Асосий мазмунга ўтиш
MMA

UFC собиқ чемпиони октагонга қайтмоқда

Javohir Malikov
Изоҳлар: 0

Дрикус Дю Плесси навбатдаги жанги эълон қилинишини айтди

Ўрта вазн тоифасида UFC собиқ чемпиони Дрикус Дю Плесси яқин кунларда навбатдаги жанги расман эълон қилинишини айтди.

"Яқин орада катта янгиликлар бўлади! Эслатиб қўяман, мен ҳали ҳам дунёнинг энг кучли ўрта вазн жангчисиман", — деб ёзди жанубий африкалик спортчи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида машғулотлардан олинган суратларни улашар экан.

Дю Плесси бўлажак рақиби ким бўлишига аниқлик киритмади. Бироқ тарқалган хабарларга кўра, у 20 февраль куни Орландо шаҳрида ўтказиладиган "UFC 337" турнирида америкалик Брендан Алленга қарши октагонга чиқиши мумкин. Ҳозирча бу маълумот расман тасдиқлангани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Дрикус ўтган йилнинг август ойида Хамзат Чимаевдан ҳакамларнинг якдил қарорига кўра мағлуб бўлиб, чемпионлик камаридан айрилганди. Жорий йилнинг июль ойида эса Дю Плесси Камару Усман устидан очколар бўйича ғалаба қозонди.

Айни пайтда жанубий африкалик жангчи UFC ўрта вазн тоифаси рейтингида иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Улашиш
SPORTS.uz'ни Youtube'да томоша қилинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ