"Улуғбек Бақоев ҳақида менга ҳам саволлар беришди, топган легионерларимиз бор" - "Бунёдкор" директори клубдаги ўзгаришлар хусусида нима дейди?
Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби ҳам яқинда 2023 йилги мавсум учун ўқув-машғулот йиғинини бошлади. Ушбу жамоа сафида ўзгаришлар бўлади.
Клуб директори Азиз Ҳайдаров Sports.uz учун “Бунёдкор”нинг режалари ва юз бериши мумкин бўлган ўзгаришлар хусусида тўхталиб ўтди.
Тайёргарлик режаси
- Янги мавсумга тайёргарликни 10 декабрдан бошладик. 28 декабргача шуғулланамиз. 21 декабрь куни “Нефтчи” билан ўйинимиз бор. Ундан кейин яна битта ўртоқлик учрашувимиз турибди. Шу билан йиғинни тугатамиз ва кейин 3 январдан бошлаймиз. 12 январь куни БААга кетишни режалаштирганмиз. Бу йиғинни ташкиллаштиришимизга раҳбаримиз рухсат берди. У ерда тўртта ўйинимиз бўлади. “Ал-Ваҳда”, “Локомотив”, “Краснодар” ва “Ростов”га қарши майдонга тушамиз. Биринчи ўйинимизни БААнинг “Ал-Ваҳда” клубига қарши бошлаймиз. Қолган учта учрашув Россия жамоалари билан ўтказилади. У ердан 25 январда қайтамиз. Тошкентда йиғинимизни давом эттирамиз. Ҳали муҳокама қилмадик, бироқ режа бўйича февралда Туркияда шуғулланмоқчимиз. Янги мавсум тақвим саналари ҳам чиқди. Мартнинг бошларида старт оларкан. Таркибимизда ёш ўйинчилар кўп. Бу томонлама ҳам яна бош қотиришимиз керак бўлади.
Қозоғистон сафари нега бекор бўлди?
- Қозоғистонга ҳам бормоқчи эдик, иккита ўйин гаплашиб қўйгандик. Лекин ундан ташқари яна иккита хориж йиғинимиз режалаштирилаётгани учун ва ҳозирда футболчилар оптимал формада бўлмаганлиги сабабли яхшиси пулни тежаб бошқа нарсаларга ишлатишни хоҳладик. Қозоғистон сафарини бекор қилдик.
Улуғбек Бақоев “Бунёдкор” бош мураббийи бўладими?
- Тўғрисини айтсам, Улуғбек Бақоев тўғрисида ҳеч қанақа маълумот йўқ эди. Менга ҳам кўплаб шунақа саволлар беришди. Йўқ, бундай вариант бўлмаганини ва раҳбар билан ҳам бу ҳақида гаплашмаганимни айтдим. Жамоани Иван Бошковичга ишониб топширдилар. У кўп йиллардан бери клубда ишлайди. Бошида битта имконият бериб кўриш керак дегандик ва шунга асосан жамоани унга топширгандик. Қизиқарли бўлди. Қанча мураббийлар билан ишлаган бўлсак, барчасини ўзига яраша йўналиши бор. 3 йил “Бунёдкор” академиясида ишлади. Виктор Карпенко ўрнига Бошкович бош мураббий этиб тайинланди ва шундан бери ишини давом эттириб келмоқда. Янги мавсумда ҳам ўзи қолади, ҳеч қаерга кетмайди.
Кимлар кетди?
- Таркибда ўша-ўша йигитлар қолган. Шартномаси тугаганлар кетди. Масалан, Фарруҳ Икромов тарк этди. Нарх, Побулич, Томива ва Могилевец “Бунёдкор”ни тарк этишди. Даврон Эргашев ҳозирча биз билан бирга. У жамоа сардори. Янги мавсум учун ўзини қанчалик кўрсата олади, шунга қараб яна гаплашаверамиз. Яна янги легионерларни кўряпмиз. Қайси позиция бўш бўлса, ўша жойларга футболчиларни чақирамиз. Ҳеч ким билан тайёр шартнома имзоламаймиз. Номдор ўйинчи бўлмаса агар, ҳаммани йиғин давомида кўриб, жамоамизга ёрдам берадиган хусусиятларига амин бўлсак, олиб қоламиз. Ҳа, янги футболчилар орасида келишувга эришганларимиз ҳам бор. Масалан, топган легионерларимиз ҳам бор. Уларни ўйин амалиётида кўрганимиз яхшироқ. Дубайдаги йиғинга ёки Тошкентга ҳам чақиришимиз мумкин. Бизга япониялик легионер келиб-кетди. Лекин жароҳат олгани учун қайтариб юборишга қарор қилдик. Қирғизистонлик ёш иқтидорли футболчи ҳам келган. “Нефтчи”га қарши назорат учрашувида уни синаб кўрамиз. Энг биринчиси, жамоани олдин маҳаллий футболчилар билан тўлдириш керак.
Янги мавсум мақсади
- 2023 йилги чемпионатда ҳам совринли ўринлар учун курашамиз. Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун ҳам ҳаракат қиламиз. Бу қанчалик қўлимиздан келади, бу ўзимизга ҳам қизиқ. Қўлдан келганича ҳаракат қиламиз. Мана, жаҳон чемпионати ўйинларини кўрдик. Ҳар бир жамоа футбол ўйнай олишини билиб турибмиз. Бу йилги мавсумда 8 та тур қолганида ёшларни қўрқмасдан қўйишни бошлагандик. Энг асосийси, аҳил ва иноқ жамоа тузишимиз керак. Қўл остимиздаги йигитлар “Бунёдкор”ни юрагидан севишларини истайман. Ана шунда битта жамоа бўла оламиз ва олий мақсадлар учун кураша оламиз.
Раҳмоналиев “Рубин”да ишончни оқлайдими?
- Умарали Раҳмоналиевга “Рубин”да осон бўлмайди. Бу аниқ. Биринчи дивизионда мақсади бор клубга кетди. У ерда натижага қараб ўйналади. Раҳмоналиев ҳали ўсадиган бола. Кўникиб кета олади. Жуда иқтидорли бола. Олдига қўйиладиган вазифани уддалайди. Келажакда миллий терма жамоамизга ҳам ёрдам бера олади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар