Учрашувдан тўғри шифохонага жўнатилган “Реал” футболчиси аҳволи маълум бўлди
Мадриднинг “Реал” клуби ҳимоячиси Рауль Асенсио Европа Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида “Бенфика”га қарши ўтказилган жавоб учрашувидан тўғри шифохонага олиб кетилганди.
Испаниялик футболчи ўйиннинг 77-дақиқасида жамоадоши Эдуардо Камавинга билан тўқнашув натижасида ўзини йўқотиб қўйди ва мустақил тарзда оёққа туролмади.
Тиббиёт ходимлари дастлабки ёрдамдан кейин уни майдондан замбилда олиб чиқди ва тўғри шифохонага жўнатди.
El Chiringuito нашрининг хабар беришича, айни пайтда Асенсионинг саломатлигига ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Тиббий текширувдан сўнг 23 ёшли испаниялик футболчи шифохонани тарк этган ва уйига автомобилда кетган.
Рауль Асенсио жорий мавсумда “Реал” таркибида барча мусобақаларда 29 та учрашув ўтказиб, ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари, ўз ҳисобига иккита гол ҳам ёздириб қўйди.
Фикрлар