Улар учун карантин бошқалардан кўра эртароқ бошланган...
Жаҳоннинг аксарият мамлакатларида тахминан март ойининг ўрталарида ўз ҳудудларида карантин эълон қилганидан барчанинг хабари бор. Бироқ шундай футболчилар ҳам борки, улар карантинга бошқалардан кўра эртароқ чиқишга мажбур бўлганлар. Қуйида мана шундай ижрочилар ҳақида гап кетади.
Поль Погба («Манчестер Юнайтед»)
«Қизил иблислар» жамоасининг франциялик ярим ҳимоячиси дастлаб мавсум аввалида жароҳатга йўлиққанди. Кейин 2019 йил охири ва 2020 йил бошида уни яна болдир суяги билан товон суягини бириктирувчи бўғин қийин аҳволга солиб қўйди. Натижада Погбанинг тикланиши учун бир неча ҳафта керак бўлди. Бироқ Поль майдонга қайтмасидан мавсум тўхтатиб қўйилди.
Николо Заньоло («Рома»)
«Рома» клубининг 20 ёшли ярим ҳимоячиси жорий йилнинг 12 январь куни «Ювентус»га қарши баҳсда ўнг оёқ тиззасидан жиддий жароҳат орттириб олди. Заньолонинг жароҳатидан тикланиш жараёни 7-8 ойни ўз ичига олади.
Эден Азар («Реал»)
Бельгиялик футболчи февраль ойи охирида «Леванте»га қарши кечган баҳс чоғида кутилмаганда оқсоқланиб қолди ва майдонни шерикларидан эртароқ тарк этишга мажбур бўлган. Учрашувдан кейин ўтказилган текширувларда Азарнинг ўнг оёқ суяги ёрилгани аниқланган ва тахминан 2 - 2,5 ойга сафдан чиққанди.
Марко Асенсио («Реал»)
«Реал»нинг бу вакили эса ўтган йилнинг ёзида «International Champions Cup» доирасида «Арсенал» клубига қарши кечган баҳсда жароҳат олган. 23 ёшли Асенсионинг чап оёқ тиззасининг хочсимон суяги синганлиги ва ташқи мениски йиртилгани аниқланган. Фуболчи тахминан 8-9 ойга сафдан чиққанди.
Усмон Дембеле («Барселона»)
Каталон суперклуби футболчисида жорий йил аввалида оёқ пайининг узилиши кузатилган ва у 11 февраль куни жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлган. Шундан сўнг клуб шифокори Дембеленинг тикланиш даври тахминан 6 ойга қадар давом этишини маълум қилган.
Сон Хюн Мин («Тоттенхэм»)
«Тоттенхэм» клубининг 27 ёшли ҳужумчиси февраль ойи ўрталарида «Астон Вилла»га қарши ўйинда жароҳат олган. Жанубий кореялик футболчининг ўшанда ўнг қўли синган. Жарроҳлик амалиётини ўтказганидан сўнг Сон Хюн Мин 6-8 ҳафтага сафдан чиққанди.
Гарри Кейн («Тоттенхэм»)
«Тоттенхэм» клубининг бошқа бир ҳужумчиси Гарри Кейн эса жорий йилнинг дастлабки кунида «Саутгемптон»га қарши беллашувда сонидан қаттиқ жароҳат олган. Унинг машғулотларга қайтиши апрель, яъни, жорий ойга белгиланганди.
Лерой Сане («Манчестер Сити»)
«Шаҳарликлар» жамоаси аъзоси Англия Суперкубоги учун «Ливерпуль» билан кечган баҳсда тиззасининг хочсимон суягини синдириб олган ва март ойига қадар сафдан чиққанди. Эътиборлиси, Сане жароҳатидан тикланишга ва ҳатто «Манчестер Сити» ёшлар жамоасида 1 та ўйин ўтказишга ҳам улгурганди. Бироқ орадан ҳеч қанча ўтмай АПЛда мавсум тўхтатиб қўйилди.
Мерих Демирал («Ювентус»)
Январь ойининг охирида «Ювентус» клубининг 22 ёшли вакили жуда жиддий жароҳатга йўлиқди – Мерих хочсимон бўғимини синдириб олди. Демиралнинг тахминан июль ойи ўрталарида сафга қайтиши кутилмоқда.
Лукас Торрейра («Арсенал»)
«Арсенал» клубининг 24 ёшли ўйинчиси март ойида «Портсмут»га қарши кечган беллашув чоғида рақиб ўйинчиси билан тўп учун курашда майдонга қулади. Натижада Торрейранинг ўнг оёқ кафти сингани аниқланган. Шифокорлар футболчининг сафга қайтишига 10 ҳафта вақт талаб этилишини маълум қилган.
Фикрлар