Улуғбек Бақоев: "Холисона фикр юритсак, "Навбаҳор" ғалабага ҳақлироқ эди"
Ўзбекистон Суперлигаси 18-туридан ўрин олган "Сўғдиёна" - "Навбаҳор" учрашувидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида жиззахликлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Наманганликлар бироз устунлик намойиш этганини ҳамма кўрди. Чунки бизнинг тақвим жуда зич, 24 кун ичида 8-ўйинда майдонга тушдик. Инсон организми бунга дош бериши мушкул. Шунинг учун ҳам бу беллашувга аниқ режа ишлаб чиққандик. Рақиб бугунги ўйинга кўпроқ тайёрланди ва менимча, улар кўпроғига лойиқ эди.
1 очко қўлга киритганимизни ютуқ деб ҳисобласак бўлади. Шу сабабли шогирдларимни табриклаб ўтмоқчиман. Энди олдимизда турган учрашувлар ҳақида ўйлашни бошлашимиз лозим.
- Бу баҳс "Сўғдиёна" Суперлигадан кўра кўпроқ ОФК ва Ўзбекистон Кубогига эътибор қаратмоқчилигини исботлагандек кўринди. Бунинг сабаб таркибми?
Йўқ, биласизми, биз учун ҳар бир ўйин муҳим. Бир неча футболчи жароҳат олгани ва ёшларимиз терма жамоалардан чақирув олганини инобатга олсак, ротация ҳам тўлиқ кечмаяпти. Бугунги ўйин режасида 3 та ҳужумкор футболчи билан ҳаракат қилиш бор эди. Шунчаки уларни иккинчи таймда майдонга ташладим ва улар баҳс темпини ошира олди. Кимга қарши майдонга тушишимиздан қатъи назар, кучимизни тенг тақсимлашга ҳаракат қиламиз.
- Сизнинг бошқарувингиздаги "Сўғдиёна" зерикарли футбол намойиш этади деб ҳисоблайсизми?
Барчанинг футболга ўз қараши бор. Мураббий ва жамоа раҳбарларига нима муҳим? Албатта, натижа! Чиройли ўйнаб 15-ўринда юрсангиз, бу кимга ёқади? Биз натижа ва мухлислар учун ўйнаймиз. Бу бизнинг услуб, бизнинг фалсафамиз.
- Бугун жамоангиз кўпроқ дуранг учун ҳаракат қилди. Бу фикрга қўшиласизми?
Таъкидлаганимдек, "Навбаҳор" кучлироқ ўйнади. Аммо биз ҳам ҳаракат қилдик. Холисона фикр юритсак, улар ғалабага ҳақлироқ эди.
- Нима учун дурангга ўйнади? Бугунги ғалаба "Сўғдиёна"нинг чемпионлик пойгасидаги имкониятларини ошириши аниқ эди. Ёки жамоангизнинг кучи ғалаба қозонишга етмасди деб ҳисобладингизми?
24 кун ичида 8-ўйинда майдонга тушганимиз ҳақида айтиб ўтдим. Инсон танаси темир эмас. У 15-20-30 дақиқа ҳаракат қилиши мумкин. Аммо бутун беллашув давомида бир хил темп намойиш эта олмайди. Шунинг учун ҳам биз рокировкага қўл урдик. Албатта, гол уришга ҳаракат қилдик, бироқ бундай бўлмади.
- Ўзбекистон Кубоги ярим финалидан ўрин олган "Навбаҳор"га қарши бўлажак баҳс ҳақида фикрингиз қандай?
Турнир жадвалида ёнма-ён бораётган жамоалар ўртасидаги учрашув қизиқ кечиши аниқ. Наманганда футбол атмосфераси мухлислар билан жуда ажойиб бўлади. Менимча, бизни қизиқарли ўйин кутиб турибди.
- Жамоангизнинг 3 та фронтда кураш олиб бораётгани қийинчилик туғдирмайдими?
Жуда қийин! Тикланиш жараёни анча оғир кечяпти. Шогирдларимнинг барчасига ҳурмат изҳор этаман ва миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Фикрлар