Умар Эшмуродов: Ҳар доим ишончга лойиқ бўлишга ҳаракат қиламан
Қаршининг “Насаф” клуби мавсумни муваффақиятли бошлаган ҳолда учта ўйинда учта ғалабага эришди. Аммо ўтган ҳафтада Термизда “Сурхон”га қарши ўтказилган учрашув иккала жамоа учун ҳам жуда қийин кечди. Бироқ Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги “насаф”чилар мардонавор ўйин кўрсатишди. Ваҳоланки, яна доимгидек мавсум аввалида бу жамоанинг кучига шубҳа билан қараганлар ҳам бор эди. Лекин чемпионатга яқин таркиб яна нисбатан кучайтирилди. Бу борада жамоа етакчиси Умар Эшмуродовнинг “Пахтакор”дан қайтганини айтишимиз мумкин. У ўтган мавсум тугаганидан кейин чемпион жамоа сафига кетганди. Бироқ янги мавсум бошланиши арафасида у барибир Қаршига қайтишга қарор қилди. Натижада Эшмуродов яна “Насаф”нинг етакчиси сифатида ўйинларда иштирок этмоқда. “Сурхон”га қарши баҳсдан кейин у билан суҳбатда бўлдик. Лекин футболчи “Пахтакор” ҳақидаги саволларга ҳозирча жавоб бериш ниятида эмаслигини айтиб биздан узр сўради.
- Аввало “Насаф” жамоасини Термиздаги қийин ва муҳим уч очко билан табриклайман. Сизнингча, ғалаба ниманинг эвазига қўлга киритилди?
- Табрик учун ташаккур. Менимча, “Сурхон” устидан қозонилган ғалабамиз мураббийимиз томонидан танланган тўғри тактиканинг маҳсули бўлди деб ўйлайман. Бундан ташқари, ҳозирги вақтда жамоамизнинг жисмоний ҳолати ҳам рақибимизникига қараганда яхшироқ эканлиги ҳам ғалаба қозонишимизга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади.
- Ўйин турли воқеликларга бой бўлди. Масалан, “Сурхон” етакчиси Шавкат Саломовнинг майдондан четлатилиши ҳам “Насаф”нинг ғалабасига қанчалик таъсир қилди деб ўйлайсиз?
- “Сурхон” футболчилари иккинчи бўлимни яхши бошлашди. Албатта, тан олиш лозимки, четлатиш майдон эгаларига янада қийинчиликлар туғдирди. Лекин улар ўз майдонида мухлислари қаршисида ўйнашаётганди. Балки шунинг учун бўлса керак, рақиб майдонда 10 киши бўлиб қолганидан кейин ҳам бизга босим қилишда давом этди. Аммо уларнинг бундай босимлар ўтказишига ўзимиз ҳам сабабчи бўлиб қолдик деб ҳисоблайман. Баҳс охирларида эса биз пенальтидан фойдаланиб ўйин тақдирини узил-кесил ҳал қилиб қўйишимиз ҳам мумкин эди. Аммо кўрганингиздек, биз ҳаттоки пенальтидан ҳам фойдалана олмадик. Шундай бўлса ҳам якунда ўзимизни қониқтирадиган ҳисобни ўйин охиригача сақлаб қолдик.
- Шунингдек, Термиздаги беллашувда қўполликлар, асаббузарликлар кўп кузатилди. Сиз эса жамоадошларингизни хотиржамликка чорлаб турдингиз. Сизнингча, нима учун ўйинда асаббузарликлар кўп бўлди.
- Ғалаба қозонишни чин дилдан хоҳлайдиган иккита жамоа ўртасидаги ўйин шу тарзда кечиши табиий ҳол, аслида. Умуман олганда, биз майдонга футбол ўйнаш учун тушдикми, демак фақат футбол ўйнашимиз керак. Ўзим ҳам учрашув давомида ҳар хил вақт чўзилишларига мутлақо қаршиман.
- Аммо сардор сифатида ўйин чоғида жамоадошларингизни хотиржамликка чақириб, уларни назоратда ушлаб туриш сизга қийинчиликлар туғдирмадими?
- Йўқ, албатта. Уларга қўлимдан келганича хотиржам ўйнашлари учун ҳаракат қиламан.
- “Насаф” бу йил ҳам асосан маҳаллий тарбияланувчиларига таянмоқда. Шунга қарамай, жамоа мавсумни ғалабалар билан бошлади. Бунинг асосий сабаби нима билан боғлиқ?
- Ҳа, кўз тегмасин, биз мавсумни ғалабалар билан бошладик. Лекин шуни унутмаслик жоизки, ҳали ҳеч нима ютилгани йўқ. Биз яна ишлашда давом этишимиз керак. Жамоадаги ёшларимиз эса ўйиндан-ўйинга ўсиб боришларини истардим.
- Клуб раҳбари “Насаф”нинг бу йил кучли учликка кириши учун курашишини айтганди. Бу кетишда клуб сюрпризлар кўрсатадиганга ўхшайди. Бу борада нима деган бўлардингиз?
- Биз ҳар бир учрашувда фақат ғалаба учун ўйнаймиз. Кўрамиз, мавсум охирида қайси ўринда бўларкинмиз? Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам олдинга қараб интилавериш керак. Аммо ҳозирданоқ бирор нима деб тахмин ёки башорат қилиш яхши эмас.
- Клубдаги иқтидорли ўйинчилардан ташқари таркибга хорижлик легионерлар ҳам қўшилишган. Улар ҳақида фикрингиз қандай? Легионерлар жамоага қанчалик мослаша оляптилар?
- Марко ҳам, Харис ҳам яхши савиядаги легионерлар эканлиги кўриниб турибди. Албатта, ушбу футболчилар жамоамизга мослашиб кетишди. Умид қиламанки, уларнинг жамоамизга ҳали кўп фойдаси тегади. Қолаверса, легионерларнинг ўзлари ҳам “Насаф”га келиб анча-мунча ўсишга эришишади.
- “Пахтакор”дан қайтганингиздан кейин сизга яна сардорлик боғичини ҳам топширишяпти. Бу орқали сизга ишонч ҳали ҳам юқори эканлигини кўрсатишди. Бундай эътиборни кутганмидингиз?
- Тан олишим керакки, бундай бўлишини кутмагандим. Футболчи учун доимо мураббий ва раҳбариятнинг ишончи жуда муҳим. Ҳамма вақт ана шу ишончга лойиқ бўлишга ҳаракат қиламан.
- Умуман айтганда, жорий мавсум олдингидан нимаси билан фарқ қилади деб ўйлайсиз?
- Бу йилги чемпионатдан совринли ўринлар учун кўпроқ жамоалар жиддий курашишини кутяпман.
Фикрлар