Улар Фергюсоннинг изидан боришмоқчи
"Манчестер Юнайтед"нинг 25% улушини сотиб олган "Ineos" компанияси раиси Жим Рэтклифф ва "Ineos" спорт директори Дэйв Брайлсфорд "қизил иблислар"нинг Каррингтондаги машғулот майдонига ташриф буюришди ва у ерда бош мураббий Эрик тен Хаг ҳамда клуб ходимлари билан учрашишди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ушбу учрашувлар чоғида Рэтклифф ва Брайлсфорд “Манчестер Юнайтед” ходимларига уларнинг лойиҳасидан мақсад клубни Сэр Алекс Фергюсон давридаги юқори стандартларга қайтариш ва у эришган муваффақият даражасини такрорлаш эканини айтишган.
Таъкидланишича, Рэтклифф тен Хаг билан алоҳида гаплашиб олган. Бироқ ушбу суҳбат тафсилотлари ҳозирча номаълум.
Эслатиб ўтамиз, Фергюсон "Манчестер Юнайтед"ни 1986 йилдан 2013 йилгача бошқарган. Бу даврда «Манчестер Юнайтед» 13 марта Англия чемпиони, беш марта Англия кубоги, 4 марта Англия лига кубоги, 10 марта Англия Суперкубоги ва икки марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан.
Фикрлар