Улуғбек Бақоев собиқ шогирдларини тўпламоқда
Ўтган йилги ажойиб натижадан руҳланган жиззахликлар янги мавсумга астойдил тайёргарлик кўрмоқдалар. «Сўғдиёна» бош мураббийи Улуғбек Бақоев эса таркибга бир қатор янги ижрочиларни жалб этмоқда.
Масалан, «Металлург»дан ҳимоячи Шавкат Муллажоновни таклиф этди. «Бунёдкор»да ўйнаган ярим ҳимоячи Жавоҳир Қаҳрамонов ҳам «Сўғдиёна»дан тушган чорловни қабул қилди. АГМКдан эса Санъат Шиховни ҳам таркибга қўшиб олди. Қолаверса, ўтган мавсумни «Динамо»да ўтказган ҳужумчи Баҳодир Насимов ҳам янги мавсумни «Сўғдиёна»да бошлайдиган бўлиб турибди. Боиси, жиззахликлар устози унга ҳам таклиф билан чиққан.
Эътиборлиси, Улуғбек Бақоев ўз вақтида «Бухоро»ни бошқарганида ушбу ўйинчилар унинг қўли остида тўп суришганди. Шу сабабли Бақоев собиқ шогирдлари билан ҳам «Сўғдиёна»да бирга ишлашни хоҳлаётганга ўхшайди. Дарвоқе, жамоа аъзолари янги мавсумга тайёргарликни Тошкентда бошлайдилар.
Фикрлар