлса ҳам, гол ура олгани йўқ. Бироқ унинг тўп билан муомаласи яхши. Кўпчилик унга бироз вақт кераклиги ҳақида айтмоқда.

Унинг ўйини ва ҳаракатидан голлар ўзини узоқ куттирмайдиганга ўхшайди. Боакени яқиндан билиш истагида sports.uz мухбири уни суҳбатга тортди. Натижада у Ўзбекистонга келгач, илк интервьюсини берди.

- Мартин, Ўзбекистон чемпионатида илк бор тўп суряпсиз. Сиз ҳақингизда олдин ҳеч ким эшитмаган. Аввало, ўзингиз ҳақингизда, бунгача ўтказган фаолиятингиз хусусида айтиб ўтсангиз...

- Қисқача айтадиган бўлсам, Италияда туғилганман, Венецияга яқинроқ жойда. Фаолиятимни 16 ёшимда ўша ердаги маҳаллий жамоада бошлаганман. Кейин Австрияга кетганман, у ерда тўрт йилдан кўпроқ ўйнадим. Сўнг, мени Люксембургга таклиф қилишган. Бир қанча муддат ўйнаганимдан кейин Хорватиянинг асосий лигасига чақиришган. Фаолиятимни ўша ерда давом эттираётган пайтимда менга “Андижон”дан таклиф бўлди.

- Болалигингиз қандай ўтган, футболга кириб келишингиз тўғрисида ҳам тўхталсангиз.

- Бошқа болаларга ўхшаб кўчада дўстларимиз билан кечаю кундуз фақат футбол ўйнардик. Футболга чақиришган пайтларида дарслардан қочардим. Дўстимнинг отаси агент бўлиб ишларди. Бир куни менга  танишларим бор, бу ерда бироз ўйнаганингдан сўнг, Австрияга жўнатаман, деди. Орзум ёшлигимдан футболчи бўлиш эди. Шунинг учун Австрияга боришга рози бўлдим. Аста-секин ўйнашни бошладим. Лекин аввалига қийинчиликлар туғилган. Чунки Италия футболидан Австрия футболи умуман фарқ қиларди. Лекин вақт ўтиб, мослашиб кетганимдан кейин гол уришни бошлаганман.

боаке8

- “Андижон”дан таклиф ҳақида биринчи марта эшитганингизда қандай қабул қилдингиз? Клуб ҳамда Ўзбекистон ҳақида қандай маълумотларни қидирдингиз?

- Агентимдан “Андижон” ҳақида эшитганимдан кейин менга Осиё футболи қизиқ туюлди. Ростини айтсам, Осиё футболи тўғрисида ўйлаб юрган чоғимда таклиф тушди. Аммо клуб хусусида кўп маълумотлар қидирганим йўқ. Агентим айтган гапларга ишондим. Шу боис таклифни қабул қилдим. Қолаверса, Хорватиядаги жамоамда ўйиним ўзим хоҳлагандек чиқмаётганди. Сабаби, у ердаги мураббий мени марказий ҳужумда эмас, қанотда ўйнатаётганди.

- Сиз учун янги клуб ва янги мамлакат. Бу ерга мослашиш жараёни қандай кетяпти?

- Характерим шунақаки, менталитет, одамларнинг фикри ёки бошқа нарсалар ҳақида ўйламайман, эътиборимни фақат футболга қаратаман. Жамоамизнинг ютишини, голлар уришни хоҳлайман. Агар кимдир мени тушуниши учун аввало уни ўзим тушунишни, эшитишни истайман. Менимча, жамоага мослашиш жараёни ҳали ҳам давом этяпти. Умид қиламан, янада яхшироқ мослашганимдан кейин “Андижон”га кўпроқ фойдам тегади. Бор кучимни бериб, жамоамнинг натижасига ёрдам беришни истайман. Қолган нарсаларга аҳамият бермайман.

Боаке5

- Ўзбекистон чемпионатида ўйнаётган биринчи италияликсиз. Бу ерга келганингизда сизга эътибор юқори бўлди. Айниқса, "қандай ҳужумчи ва нималарга қодир экан?", деган саволлар кўпайди. Дастлабки тўртта ўйинда кўрдик, сизга тўлиқ имконият берилди, аммо ҳали гол урганингиз йўқ. Бу ҳол ўзингиз учун ноқулай туюлмаяптими?

- Тўғри, Ўзбекистон чемпионатидаги биринчи италияликман, бу ҳақида менга айтишди. Гол ура олмаётганимга келсак, “Қизилқум”даги учрашувда иккита имкониятга эга бўлганман. Лекин ҳали мавсум олдинда, биз тўртта ўйин ўтказдик. Бошқаларнинг мен ҳақимда яхши ёки ёмон гапларига аҳамият қаратмайман. Фақат мавсум тугаганидан сўнг, менинг қанчалик фойдали ёки фойдасиз эканим ҳақида фикр билдиришса тўғри бўлади, деб ўйлайман. Албатта, ҳужумчи сифатида гол уришни хоҳлайман ва бу ишни бажараман.

- “Андижон” майдонидаги мухлисларнинг олқиши ва стадиондаги муҳитни кўрдингиз. Илгари ўйнаган клубларингизда ҳам шундай аншлагни кўрганмисиз?

- Айтишим мумкинки, бундай муҳитда ўйнаганман, айниқса, Хорватияда. У ерда ҳар бир ўйинга кўп мухлис келади. Топ-клубларининг фанатлари ҳам кучли. Лекин шуни айтишим мумкинки, фақат “Андижон” фанатларичалик эмас. Мен кўрган ва ўйнаган жамоаларимдан кўра, бу ернинг мухлислари жуда фаол ва зўр қўллаб-қувватлашади. Мени қувонтираётгани, бу ерда ишқибозлар футболни жуда яхши кўраркан.

Боаке2

- Ҳар бир футболчининг қайси клубга келишидан қатъи назар, шахсий вазифаси бўлади. “Андижон”га қандай мақсад сари интилдингиз?

- Кўп нарсалар ҳақида ўйлаганим йўқ. Мақсадим – Осиё футболида яхши ном қолдириш. Биринчи навбатда, ҳужумчи сифатида кўпроқ гол урмоқчиман. Мен учун голларим гапирсин. Ҳали келажакдаги мақсадларим ҳақида ўйлаганим йўқ.

- Бунга қадар сизга Осиёдан таклифлар бўлганми?

- Осиёдан фақат “Андижон” жамоаси таклиф билан чиқди. Бу ўзимга ҳам қизиқ туюлди. Ушбу таклифни ўзим учун янги чақирув деб қабул қилдим. Танловим тўғри бўлди, деб ўйлайман.

- Орзуга айб йўқ дейишади, Италия терма жамоасида тўп суриш мақсадингиз борми?

- Италияда туғилиб ўсдим ва у ернинг фуқароси бўлганим билан келиб чиқишим асли Ганадан. Шунинг учун Италия термасида тўп суриш орзуси бўлмаган. Истагим Гана терма жамоасида тўп суриш. Айнан шуни орзу қиламан.

Боаке3

- Яқинда Гананинг иккинчи таркиби Ўзбекистонга келиб, терма жамоамизга қарши ўртоқлик ўйинида иштирок этди. Бу ўйинни кўрдингизми? Таркибда танишларингиз бормиди?

- Албатта, ўйинни кўрдим. Учрашувдан бир неча кун олдин Zoom орқали Ганадаги дўстларим билан гаплашгандим. Аниқроғи, Гана федерациясида, терма жамоада ишлайдиган дўстларим мендан ўзбек футболи хусусидаги фикримни сўрашди. Тўғриси, ўша жамоадан ҳеч кимни танимайман. Чунки маҳаллий клублардан йиғилган ўйинчилар келишди. Биринчи жамоадан дўстларим бор.

- “Андижон”да-чи? Бу ерда яқин дўстингиз ким? Умуман, футболчилар билан муносабатингиз ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз.

- Биринчи келганимда, бошқа хорижлик футболчилар билан дўстлашдим. Сабаби, улар инглизчани билади ва менга таржима қилиб туришди. Энди эса бошқа маҳаллий ўйинчилар билан ҳам бир-биримизни яхши тушуняпмиз. Ким инглизчада гаплаша олса, кўпроқ мулоқот қиламан, масалан Жасур Жалолиддинов ва бошқалар билан. Йигитлар билан ҳазиллашамиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз.

Боаке

- Суперлигамизнинг мавқеи сизга қандай кўриняпти?

- Тўғрисини айтсам, нималардир кутган жойим йўқ. Ўртача даражада деб ўйлайман. Ёққан томони, аксар клубларнинг кучи бир хил. Мисол учун, Хорватияда “Динамо” Загреб бор. Бу клубни ҳеч ким юта олмайди. У ерда тафовут катта. Ўзбекистонда жамоалар бир хил даражада.

- Лекин бизда “Пахтакор” бор ва бошқалардан бир бош кучли. Балки ҳали бу клубга қарши ўйнамаганингиз учун шундай фикр билдираётгандирсиз...

- Балки, тўғридир ва “Пахтакор” билан ҳали ўйнамаганимиз учун шундай деяётгандирман.

- Бу ердаги ҳаётингиз қандай? Ўйиндан ва майдондан ташқарида нималар қиляпсиз?

- Баъзида дўстларим билан кўчага чиқиб турамиз, масалан овқатлангани. Қолган пайтлар ТВда рақиб жамоаларнинг ўйинларини таҳлил қиламиз, ўйинларни кўрамиз. Машғулотдан кейин чарчагач, кўпроқ дам оламан.

боаке9

- Зерикиб қолмаяпсизми?

- Тўғриси, Тошкентда ҳаёт қизиқарлироқ. Бу ерда бироз зерикарли.

- Сиздан мухлислар гол кутяпти. Буни қачон бошлайсиз?

- Албатта, бу тенглаштириш эмас, аммо биз топ-футболчиларнинг ўйинларини ҳам томоша қиламиз. Масалан, Роналду ҳам “Ювентус”га келган чоғида бошида гол ура олмади, танқидларга учради. Кейинчалик ўз ишини бошлади ва ҳозир тўпурар бўлиб турибди. Менга ҳам бироз вақт керак. Лекин аниқ биламан, гол уришни бошлайман. Тўпурар бўлиш ниятим бор.

- Андижонлик мухлисларга қандай гапингиз бор?

- Худо хоҳласа, голлар ураман ва ҳаммани хурсанд қиламан. Биламан, ҳамма – раҳбарият, жамоадошларим, мухлислар мендан голлар кутишяпти. Яқин кунларда бу ишни бошлайман ва биз яхши натижаларга эришамиз.     

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!