Улуғбек Бақоев: "Балки ҳисоб очилмагани мухлисларга ёқмагандир, лекин..."
“Бухоро” клуби Ўзбекистон Кубогининг “F” гуруҳида иккита турдан кейин 4 очко билан пешқадам бўлиб турибди. “Машъал”да ҳам 4 очко бор, бироқ тўплар нисбати бухороликларда яхшироқ.
Куни кеча ушбу клублар Муборакда Кубок доирасида беллашишди ва унда ҳисоб очилгани йўқ. Кейинги турда эса “Бухоро” ОКМК билан беллашади. Бухороликлар устози Улуғбек Бақоев эса “Машъал”га қарши ўйин ва бўлажак баҳс олдидан ўз фикрларини айтиб ўтди.
- “Машъал”ни кучли ва курашувчан жамоа сифатида яхши биламиз. Бу сафар ҳам шу нарса яна ўз исботини топди. Айниқса, яна 0:0 ўйнаганимиз фикримни тасдиқлаб турибди. Балки ҳисоб очилмагани мухлисларга у қадар ёқмагандир. Лекин курашувчан, ҳужумларга бой ўйин бўлди. Бунинг учун футболчиларимизга миннатдорчилигимни билдираман. Энди кейинги учрашувга яхшироқ тайёргарлик кўрамиз. Кўрдинглар, ўйин бошида бизда бир қатор жароҳатлар бўлди. Албатта, бундай жароҳатлар юз беришини кутмагандик. Шундай бўлса-да, биз яхши жамоа билан дуранг ўйнадик.
- Денисов билан Мусаевни жароҳатлари бормиди ёки...
- Уларнинг иккаласида ҳам жароҳат бор эди. Ҳозирда умумий машғулотларда қатнашишяпти. Яқин кунлардаги ўйинларда уларни майдонда кўришимиз мумкин.
- Бу ўйин ОКМК билан учрашув учун тайёргарлик вазифасини ўтайдими?
- Биринчи навбатда айтишим керакки, турнир жадвали қандай ҳолатдалигини билардик. Биз бу учрашувда ҳам натижа ва сифатли ўйин кўрсатиш учун майдонга тушгандик. Имкон қадар яхши ўйин ва натижа қайд этишга ҳаракат қилдик. Ҳаттоки, беллашув бошида биз ҳисобни очишимиз ҳам мумкин эди. Ҳа, “Машъал”да ҳам вазиятлар бўлди ва улар ҳам гол уришга яқин эдилар. Лекин тўп дарвозага кирмади ва учрашув 0:0 билан қолди. Лекин бу натижа бизни қониқтирмади. “Машъал”нинг кейинги рақиби биринчи лига жамоасидир. Шунинг учун уларда кейинги босқичга чиқиш учун имконият бор. Бизга эса кейинги беллашувда нисбатан яна қийин бўлади. Суперлига жамоасига қарши майдонга тушамиз. Олдимизга қўйилган вазифани бажаришга ҳаракат қиламиз.
- “Машъал” билан “Бухоро” иккита ўйин ўтказди ва иккаласида ҳам ҳисоб очилмади. Айтинг-чи, “Машъал” “Бухоро” учун ноқулай рақибми?
- (Кулади) Икки бир хил ўхшаш жамоа деб ўйлайман. Иккаласида ҳам тажрибали ўйинчилар бор. “Машъал”га ҳам, “Бухоро”га ҳам фойдали. Айниқса, ёшларга тажриба орттириш учун жуда яхши. Бундай учрашувлар ёшлар учун катта тажриба орттириш вазифасини ўтаб беради. Суперлигага чиқишни мақсад қилган жамоа учун бу жуда фойдали, деб ўйлайман. Олдимизда яна учрашувлар бор. Умид қиламанки, натижаларимизни яна яхшилаб борамиз.
- Ўзбекистон U23 терма жамоасининг Осиё Кубогидаги иштироки ҳақида нималарни айтган бўлардингиз?
- Биринчи навбатда олимпия терма жамоамизни Олимпиадага йўлланмани қўлга киритишини жуда ҳам хоҳлайман. Бу бутун ўзбек халқига байрам туҳфаси бўлади. Кейинги авлод ва ёшларимиз учун мотивация ва тарих яратилган бўлади. Юртимиздаги барча терма жамоамизга мухлислик қиляпти ва қўллаб-қувватлашяпти. Мусобақа ғолиби бўлиб Олимпиадага чиқишини барча истаяпти. Бу йўлда уларга омад ва қилаётган эзгу мақсадлари амалга ошишини тилаб қоламан. Шунингдек, йигитларимизга жароҳатларсиз, Ўзбекистонга қаҳрамон сифатида қайтиб келишларини хоҳлайман.
Фикрлар