У "Турон"га ўтганидан афсусда эмасми? Жамоаси нега ғалаба қозона олмаяпти? Яна Япониядан таклифлар борми? Фозил Мусаев қандай жавоб берди?
Аҳамият берган бўлсангиз, бу йил чемпионатимизга кўплаб легионерларимиз қайтиб келишди. Айниқса, уларнинг орасида номи чиққан футболчиларимизнинг ҳам борлигини алоҳида таъкидлаш ўринли. Масалан, улардан бири Фозил Мусаев.
32 ёшли футболчининг бунгача бир неча мавсум давомида Япониянинг “Жубило Ивата” клубида фаолият олиб борганини яхши биласиз. Кўзга кўринган ўйинчиларимиздан бири, терма жамоада ҳам тўп сурган. Қисқаси, унинг ўзига яраша статуси бор. Айниқса, Мусаев япон футболи ва ҳаётига анча кўникиб кетганди. Шу боис уни у ерда жуда яхши билишади ва ҳурмат қилишади.
Одатда, бир неча йил хорижда тўп суриб келган футболчининг ўзимиздаги чемпионатга қайтиб, фаолиятини давом эттиришида паст-баландликлар яққол кўзга ташланади. Бу масала юзасидан Фозил Мусаевга Суперлигамиз ҳақидаги саволни ўртага ташлаганимизда жавоби шундай бўлди:
- Ҳаммаси ўша ҳолатда. Фақат клублар профессионал йўналишга ўтган. Деярли барча жамоаларда майдоннинг ҳолати ҳам яхши тарафга ўзгарган. Қолаверса, кўп клублар ўз олдига чемпионликни мақсад қилиб қўйишган, - деди Мусаев.
Фозил тўп сураётган “Турон” клубининг ҳам мақсади жиддий эди. Мавсум аввалида ҳаттоки кучли учлик учун курашиши борасида маълумотлар чиқди. Таркибга қарасангиз, шунга яраша тажрибали ўйинчилар жамланганини кўриш мумкин. Гарчи дебютант бўлса-да, маррани катта олганди. Лекин “Турон” ўзи иштирок этган бешта ўйинда ҳали ғалаба қозона олгани йўқ. 2 та дуранг ва 3 та мағлубият қайд этилди. Тўғри, таркибда номи чиққан ва тажрибали ўйинчилар кўп. Лекин бу зўр жамоа йиғилди, дегани эмас. Бунинг учун вақт керак. Шаклланиши учун ҳам ўша вақт талаб этилади. Фозил Мусаев “Турон”нинг ғалабасиз иштироки хусусида ўз фикрини қуйидагича ифодалади.
- Бу жамоа илк бор Суперлигада ўйнаяпти. Бу янги жамоа ва янги ўйинчилар. Албатта, вақт керак бўлади. Ҳар қандай жамоанинг шаклланишида бу жуда муҳим омилга айланади. Бундан ташқари, озгина омад бўлса, ғалаба ҳам келади. Энг асосийси, ишлашдан ҳамда меҳнат қилишдан тўхтаб қолмаслик керак. Яна қайтараман: ғалабалар албатта келади. “Турон” бош мураббийи жуда талабчан ва ғалабага чанқоқ.
Ҳа, тажрибали ярим ҳимоячи жамоасининг руҳиятини кўтариш учун ҳам ғалабалар яқин эканига ишора қилмоқда. Лекин ҳар қандай клубни ҳам, футболчиларни ҳам ғалабасиз сериялар хафа қилиши турган гап. Айниқса, таркибингда Мусаев ва яна бошқа яхши савиядаги ижрочилар бўлганида ғалабасиз ҳолатда турнир жадвалида охирги ўринда юриш жуда ёқимсиз кўринади. Тўғри, кеча Ўзбекистон Кубоги доирасида “Арал Самали”ни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Аммо биз асосан Суперлига ҳақида сўз юритяпмиз. Аслида Фозилнинг мавсум аввалида бир қатор таклифлар орасидан “Турон”ни танлаганида кўпчилик ҳайрон қолганди. Хўш, ўтган вақт давомида футболчи бу қароридан афсусланмаяптими?
- Йўқ, афсусланмайман. Клуб олдига юқори мақсад қўйилган, гарчи бу йил Суперлигада илк бор иштирок этаётган бўлса ҳам. Клуб президенти жамоа ва футболчилар учун ҳамма шароитларни яратиб беряпти, - деди Мусаев.
Ёдингизда бўлса, Фозил билан “Жубило Ивата”ни тарк этиб, Тошкентга қайтган пайтда ҳам суҳбатлашгандик. Ўшанда унга Японияда ўзини қониқтирадиган таклифлар бўлмаётгани ҳақида маълум қилганди. Ҳозирги пайтга келиб вазият ўзгарганми? Аниқроғи, унга яна Япония клубларидан қизиқишлар бўляптими? Шу масала бўйича қизиққанимизда футболчи шундай жавоб қайтарди:
- Ҳали ҳеч қандай таклиф бўлмади. Чунки уларда ҳам биз қатори энди мавсум бошланди. Ҳозирги пайтда ҳамма ўз чемпионатига эътибор қаратган, - дея фикрини якулади “Турон” ярим ҳимоячиси.
Фикрлар