Асосий мазмунга ўтиш
MMA

UFC реферилари қанча гонорар олади?

Javohir Malikov
Изоҳлар: 0

Ҳар ҳолда 100 миллион сўм эмас

Афсонавий UFC рефериси Жон МакКарти ММА ҳакамларининг гонорарлари юқори эмаслигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, реферилар катта босим ва танқидларга қарамай, жанглар учун нисбатан кам маблағ олади.

"Аниқ айта олмайман, аммо Ренато Мойкано ва Том Нолан жангини бошқарган Дэн Мираглиотта тахминан 1600 доллар олган бўлиши мумкин. Ростини айтсам, UFC да ҳакамлик қилган барча жангларим ичида энг юқори гонорарларимдан бири 2000 доллар бўлган.

Бу 2017 йилда Нью-Йоркда ўтказилган сўнгги турнирим эди. Ўшанда икки чемпионлик жангида ҳакамлик қилдим ва бутун турнир учун 2000 доллар олдим."

Жоннинг қўшимча қилишича, ҳакамлар тўғри қарор қабул қилган тақдирда ҳам, ставкаларда пул йўқотган мухлислар томонидан коррупцияда айбланиши мумкин.

"Ставкалар спортимизнинг катта қисмига айланди. Ҳатто одамлар тўғри иш қилса ҳам, уларни коррупцияда айблашади. Ҳеч қандай нотўғри иш қилмаган бўлса ҳам, ҳақорат қилишади ва ҳатто ўлим билан таҳдид қилишади.

Ҳар бир инсоннинг сабр чегараси бор. Шундай пул олиб, шу босимларга дуч келиш бир куни инсонни: "Бунга арзийдими ўзи?" деб ўйлашга мажбур қилади", — деди МакКарти Ариэль Хелванига берган интервьюсида.

Шунингдек, МакКарти реферининг гонорари чемпионлик жанги ёки оддий жангни бошқаришига қараб ўзгармаслигини айтди. Ҳакамларга тўловларни UFC эмас, балки атлетик комиссиялар амалга оширади.

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Facebook'даги саҳифасига аъзо бўлинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ