Умар "оч бўри", Мераб эса кардио машина! Супер тўқнашувда ким ғалаба қозонади? (Сўровнома)

  • 9 январь, 15:40
  • 0
  • MMA

Хабарингиз бор, 19 январь тонгида "UFC 311" турнири бўлиб ўтади. Мазкур жанг кечасининг 2-асосий тўқнашуви ўта енгил вазн (61,2 кг) тоифасида амалдаги чемпион Мераб Двалашвили ҳамда даъвогар Умар Нурмагомедов ўртасида кечади. Биз ушбу жанг борасида ўзбек ММА олами вакилларининг фикри билан қизиқдик. 

Аюбхон Камалов - ММА жангчиси( легенда)

- Ҳамма бу жангда Умар Нурмагомедовнинг имкониятини юқори баҳолашяпти. Албатта, Умар жуда кучли жангчи ва ажойиб жамоага, мураббийга эга.  Қолаверса, мухлислик жиҳатидан ҳам унга хурматим бор. Лекин Мераб оддий рақиб эмас. У амалдаги чемпион! Кураши жуда кучли. Умар ҳали Мераб каби курашчи билан дуч келмади. Умарга ҳали ҳеч бир рақиби кураш билан босим ўтказмаган. Мераб билан жиддий баҳс бўлади. Курашдаги босим бўлса, Умар бўшашиб кетадими, деган фикрдаман. Кичик устунлик Мераб томонида деб ўйлайман. Имкониятларни 55/45 деган бўлардим. 



Бекзод Долимов - мураббий

- Яхши жанг бўлади. Бир-бирига муносиб рақиблар. Жанг асосан "партер"да кечса керак. Ҳар иккиси тажрибали, мукаммал атлетлар. Тўлиқ 5 раунд жангни кузатамиз. Якунда, Умар очколар ҳисобига зафар қучса керак. Имкониятларни 55/45 деган бўлардим. 



Марат Бекмуратов -менежер (Қирғизистон) 

- Мераб айни вақтда "пик" даврни бошдан кечирмоқда. Умарда бундай рақиб ҳали бўлмаган.  Мераб 5 раунд бир темпда ишлайди. Кучи етмаса босим билан рақибларни чарчатади. Умарнинг жамоаси буни билади ва шунга мос равишда тактика тайёрлашгани аниқ. Техник томондан Умар яхшироқ. Умарни назорат қилиш ҳали ҳеч кимга насиб қилмаган. Хуллас бир-бирига мос рақиблар. Имкониятларни 50/50 деган бўлардим. 

Машрабжон Рўзибоев - ММА жангчиси

- Мени фикримча бу жангда Умар Нурмагомедов ғалаба қозонади. Чунки Мерабнинг кураши ҳақида гапиришяптику, назаримда унинг кураши ўртача ва житсерлик маҳорати ҳам у даражада юқори эмас. Шон билан бўлган жангда ҳам орқасига ўтиб олиб, бўға олмаганди. Агар Умарда шундай ҳолат юзага келса у аниқ "сабмишен"ни амалга оширади. "Стойка"да ҳам Умар анчагина устун. Имкониятлар 60/40 Умар ғалаба қозонади. 

Рамазон Темиров - ММА жангчиси (UFC)

- Қизиқарли жангни гувоҳига айланамиз. Жанг тўлиқ давом этади, деган фикрдаман. Якунда, Умар Нурмагомедов очколарга кўра ғалаба қозонади ва дивизион чемпионига айланади!



Фирдавс Ҳасанов - ММА жангчиси

- Икки ажойиб кураш устасининг қарама-қаршилигини кўрамиз. Мераб жуда кучли ва кардиоси машина. Уни 5 раундлик жангчи деб биламан. Аммо Умар "оч бўри"! У чемпион бўлмаган ва унда мотивация кучли. Имкониятлар 60/40 Умар ғалаба қозонади, деган бўлардим.

Камронбек Ортиқов - ММА жангчиси

Жанг тўлиқ 5 раунд давом этади, деб ўйлайман. Ҳар бир раундда Умар Нурмагомедов устунлик қилади. Мераб Двалашвили бирорта раундда устунлик қила олади, деб ўйламайман. Албатта, бу менинг шахсий фикрим. Аслида нима бўлишини октагон ҳал қилади. Имкониятларни 60/40 дея баҳолаган бўлардим. 



Шукрулло Юлдашев - ММА жангчиси

- Кўпчилик бу жанг тўлиқ давом этишини айтишяпти. Лекин мен бундай деб ўйламайман. Мераб жуда яхши курашчи. Лекин Умардек курашчи билан дуч келмаган. Тўғри, Генри Сехудони ютди. Аммо Умарнинг кураши барибир бошқа даражада деб ўйламан. Уни "партер"да назорат қила олмайди. Жанг узоғи 3 раундда тугайди. Агар, Умар 2-раундда бўғиб қўя олмаса, 3 -раундда техник нокаут билан ғалаба қозонади. Имкониятларни 70/30 дея баҳолайман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!