Улуғбек Бақоев: Кимга қарши ўйнашимизнинг қизиғи йўқ, лекин...

Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби 21-турда сафарда “Бухоро”ни 2:5 ҳисобида доғда қолдирди. Натижада Улуғбек Бақоев бош мураббийлигидаги клуб 7-ўринга кўтарилиб олди.

Биласиз, Улуғбек Истамович асли бухоролик ва катта футболга ўша ерда қадам қўйган. Шу сабабли собиқ жамоасига бефарқ бўлмаса керак. Аммо у профессионал мураббий сифатида ўз жамоасини бухороликларга қарши яхши тайёрлагани кўриниб турди.

Ўтган йили эса “Сўғдиёна” фахрли 4-ўринни эгаллаганди. Бу йил эса клуб мавсум якунига қадар ўша натижасини такрорлай олармикин? Улуғбек Бақоев эса sports.uz сайти учун бир қанча мавзулар бўйича ўзининг шахсий фикрлари билан ўртоқлашди.

Чемпионатнинг охирги тўртта тури марказлашган ҳолда ўтказилиши

“Сўғдиёна”  учун плюсми ёки минус?!

-  Гап плюс ёки минусларда эмас, балки объективликда, - дея гап бошлади Бақоев. - Биринчи давранинг охирги тўртта ўйинини марказлашган ҳудудда ўйнагандик. Энди эса иккинчи давранинг охирги учрашувларини ҳам мана шу йўсинда ўтказамиз. Бу спорт тамойиллари нуқтаи назаридан олиб қараганда тўғри бўлади. ПФЛ шундай қарор қабул қилган эканми, демак ҳаммаси тўғри.

1_4

“Бухоро” дарвозасига бешта гол урилган ўйин ҳақида

-  Қаранг, яна гап спорт тамойилларига бориб тақалмоқда. Учта жамоа элитада жон сақлаб қолиш учун кураш олиб бормоқда: “Бухоро”, “Сурхон” ва “Андижон”. Ҳозирда “Бухоро” охирги ўринни банд этиб турибди. Яққол аутсайдер бўлиб турган “Бухоро”га қарши ўйинни юқори даражада ўтказдик. Биз ҳар қандай рақибни ҳурмат қиламиз ва шунинг баробарида майдонга ғалаба қозониш мақсадида тушамиз. Майдонда эса ҳаммасини ўйин ҳал қилади. Гоҳида ғалаба қозонасиз, гоҳида имкониятни бой бериб қўясиз. Йигитлар "Бухоро"га қарши жуда яхши ўйин намойиш этишди. Шунинг учун ҳам биз ғалаба қозондик. Ўз навбатида “Бухоро” футболчиларининг интизомли ўйин намойиш этганларини таъкидлаб ўтмоғим керак. Умуман олганда, кимга қарши ўйнашимизнинг қизиғи йўқ. Рақибни ҳурмат қиламиз, лекин майдонда фақат яхши натижа учун кураш олиб борамиз.

Суперлигани ким тарк этади?

-  Бу саволга дабдурустдан у ёки бу жамоанинг имконияти пастроқ, дея жавоб қайтариш мушкул. Қолаверса, аутсайдерлар ўртасидаги ўзаро тўқнашувлар ҳам бор, шундайми? Айнан мана шундай беллашувларда клубларнинг тақдири ҳал бўлади. Бир сўз билан айтганда, Суперлигада қолиш учун ўтадиган ўзаро тўқнашувлар уларнинг тақдирини ҳал этишда жуда муҳим роль ўйнайди. Бу менинг шахсий фикрим.

4

Собиқ жамоасининг имкониятлари ва клубга нима етишмаётгани хусусида

-  Ростини айтсам, “Бухоро”даги муаммолар илдизи қаерга бориб тақалишидан мутлақо бехабарман. Чунки эндиликда “Сўғдиёна”да ишлаяпман. Бошқа жамоаларда нималар содир бўлаётганидан бехабар қолишим мантиқан ҳам тўғри. Назаримда, бу саволингизни айнан “Бухоро”да ишлаётганларга берсангиз тўғрироқ бўларди. Бу каби саволга раҳбарият ёки мураббийлар тайинли жавоб айтишлари мумкин.

Эндигина битта гол урган Насимов “Сўғдиёна”га қанчалик ёрдам беряпти?

-  Гарчи Баҳодир Насимов кам гол киритаётган бўлса-да, жамоага катта ёрдам кўрсатиб келяпти. У ўз характери билан шерикларини руҳлантиряпти. Кўпинча захирадан майдонга тушишига тўғри келса-да, қолган футболчиларни руҳлантиришни яхши уддаламоқда. Ҳар қандай футболчининг ўйинида ва фаолиятида юқорига кўтарилиш ва бунинг акси ўлароқ пастга шўнғишлар бўлади. Тўғри, бу йил Насимовда ҳаммаси кўнгилдагидек чиққани йўқ. Лекин кам гол ураётганига қарамай, Баҳодир “Сўғдиёна”га катта ёрдам бериб келяпти. Мураббий сифатида унга ҳеч қандай эътирозим йўқ.

2_1

Бақоев ўтган йилги натижасини такрорлай оладими?

-  Бу саволингизга жавоб беришим қийинроқ. Тўғри, ўтган йили клуб мавсумни 4-ўринда якунлаган. Бироқ бу сафар юқоридаги жамоалар биздан сезиларли фарқ билан илгарилаб кетишган. Шундай бўлса-да, қолган учрашувларни кўтаринки руҳда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Ахир олдинда яна бешта тур бор. Шундай экан, келинг, ҳаммаси қандай якун топишини кузатайлик. Футбол шундай ўйинки, унда якуний натижа мана шунақа чиқади, деган гаплар ўзини оқлайвермайди. Фақат шуни айтишим мумкинки, қолган учрашувларда ҳам майдонга максимал натижа қайд этиш мақсадида тушамиз.

Ростини айтсам, жорий йил мусобақа жадвалида 7-ўринни банд этиб турганимиздан қониқиш ҳосил қилмаяпман. Чунки кўплаб очколарни қўлдан бой бердик. Агар олдинги беллашувларда камроқ очколар йўқотганимизда ҳозирги ҳолатимиз бутунлай бошқача бўларди. Бир томондан олиб қараганда, клубимизнинг жорий мавсумдаги ишлари ёмон кечмаётганидан қониқиш ҳосил қилиш мумкин. Бундан кейин олдинги хатоларни такрорламаслик мақсадида ишлаймиз. Лекин ҳозирда 7-ўринни банд этиб турганимиздан барибир клуб устози сифатида қаноат ҳосил қила олмаяпман.

Бу йилги Суперлигамизнинг мавқеи қандай?

-  Жорий йилда ҳам “Пахтакор”нинг шоҳсупага кўтарилиши деярли аниқ бўлиб қолди. Шундай экан, энди қолган юқори ўринлар учун бошқа клублар ўртасида жиддий кураш кечади. Бундай курашни кузатиш анча қизиқарли. Чунки совриндорлар қаторидан қайси клуб жой эгаллаши ҳаммани қизиқтирмасдан қўймайди. Устига-устак мусобақа жадвалининг қуйи поғоналарини банд этиб турган аутсайдерларнинг тақдири қандай кечиши ҳам барчани бирдек қизиқтиради. Жадвалнинг ўрта поғоналарида бораётганлар эса қолган учрашувларда юқори ўринлардан жой эгаллаш илинжида майдонга тушишади. Ўйлайманки, иккинчи ва учинчи ўринлар учун кураш АГМК ва “Насаф” клублари ўртасида кечади. Шунингдек, “Қўқон-1912” билан “Бунёдкор” жамоалари ҳам мавсумни иложи борича юқори поғоналарда якунлаш пайида бўладилар. Бундан ташқари, “Металлург”да ҳам совриндорлар қаторидан жой эгаллаш имконияти сақланиб турибди. Демак, қолган иккинчи ва учинчи ўринлар учун мана шу юқорида номлари санаб ўтилган жамоалар ўртасидаги кураш жуда қизиқарли кечади, назаримда. Кумуш ва бронза медаллар учун кураш айнан шу клублар ўртасида ҳал бўлиши кўриниб турибди.

Жиззахдаги фаолияти Бақоев учун трамплинми?

-  Ўйлайманки, “Сўғдиёна”да олиб бораётган ишларим мураббийлик фаолиятимнинг янги босқичга кўтарилишда трамплин вазифасини ўтайди. Мураббий мана шундай ўйинларда мағлубиятлар, дуранглар ва ғалабалар қоришмасида ўсиб, шаклланиб боради. Агар мутахассис хатоларни тўғрилаб, уларни такрорламасдан сабоқ оладиган бўлса, албатта ўсишга эришади.

3_1

Ишончини қозонаётган ёки аксинча бўлган футболчилари борми?

-  Жамоамиздаги йигитларнинг ишга бўлган муносабатидан қониқяпман. Улар машғулотларда ва учрашувларда бор кучларини ишга солишяпти. Шундай экан, шогирдларимга умуман эътирозим йўқ. Бу – футбол. Футболда эса ғалабалар билан мағлубиятлар ҳам ёнма-ён юради. Ҳаммасни борлигича қабул қилиш керак. Қўл остимдаги йигитларнинг баридан миннатдор эканлигимни айтишим даркор.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
31/10/2020 12:17
Бакоев эркатойи Насимов унамасдан майдонда айланиб юрса хам кейинги уйинларда тушаверади
Mirali Hcerali
31/10/2020 11:13
Яхши макола бу'либди Шух,ратбек сизга бир савол Бак,оев у'рисми йо у'збек ку'п мак,олаларда у'рисча су'злаяпди