УЕФА мутахассиси ва Азиз Ҳайдаровнинг Андижонга ташрифи қандай ўтди?
Маълумки, яқинда Ўзбекистон футбол ассосиацияси УЕФА билан ўзаро тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйган. Шу мақсадда УЕФА техник консультанти Рожер Мейхри юртимизга ташриф буюрганди.
Бундан кўзланган мақсад тажрибали мутахассис барча вилоятларга бориб, жойлардаги футбол билан яқиндан танишиши, яратилган шароитларни ўрганиб, мавжуд камчиликларни аниқлаган ҳолда бу борада ўзининг тавсия ва йўналишлари билан ўртоқлашиши кўзда тутилган.
Шу мақсадда Рожер Мейхри ЎФА вакиллари хамроҳлигида Андижонга ташриф буюрди. Қолаверса, терма жамоалар маркази раҳбари Азиз Ҳайдаров ҳам УЕФА вакили билан биргаликда вилоятдаги футбол билан танишди. Андижон вилояти футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Бекзод Каримов меҳмонларни жойлардаги футбол билан яқиндан таништирди, ўзаро фикр алмашдилар. Ўз навбатида УЕФА мутахассисидан керакли маслаҳатларни ҳам олдилар. Бекзод Каримов эса ушбу ташриф борасида sports.uz учун қуйидагиларни маълум қилди:
- Ўзбекистон футбол ассоциацияси таклифи билан УЕФАнинг техник директори Рожер Мейхри, шунингдек, ЎФА мураббийлар марказининг директори Бахтиёр Дадаматов, техник директори лавозимига қўйилиши кутилаётган Сергей Арслонов, терма жамоалар маркази раҳбари Азиз Ҳайдаров каби мутахассислар Андижонга ташриф буюрди, - дея гап бошлади Каримов. - Бундан асосий мақсад болалар футболидаги мавжуд камчиликлар ва муаммоларни ўрганиш ҳамда уларни биргаликда бартараф этиш кўзда тутилган. УЕФАдан келган мутахассис билан қатор масалаларда фикр алмашдик.
Андижонда дастлаб, маҳорат мактабига ташриф буюришди. У ерда 2007 йилда туғилган болалар ўртасида Республика мусобақаси ўтказиляпти. Рожер Мейхри ушбу мусобақани кузатди. Мураббийлар билан гаплашди. Ушбу академия қошида ташкил қилинган “Андижон-2” жамоасида тарбияланувчилар тўп сураётгани ва у ердан вилоятнинг бош жамоасига ўтаётган жараённи ҳам бевосита кузатди. У ерда қандай тизим яратилганлиги асносида академияни тўлиқ кўздан кечириб чиқди.
Республикадаги энг кучли учта академиядан бири Андижонда жойлашгани ва у ерда яратилган шароитларни кўриб анча мамнун бўлди.
Шундан сўнг, болалар-ўсмирлар футбол мактабини кўрди. Келажакда ҳам у ерни маҳорат мактабига айлантириш бўйича Вазирлар маҳкамасининг қарори чиққан. Андижонда учта маҳорат мактаби қурилиши ва улардан биттаси ўша БЎФМни маҳорат мактабига айлантириш бўйича режалар белгиланган. 2021 йилга ушбу режа амалга ошиши кўзда тутилган. Мутахассис БЎФМнинг жойлашувини ва машғулотлар учун шароитлар яхши эканлигига эътибор қаратди. Шу боис у ерда битта сунъий қопламали майдон билан ётоқхоналар барпо этилса, бу Андижон футболи учун янада фойда бўлишини таъкидлади.
Ундан кейин Хўжаободдаги болалар-ўсмирлар спорт мактабидаги футбол гуруҳи билан танишди. У ерда аёллар футбол жамоаси бор. Рожер Мейхри ташриф давомида у ердаги футболчи ва мураббийлар билан бевосита мулоқотда бўлди. Шу тариқа, учта тизимни кўрсатдик. Ўз навбатида, биз ҳам ўз таклифимизни бердик. Олдинлари туманларда бўлалар-ўсмирлар футбол мактаблари бўларди. 2016 йилда ислоҳотлар бўлиб, спорт мактабларининг тизимига кириб кетган. Энди раҳбарият билан гаплашиб яна ўша БЎФМлар алоҳида ташкил қилинса ва маблағ ажратилса, биз учун ҳам футбол мактаблари билан ишлаш янада осонроқ бўларди. Чунки БЎСМда 23 та спорт тури бор. Бундай пайтда ҳаммасига бир хил муносабатда бўлиш осон эмас. Айни пайтда вилоятимизда 29 та футбол майдонлари бор. Биз жиҳозлар ва мусобақаларга бориб-келиш бўйича шароитларни янада яхшиласак, бу ёшларнинг ўсишига катта туртки беради.
Бундан ташқари, вилоятимизда мураббийлар ўқишига бўлган эътибор ҳамда шароит қандайлиги билан қизиқди. Маҳорат мактаби ҳамда БЎФМда мураббийлар ўқиши мавжуд. Бу борада бизда ҳеч қанақа муаммо йўқ. УЕФА мутахассиси барча вилоятларга бориб у ердаги муаммоларни эшитмоқчи. Шундан келиб чиққан ҳолда футболимиз раҳбарларига ўз таклифларини беради, - дея фикрлари билан ўртоқлашди Бекзод Каримов.
Фикрлар